18 август куни Омонатларни кафолатлаш агентлигида Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Фискал департаменти делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Омонатларни кафолатлаш агентлиги бош директори Улуғбек Ҳамдамов, ХВЖ миссияси раҳбари, Фискал департамент катта иқтисодчиси Аманда Сайе, давлат молияси ва фискал хатарларни бошқариш бўйича минтақавий маслаҳатчи Янник Вел, давлат молиясини бошқариш соҳаси эксперти Магдалена Томчинска-Смит, шунингдек, Агентликнинг тегишли бўлинмалари вакиллари иштирок этди.
Учрашувда Агентлик раҳбарияти ХВЖ делегациясига Агентлик фаолияти, омонатларни кафолатлаш тизимининг асосий кўрсаткичлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида»ги қонуни қабул қилинганидан кейинги асосий ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.
Хусусан, томонлар омонатларни кафолатлаш тизимининг қамровини кенгайтириш ҳамда аввалги ва янги моделлар ўртасидаги асосий фарқларни муҳокама қилди.
Учрашувда Омонатларни кафолатлаш жамғармасининг молиявий барқарорлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар Жамғарма инвестиция сиёсати ва маблағларини бошқариш масалаларини ҳам батафсил муҳокама қилди.
Муҳокаманинг яна бир йўналиши кафолат мажбуриятлари билан боғлиқ хатарларни баҳолаш ва бошқариш тизими бўлди. Агентлик вакиллари омонатларни кафолатлаш тизимини стресс-тестдан ўтказиш, сценарийли моделлаштириш ва банкларни баҳолашнинг рискка йўналтирилган механизмларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
ХВЖ делегациясига кафолат ҳолати юзага келганда омонатчиларга компенсация тўловларини амалга ошириш бўйича Агентликнинг амалий тажрибаси ҳам тақдим этилди. Бунда қўлланиладиган ташкилий ва молиявий механизмлар муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни изчил давом эттириш ва ўзаро тажриба алмашинувини кенгайтиришга келишиб олди.
Бунда омонатларни кафолатлаш тизимини институционал ривожлантириш, унинг молиявий ва операцион барқарорлигини мустаҳкамлаш, хатарларни бошқариш механизмларини такомиллаштириш ҳамда фаолият шаффофлигини ошириш асосий йўналишлар сифатида белгиланди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.