Конвенцияга қўшилиш қандай имкониятларни очади?
Аввало, халқаро тижорат низолари бўйича медиация натижасида эришилган келишувларни Конвенция иштирокчиси бўлган давлатларда соддалаштирилган тартибда тан олиш ва ижро этиш имконияти пайдо бўлади.
Ўзбекистонлик тадбиркорлар учун бу хорижий ҳамкорлар билан низоларни судга мурожаат қилмасдан, тезроқ ва камроқ харажат билан ҳал этиш учун қўшимча имконият яратади.
Шунингдек, халқаро медиация натижасида эришилган келишувларни ижро этишнинг халқаро-ҳуқуқий кафолатлари кучайтирилади.
Бироқ Конвенциянинг муайян чекловлари ҳам мавжуд. Жумладан, у давлат органлари ёки улар номидан иш юритувчи шахслар иштирокидаги келишувларга татбиқ этилмайди. Шунингдек, Конвенция қоидалари томонлар ундан ўз муносабатларига нисбатан фойдаланишга рози бўлган тақдирдагина қўлланади.
Ўзбекистоннинг Конвенцияга қўшилиши инвесторлар учун ҳуқуқий кафолатларни кучайтириши кутилмоқда. Бу мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ҳам хизмат қилиши мумкин.
Шу билан бирга, мазкур қадам Ўзбекистоннинг халқаро савдо-иқтисодий муносабатлардаги мавқеини янада мустаҳкамлашга қаратилган.
БМТнинг Медиация натижасида эришилган халқаро тижорат келишувлари тўғрисидаги Сингапур конвенциясига 60 дан ортиқ давлат қўшилган. Улар орасида АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Буюк Британия, Япония, Беларусь, Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон каби давлатлар бор.
В. Новиков
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.