«Ўзбекнефтгаз» иши бўйича суд ёпиқ режимга ўтказилди

«Ўзбекнефтгаз» иши бўйича суд ёпиқ режимга ўтказилди

14 август куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Яшнобод тумани суди «Ўзбекнефтгаз» бошқарувининг собиқ раиси Баҳодиржон Сидиқов ва бошқа судланувчиларга нисбатан ишни кўриб чиқишни давом эттирди. Суд жараённи ёпиқ режимда давом эттириш тўғрисида қарор чиқарди, деб хабар бермоқда Gazeta мухбири Шуҳрат Латипов.

Мажлис аввалида раислик қилувчи судья Жасурбек Убайдуллаев Сидиқовнинг адвокати Ҳусановнинг эҳтиёт чорасини ўзгартириш тўғрисидаги илтимосномасини кўриб чиқди.

Олдинги мажлисда ҳимоячи «Ўзбекнефтгаз» собиқ раҳбарининг соғлиғи, шунингдек, Сидиқов депутатлик дахлсизлиги бузилган ҳолда қўлга олингани ҳақидаги важларга асосланиб, унга нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартиришни сўраганди. У қўлга олинган вақтда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси депутати бўлган.

Прокурор илтимосномани қаноатлантиришга қарши чиқди. Бошқа судланувчиларнинг адвокатлари ҳимоячининг сўровини қўллаб-қувватлади ёки қарор қабул қилишни суднинг ихтиёрига қолдирди.

Суд кўриб чиқиш якунлари бўйича адвокатнинг эҳтиёт чорасини ўзгартириш ҳақидаги илтимосномасини қаноатлантирмасдан қолдирди.

Шундан сўнг прокурор суд жараёнини ёпиқ режимга ўтказиш тўғрисида илтимоснома киритди. Унинг сўзларига кўра, муҳокама давомида махфий ҳужжатлар ёки ХДФУ — «хизмат доирасида фойдаланиш учун» белгиси қўйилган материаллар кўриб чиқилмоқда.

Суд жараён иштирокчиларининг фикрларини тинглади. Адвокатларнинг бир қисми прокурорнинг илтимосномасини қўллаб-қувватлади, бошқалари эса қарор қабул қилишни суднинг ихтиёрига қолдирди.

Сидиқовнинг адвокати Ҳусанов илтимосномани фақат қисман қаноатлантиришни сўради. У кўриб чиқилаётган материалларнинг бир қисми махфий эмаслиги ва фақат ХДФУ белгисига эга эканига эътибор қаратди. Ҳимоячи фақат шундай ҳужжатларни ўрганиш вақтидагина мажлисни жамоатчилик учун ёпишни, жараённинг қолган қисмини эса очиқ қолдиришни таклиф қилди.

Бу позицияни Сидиқовнинг яна бир адвокати — Мўминов ҳам қўллаб-қувватлади. Сидиқовнинг ўзи ҳам ўз адвокатларининг позициясини маъқуллади.

«Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раисининг собиқ ўринбосари Бахтиёр Анарқулов ҳам прокурорнинг илтимосномасини қисман қаноатлантириш тарафдори бўлди. Бошқа судланувчилар жараённи ёпиқ режимга ўтказишни қўллаб-қувватлади ёки бу масалани суднинг ихтиёрига қолдирди.

Муҳокама якунлари бўйича суд жиноят ишини кўриб чиқишни ёпиқ режимда давом эттиришга қарор қилди.

Судья қарорни эълон қилгач, фуқаровий жавобгарларга залда қолишлари мумкинлигини айтди. Журналистлар ва ёпиқ жараён иштирокчиси бўлмаган бошқа шахслар мажлисни тарк этди.

Баҳодиржон Сидиқов ва бошқа судланувчиларнинг иши Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан кўриб чиқилмоқда. Жараённи ёпиш тўғрисидаги қарорга қадар мажлислар очиқ режимда ўтган, ОАВ вакиллари залда ҳозир бўлиши ва муҳокамани матнли тарзда ёритиб бориши мумкинди. Gazeta`нинг суд залидан тайёрлаган репортажлари билан қуйидаги ҳаволалар орқали танишишингиз мумкин:

  1. «Ўзбекнефтгаз» собиқ раҳбарларига оид жиноят иши бўйича суд бошланди. Биринчи мажлис қандай ўтди?
  2. «Ўзбекнефтгаз» собиқ раҳбари ўзига қўйилган айбловларни рад этди ва ишнинг 19 эпизоди бўйича кўрсатма берди
  3. «Ўзбекнефтгаз» иши бўйича ўтказилган учинчи суд мажлисида судланувчилар нималар деди? Репортаж

Суд ҳозирча иш бўйича ҳукм чиқаргани йўқ ҳамда айблов ва ҳимоя томонининг важларига якуний баҳо бермади. Айбсизлик презумпцияси тамойилига мувофиқ, судланувчилар уларнинг айби суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан исботланмагунча айбсиз ҳисобланади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.