Асосий ўзгариш шундан иборатки, бир қатор қонунлардаги «президент томонидан тайинланади» ёки «президент билан келишилган ҳолда» каби иборалар умумийроқ бўлган «президент томонидан белгиланадиган тартибда» деган шаклга ўзгартирилмоқда.
Бу лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этишнинг аниқ тартиби энди бевосита қонуннинг ўзида тўлиқ мустаҳкамлаб қўйилмаслигини англатади. Уни президент алоҳида ҳужжат билан белгилайди.
Ўзгартиришлар кучга киргач, «президент билан келишилган ҳолда» деган сўзлар «президент томонидан белгиланадиган тартибда» деган шаклга ўзгартирилади.
Ўзгариш шуни англатадики, қонун эндиликда ҳар бир номзодни бевосита президент билан мажбурий келишишни талаб қилмайди. Бундай тайинлаш ва бўшатиш механизми давлат раҳбари томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.
Ҳозирда Солиқ қўмитаси раисининг ўринбосарлари, шунингдек, Қорақалпоғистон республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри солиқ бошқармалари раҳбарлари бевосита президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Тузатишлардан сўнг улар президент томонидан белгиланадиган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Шу тариқа, қонунда тегишли кадрлар бўйича қарорни шахсан давлат раҳбари қабул қилиши кераклиги ҳақидаги тўғридан-тўғри талаб энди бўлмайди.
Ушбу мансабдор шахсларни лавозимга тайинлаш ва озод этиш ваколатини айнан ким олиши алоҳида тартиб билан белгиланиши керак. Бу президентнинг ўзи ёки у томонидан ваколат берилган бошқа субъект бўлиши мумкин.
Ҳозирда ички ишлар вазирининг ўринбосарлари бевосита президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Янги қонун кучга киргач, улар президент томонидан белгиланадиган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Ички ишлар вазирининг ўзига тегишли норма ўзгаришсиз қолади.
Ҳозирда ушбу қонунда вазирлар ва уларнинг ўринбосарлари президент томонидан лавозимга тайинланиши ва озод этилиши назарда тутилган. Бошқа республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларини ҳам президент тайинлайди, бироқ уларнинг ўринбосарлари давлат раҳбари билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланади.
Тузатишлардан сўнг бу схема ўзгаради.
Барча республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларини илгаригидек президент лавозимга тайинлайди ва озод этади.
Уларнинг ўринбосарлари эса президент томонидан белгиланадиган тартибда лавозимга тайинланади ва озод этилади.
Республика ижро этувчи ҳокимият органларига вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекциялар киради.
Шу тариқа, қонундан вазир ўринбосарларини шахсан президент, қўмита, агентлик ва инспекция раҳбарларининг ўринбосарларини эса президент билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси тайинлаши кераклиги ҳақидаги тўғридан-тўғри талаб чиқариб ташланади.
Бунинг ўрнига барча ўринбосарлар учун ягона формула жорий этилмоқда, унга кўра тайинлаш тартиби ва субъектини президент белгилайди.
Эслатиб ўтамиз, 14 август куни президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида»ги конституциявий қонунни имзолади, у илк бор администрациянинг ҳуқуқий мақоми, вазифалари ва ваколатларини батафсил мустаҳкамлади.
Қонунга кўра, администрация бевосита президентга бўйсунади ва унга ҳисобдордир. У давлат раҳбарининг қарорлари ва топшириқлари ижроси доирасида давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиради, уларнинг ижросини назорат қилади, давлат органлари раҳбарларига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма ва топшириқлар бериши ҳамда мансабдор шахслар фаолияти самарадорлигини баҳолаши мумкин. Унинг ходимлари учун кенгайтирилган дахлсизлик кафолатлари жорий этилмоқда.
Алоҳида қонун Президент администрацияси раҳбарининг ваколатларини кучайтиради. У мамлакатнинг бутун ҳудудида барча давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган фармойишлар ва топшириқлар чиқариши мумкин бўлади.
Шу билан бирга, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунга киритилган тузатишлар билан администрация раҳбарининг фармойишлари мустақил норматив-ҳуқуқий ҳужжат турлари рўйхатига киритилди. Улар, шунингдек, ҳокимлар ва маҳаллий кенгашлар томонидан норматив қарорлар қабул қилиниши учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.