Озарбайжон президенти 23 август куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади

Озарбайжон президенти 23 август куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади

Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 23−24 август кунлари давлат ташрифи билан мамлакатга келади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида олий даражадаги музокаралар ҳамда Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишини ўтказиш режалаштирилмоқда.

Саммит кун тартибидан Ўзбекистон — Озарбайжон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари ҳам ўрин олган.

Шунингдек, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, ишбилармон доиралар ва ҳудудлар ўртасидаги кооперацияни чуқурлаштириш, транспорт-транзит соҳасидаги имкониятлардан самарали фойдаланиш, фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш масалалари диққат марказида бўлади, дейилади хабарда.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашади, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилади.

Музокаралар якунида ҳужжатлар тўпламини имзолаш ҳамда қатор иқтисодий ва гуманитар лойиҳаларни ишга тушириш кўзда тутилган. Айни кунларда Ўзбекистонда икки мамлакат ҳудудлари форуми ҳамда бошқа қўшма тадбирлар ўтказилаётгани қўшимча қилинди.

Илҳом Алиев сўнгги бор Ўзбекистонга минтақа давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун 2025 йил ноябрь ойида келганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.