21 август куни туман Кенгаши сессиясида ташкилий масала кўриб чиқилди. Бунга қадар Пешку тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Ҳаёт Давлатов Бухоро вилояти ҳокимининг қурилиш, тўсиқсиз муҳит яратиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинлангани муносабати билан лавозимидан озод этилди.
Шундан сўнг вилоят ҳокими Ботир Зарипов 2020 йилдан бери вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаётган Анвар Ҳамроев номзодини Пешку тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги қарорни ўқиб эшиттирди. Номзод депутатлар томонидан маъқулланиб, Анвар Ҳамроев туман ҳокими этиб тасдиқланди.
Анвар Ҳамроев 1978 йилда Бухоро туманида туғилган. У Бухоро кооператив техникуми ва Бухоро давлат университетини тамомлаган, мутахассислиги — молиячи ва иқтисодчи.
У меҳнат фаолиятини Бухоро тумани статистика бўлими мутахассиси лавозимида бошлаган. Кейинчалик Бухоро тумани бандликка кўмаклашиш маркази директори, Когон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари ва вилоят ҳокимлиги бошқарув аппарати котибияти мудири лавозимларида ишлаган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.