Шавкат Мирзиёев Президент администрацияси тўғрисидаги қонунни имзолади: нималар ўзгаради?

Шавкат Мирзиёев Президент администрацияси тўғрисидаги қонунни имзолади: нималар ўзгаради?

Президент Шавкат Мирзиёев 14 август куни «Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси тўғрисида»ги конституциявий қонунни имзолади. Қонунчилик палатаси қонунни 6 августда қабул қилган, Сенат эса 7 августда маъқуллаган эди.

Ҳужжатга кўра, Президент администрацияси давлат ҳокимияти органларининг жипслашган фаолият кўрсатишини ва ҳамкорлигини таъминлашда давлат раҳбарига кўмаклашадиган, шунингдек, унинг ваколатлари ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий йўналишларда амалга оширилишини таъминлайдиган давлат органи ҳисобланади.

Администрация бевосита президентга бўйсунади ва унга ҳисобдордир. Давлат раҳбарининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ижроси доирасида у давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятини мувофиқлаштиради, президент қарорлари ижроси бўйича мониторинг ва назоратни ташкил этади.

Президент администрацияси вазифалари


Қонунда администрациянинг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар мустаҳкамлаб қўйилган:

  • президент фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлаш;

  • мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожланиши ҳолатини таҳлил қилиш, президент томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий таъминлаш, шунингдек, янги муҳим ташаббусларни ишлаб чиқиш;

  • мамлакатда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, Конституция ва қонунларга риоя этилишини таъминлашга, шунингдек, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга кўмаклашиш;

  • ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, куч тузилмалари, бевосита президентга бўйсунадиган (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, мансабдор шахслар фаолиятини мувофиқлаштириш;

  • давлатнинг ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари, Ўзбекистон суверенитетини ҳимоя қилиш, унинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

  • аҳоли ва тадбиркорлар билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, халқ фаровонлигини ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг президентга мурожаат қилиш ҳуқуқини амалга ошириши учун шароит яратиш;

  • давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан уларнинг демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамияти барпо этишдаги ролини кучайтиришга, умуммиллий тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган самарали ҳамкорликни ташкил этиш;

  • ягона давлат кадрлар сиёсатини амалга оширишни ва давлат хизматини бошқаришни таъминлаш;

  • президент ва администрация ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, президент ваколатларини амалга оширишга кўмаклашувчи консультатив-маслаҳат органлари фаолиятини ташкил этиш, президент томонидан президент ҳузуридаги Xавфсизлик кенгаши фаолияти мувофиқлаштирилишини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий таъминлаш;

  • қонунчилик сиёсати соҳасида президент ваколатлари амалга оширилишини ташкил этиш ва таъминлаш;

  • президентнинг инсон ҳуқуқлари ва Конституцияга риоя этилиши кафили сифатидаги ваколатлари, шунингдек, давлат суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш бўйича ваколатлари амалга оширилишини ташкил этиш;

  • президентнинг давлат ҳокимияти органларининг жипслашган ҳолда фаолият юритишини ва ҳамкорлигини таъминлаш бўйича ваколатлари амалга оширилишини ташкил этиш;

  • халқаро муносабатлар соҳасидаги фаолият билан боғлиқ президент ваколатлари амалга оширилишини таъминлаш;

  • президентнинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишнинг энг муҳим масалалари бўйича Ўзбекистон халқига ва Олий Мажлисга мурожаат қилиш ҳуқуқи амалга оширилишини таъминлаш;

  • президентнинг фуқаролик, сиёсий бошпана бериш, судлар томонидан ҳукм қилинган шахсларни амнистия ва афв этиш масалаларини кўриб чиқиш бўйича ваколатлари амалга оширилишини таъминлаш;

  • қонунлар, президентнинг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари, Администрация раҳбарининг фармойишлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва назорат қилиш, шунингдек, уларнинг амалга оширилишига кўмаклашиш.

Администрация раҳбарининг ваколатлари


Администрацияга президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган раҳбар бошчилик қилади.

Администрация раҳбари:


  • президентнинг давлат раҳбари сифатидаги фаолиятини, шу жумладан, унинг давлат ҳокимияти органларининг жипслашган ҳолда ишлаши ва ҳамкорлигини таъминлаш бўйича ваколатларини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни таъминлайди;

  • президент мувофиқлаштируви остида администрацияга раҳбарлик қилади, унинг бўлинмалари ишини таъминлайди ва унинг фаолиятини ташкил этиш масалалари бўйича фармойишлар чиқаради;

  • қўшимча штат бирликларини жорий этади ва қисқартиради, алоҳида соҳа ва тармоқларни ривожлантириш бўйича лойиҳа офисларини ташкил этади ва тугатади;

  • президентнинг Олий Мажлис палаталари, суд ҳокимияти ва суд ҳамжамияти органлари билан ҳамкорлигини, шунингдек, унинг Вазирлар Маҳкамаси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат қилувчи ва куч тузилмаларига нисбатан ваколатлари амалга оширилишини таъминлайди;

  • бевосита президентга бўйсунадиган ёки ҳисобдор бўлган давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ишини назорат қилади ҳамда мувофиқлаштиради ва улар фаолияти самарадорлигини баҳолашни ташкил этади;

  • ўз ваколатлари доирасида бундай органлар ва ташкилотлар раҳбарларига топшириқлар беради ва уларнинг ижросини ташкил этади;

  • президент учун ахборот-таҳлилий ва ташкилий материаллар тайёрланишини ташкил этади, шунингдек, унга жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалалари бўйича таҳлилий маълумотларни тақдим этади;

  • президент ҳузуридаги консультатив-маслаҳат органлари ишини ташкил этади;

  • президентнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи амалга оширилишини таъминлайди, у томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланишини мувофиқлаштиради, шунингдек, вакиллар орқали президент томонидан Олий Мажлис палаталарига киритилган қонун лойиҳалари кўриб чиқилишида иштирок этади;

  • республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидаги маъмурий ислоҳотларни мувофиқлаштиради ва назорат қилади ҳамда президентга давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади;

  • қонунга кўра президент билан келишувни талаб қиладиган давлат органлари ва ташкилотлари масалалари кўриб чиқилишини ташкил этади;

  • ҳудудий ривожланиш дастурларини мувофиқлаштиради, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини кузатиб боради ва президентга тизимли муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар киритади;

  • президентнинг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ижроси устидан назоратни ташкил этади;

  • республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг президент қарорлари ва топшириқлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботларини эшитади. Уларни лозим даражада бажармаган мансабдор шахсларга нисбатан лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий чораларни қўллашни ташкил этади ва президентга тегишли таклифлар киритади;

  • давлат органларида самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари (KPI) тизимини жорий этиш ва ишлашига кўмаклашади;

  • давлат органлари ва ташкилотлари томонидан киритилган президент фармонлари, қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларининг ҳуқуқий, молиявий, коррупцияга қарши ва бошқа турдаги экспертизасини ташкил этади;

  • жисмоний ва юридик шахсларнинг президент номига йўллаган мурожаатлари билан ишлашни, давлат сиёсати масалалари бўйича жамоатчилик фикри мониторингини ва аҳоли ҳамда бизнеснинг долзарб муаммоларини ўрганишни ташкил этади;

  • президент топшириғига кўра мамлакат ичида ва халқаро даражада унинг манфаатларини ифода этади, музокаралар ва тадбирларда иштирок этади;

  • администрациянинг давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорлигини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий хусусиятга эга фармойишларни имзолайди;

  • президентга давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари лавозимларига номзодлар бўйича, шунингдек, уларни лавозимидан озод этиш бўйича таклифлар киритади;

  • президент томонидан белгиланган тартибда давлат органлари ва ташкилотларининг алоҳида мансабдор шахсларини лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади ҳамда ягона давлат кадрлар сиёсати амалга оширилишини ташкил этади;

  • президент томонидан белгиланган масалалар бўйича халқаро мажбуриятлар бажарилишини мувофиқлаштиради;

  • президент томонидан белгиланган тартибда давлат органлари ва ташкилотларида комплаенс-назорат хизматларини, шунингдек, раҳбар ўринбосарлари ёки комплаенс ва ички коррупцияга қарши назорат бўйича маслаҳатчилар лавозимларини ташкил этади ва тугатади;

  • администрация мажлисларида раислик қилади ва кўриб чиқилган масалалар бўйича топшириқлар баённомаларини имзолайди;

  • Администрация ходимларини қонунчиликда белгиланган тартибда хорижий хизмат хизмат сафарларига юборади.

Администрация раҳбари қонунчиликда назарда тутилган бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Ҳужжатларни ўрганиш, таклифлар тайёрлаш, ўз топшириқлари ижросини ташкил этиш ва назорат қилиш, шунингдек, бошқа вазифаларни бажариш учун администрация раҳбари шартнома асосида мустақил маслаҳатчиларни жалб этиши мумкин.

Администрация раҳбари, шунингдек, президент ҳузуридаги Xавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари бўлади ҳамда унинг аъзолари фаолиятини ташкил этади ва мувофиқлаштиради. Xавфсизлик кенгаши раиси президент ҳисобланади.

Ҳукумат ва ҳокимликлар билан муносабатлар


Администрация президент қарорлари ва топшириқларини бажаришда Вазирлар Маҳкамаси ва унга бўйсунувчи органларнинг идоралараро ҳамкорлигини мувофиқлаштиради, уларнинг ижроси мониторингини ташкил этади ва ҳукумат иши самарадорлиги таҳлилида иштирок этади.

Администрация раҳбари ёки у ваколат берган мансабдор шахс Вазирлар Маҳкамаси, унинг раёсати, комиссиялари, кенгашлари, давлат органлари ҳайъатлари ва бошқа коллегиал органлар мажлисларида ўз позициясини баён қилган ҳолда иштирок этиш ҳуқуқини олади.

Ҳудудларда администрация вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг давлат сиёсатини амалга ошириш ва президент қарорларини ижро этиш масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради, мониторинг қилади ва назорат қилади.

У, шунингдек, ҳудудларнинг иқтисодий, ижтимоий, инфратузилмавий ва экологик ривожланишини, аҳоли турмуш даражасини ва ҳудудлар ўртасидаги тафовутларни таҳлил қилади ҳамда президентга аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар киритади.

Судлар билан ҳамкорлик


Қонуннинг алоҳида моддаси администрациянинг суд ҳокимияти ва суд ҳамжамияти органлари билан муносабатларига бағишланган.

Администрация бундай ҳамкорлик масалалари бўйича президентга таклифлар ва таҳлилий материаллар тайёрлайди, давлат раҳбарининг суд ҳокимияти билан муносабатларда Конституцияда назарда тутилган ваколатлари амалга оширилишини таъминлайди, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни мувофиқлаштиради ва суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

Администрация ходимларининг иммунитети


Қонунда Президент администрациясининг мансабдор шахслари ва бошқарув ходимлари учун алоҳида дахлсизлик кафолатлари назарда тутилган.

Уларнинг дахлсизлиги, жумладан, шахсий ҳаёти, уй-жойи ва хизмат хоналари, шахсий ва хизмат транспорти, алоқа воситалари, ёзишмалари ва электрон маълумотлари, буюмлари ва ҳужжатларига, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига тарқалади.

Администрациянинг мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатишга, жиноий жавобгарликка тортишга, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклайдиган ҳар қандай бошқа процессуал мажбурлов чораларини қўллашга, тезкор-қидирув фаолиятини, суриштирув ва тергов ҳаракатларини ўтказишга, шунингдек, маъмурий қамоқни қўллашга йўл қўйилмайди.

Бошқарув ходимлари ўз вазифалари ва ваколатларини бажариш билан боғлиқ қарорлар, ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик, фикрлар ва топшириқлар учун жиноий, маъмурий ёки фуқаролик жавобгарлигига тортилиши мумкин эмас.

Администрациядаги вазифаларни бажариш ва ваколатларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик учун бошқарув ходимларига нисбатан президентнинг ёзма розилигисиз жиноят иши қўзғатишга, жиноий жавобгарликка тортишга, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклайдиган процессуал мажбурлов чораларини қўллашга, тезкор-қидирув тадбирларини, суриштирувни, тергов ҳаракатларини ўтказишга, шунингдек, суд тартибида маъмурий жазолар ва ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашга йўл қўйилмайди.

Бундай ходимга нисбатан жиноят ишини у администрацияда ишлаётган вақтида ҳам, эгаллаб турган лавозимидан озод этилганидан сўнг ҳам фақат бош прокурор қўзғатиши мумкин. Бундай ишлар Олий судга тегишлидир.

Мансабдор шахслар администрациядан бўшатилгандан сўнг қонунда назарда тутилган дахлсизлик ва иммунитетни умрбод, бошқарув ходимлари эса беш йил давомида сақлаб қолишади. Ушбу кафолатлар бузилган ҳолда олинган далиллар ноmaqbul deb топилади.

Бундан ташқари, администрация мансабдор шахсларига ва уларнинг оила аъзоларига — турмуш ўртоғи, болалари ва ота-онасига президент томонидан белгиланган тартибда умрбод биометрик дипломатик паспортлар берилиши назарда тутилмоқда. Бошқарув ходимлари бундай паспортларни администрацияда ишлаш даврида олишади.

Лавозимдан бўшатилгандан кейинги кафолатлар


Мансабдор шахслар ва бошқарув ходимлари учун администрациядан кетганидан сўнг ишга жойлашиш кафолати ҳам назарда тутилган.

Умумий қоидага кўра, уларга администрацияга ўтишдан олдин эгаллаган лавозимидан камида бир поғона юқори бўлган лавозим берилиши керак. Агар бундай бўш иш ўрни бўлмаса, уларга мутахассислигини ҳисобга олган ҳолда давлат органлари ва ташкилотларида тенгдош ёки камида бир поғона юқори бўлган лавозим устувор тартибда берилади.

Истиснолар, хусусан, администрацияга сайланма лавозимдан ёки президент томонидан ўз фармонлари ва қарорлари билан тайинланадиган лавозимдан келган ходимлар учун, шунингдек, меҳнат интизомини бузгани учун бўшатилганлар учун назарда тутилган.

Қонунда ходимларга ва уларнинг оила аъзоларига хизмат уй-жойи, кафолатланган тиббий ёрдам, санаторий-соғломлаштириш хизматлари ва бошқа ижтимоий қўллаб-қувватлашни тақдим этиш имконияти ҳам назарда тутилган.

Администрацияни молиялаштириш республика бюджетидан ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан амалга оширилади. Унинг ҳузурида бюджетдан ташқари фондлар ҳам ташкил этилиши мумкин.

Конституциявий қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.