Ҳужжат «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартишлар киритади. Ҳозирда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар турлари рўйхатига Конституция, қонунлар, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, президентнинг фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирлик ва идораларнинг буйруқ ҳамда қарорлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари киради.
Илгари ушбу рўйхатда Президент администрацияси раҳбарининг фармойишлари мавжуд эмас эди.
Эндиликда қонуннинг 6-моддаси НҲҲнинг янги тури — Президент администрацияси раҳбарининг фармойишлари билан тўлдирилмоқда. Иерархияга кўра, улар Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирлик ва идораларнинг буйруқ ва қарорлари ҳамда маҳаллий ҳокимият органларининг қарорларидан юқори туради.
Бундан ташқари, қонунга бундай ҳужжатларнинг мазмунини белгиловчи алоҳида 12−1-модда киритилмоқда.
Янги нормага кўра, администрация раҳбари Конституция ва қонунлар, шунингдек, президентнинг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари асосида — уларнинг ижросини таъминлаш ва администрация фаолиятини самарали ташкил этиш учун фармойишлар қабул қилиши мумкин бўлади.
Бундай фармойишлар Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида барча давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар учун бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
Ҳозирда халқ депутатлари кенгашлари ва ҳокимларнинг норматив қарорлари Конституция ва қонунлар, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, президент ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари, шунингдек, юқори турувчи маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари асосида ва уларни ижро этиш юзасидан қабул қилинади.
Ўзгартишлар кучга киргач, ушбу рўйхатга Президент администрацияси раҳбарининг фармойишлари ҳам киритилади.
Бу шуни англатадики, бундай фармойишлар ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашлар томонидан қабул қилинадиган норматив қарорлар учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Бундан ташқари, қонуннинг 36-моддасига киритилган ўзгартишларга кўра, администрация раҳбари фармойишининг расмий матнини администрация раҳбарининг ўзи тасдиқлайди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.