«10 минг корхона учун сунъий интеллект ҳамкор» дастури йўлга қўйилади. Унга кўра, корхоналарда сунъий интеллектни жорий этиш харажатларининг 50 фоизи компенсация қилинади.
Янги маҳсулот ишлаб чиқиш учун сунъий интеллект модели яратишда тадбиркорларга суперкомпьютердан бепул фойдаланиш имконияти берилади. Илмий-тадқиқот ишлари билан боғлиқ харажатлар ҳам бюджет ҳисобидан қопланади.
Тадбиркорлар фойдаланиши учун тайёр сунъий интеллект дастурлари очиқ платформага жойлаштирилади. Дастурнинг биринчи босқичини амалга ошириш учун камида 100 миллион доллар ажратилади.
Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказида биринчи суперкомпьютер кластери ишга туширилган. Келаси йилда унинг ҳисоблаш қувватини уч баравар ошириш режалаштирилган.
Таҳлилларга кўра, замонавий бошқарув ва сунъий интеллект технологияларини жорий этган тадбиркорларнинг 54 фоизида маҳсулотларга талаб сезиларли ошган. Корхоналарнинг 25 фоизида таннарх пасайган, 40 фоизида даромад ўсиши натижасида ходимлар иш ҳақи 10 фоиздан кўпроқ ошган.
Шунингдек, тўқимачилик саноатидаги тажриба электротехника, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат саноатига ҳам татбиқ этилади. Ушбу корхоналарда автоматлаштирилган бошқарув тизимларини жорий этиш харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.