Унинг сўзларига кўра, бундай шароитда Ўзбекистон «очиқлик», «қўшнилар билан яхши муносабатлар» ва «дунё билан мулоқот» йўлини танлаган.
«Очиқлик заифлик эмас. Аксинча, тинчлик учун ҳаракат қилиш, келажак олдида масъулиятни зиммасига олишдир», — деди Саида Мирзиёева.
Саида Мирзиёева халқаро майдонда давлатлардан «қайси томонда эканини» танлаш талаб қилинаётганини қайд этиб, Ўзбекистоннинг бу борадаги позициясини қуйидагича ифодалади.
«Бу саволга Ўзбекистоннинг жавоби аниқ. Биз инсоният томонидамиз», — деди Саида Мирзиёева.
У билим олиш, касб эгаллаш ва ўз келажагини ўзи белгилашни истаётган ёшлар манфаатини алоҳида таъкидлади.
«Давлатнинг қудрати, аввало, инсон қадрини, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини қанчалик ҳимоя қила олиши билан белгиланади», — деди ПА раҳбари.
Унинг қайд этишича, Ўзбекистон тинчлик, тараққиёт ва инсон қадрини бир-биридан ажратилган уч мақсад эмас, балки ягона вазифа сифатида кўради.
Саида Мирзиёева энг қудратли давлатларнинг ўзи ҳам глобал муаммоларни якка ҳолда ҳал қила олмаслигини, таҳдидларнинг давлат чегараларида тўхтаб қолмаслигини таъкидлади.
«Бизга фақат қарор қабул қиладиган эмас, қарорларни амалга оширишга қодир БМТ керак. Бизга ҳар бир давлатнинг овози эшитиладиган БМТ керак», — деди Саида Мирзиёева.
Ўзбекистон БМТ бош котибининг ташкилотни замон талабларига мослаштиришга қаратилган «БМТ 80» ташаббуси доирасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши билдирилди.
Шунингдек, Ўзбекистон БМТ Хавфсизлик кенгаши таркибини замонавий воқеликдан келиб чиқиб кенгайтириш тарафдори экани маълум қилинди.
«Бу масъулиятни биз қарама-қаршиликлар кучайган бир пайтда мулоқот учун янги майдон яратиш имконияти деб биламиз», — деди Саида Мирзиёева.
Шунингдек, Ўзбекистон 2035−2036 йиллар учун БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига ўз номзодини илгари сургани маълум қилинди. Саида Мирзиёева БМТга аъзо давлатлардан ушбу номзодни қўллаб-қувватлашни сўради.
Халқаро ҳуқуқ масаласида эса Ўзбекистоннинг позицияси қатъий экани таъкидланди.
«Биз учун халқаро ҳуқуқ манфаатга қараб ўзгарадиган восита эмас. У барча давлатлар учун умумий қоида. Қоида умумий бўлмаса, адолат ҳам умумий бўлмайди», — деди Саида Мирзиёева.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси натижасида минтақадаги муҳит ўзгарган.
«Биз бир-биримизга рақиб эмас, шерик сифатида қарай бошладик», — деди Саида Мирзиёева.
Афғонистон масаласида Ўзбекистоннинг ёндашуви ҳам нутқда алоҳида қайд этилди. Саида Мирзиёева Афғонистонга фақат хавф манбаи сифатида қараш муаммони ҳал қилмаслигини, афғон халқини муаммолари билан ёлғиз қолдириш ҳам ечим эмаслигини айтди.
«Уларга тинч ҳаётга эришиш учун умид, ишонч берилиши керак», — деди ПА раҳбари.
«Бола — давлатнинг энг катта масъулияти. Бола соғлом туғилмаса, сифатли таълим ололмаса, биз бир инсоннинг эмас, бутун жамиятнинг келажаги хавф остига қўйган бўламиз», — деди Мирзиёева.
Унинг таъкидлашича, бола соғлом туғилмаса ёки сифатли таълим ололмаса, бу фақат бир инсоннинг эмас, балки бутун жамият келажагининг хавф остида қолишига олиб келади.
БМТ Аҳолишунослик жамғармаси билан демографик барқарорлик ва инсон капитали масалаларига бағишланган юқори даражадаги мулоқот ўтказилиши, октябрь ойида эса Самарқандда халқаро ҳамжамиятни болалар фаровонлиги ва саломатлиги масаласи атрофида бирлаштириш режалаштирилгани ҳам айтилди.
Ўзбекистонда қуриган денгиз тубида яшил ҳудудлар барпо этилаётгани, сув тежовчи технологиялар кенг жорий қилинаётгани қайд этилди.
Шунингдек, 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия улушини 54 фоизга етказиш мақсади борлиги маълум қилинди.
«Биз Оролбўйи фақат экологик фожиа рамзи бўлиб қолишини истамаймиз. У экологик ечимлар синовдан ўтадиган ҳудудга айланиши керак», — деди ПА раҳбари.
Саида Мирзиёева Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси 2027−2036 йилларни ўрмонзорлаштириш ва ўрмонларни қайта тиклаш бўйича ҳаракатлар ўн йиллиги деб эълон қилганини эслатиб, энди ушбу қарорни амалий ишлар билан тўлдириш вақти келганини айтди.
Саида Мирзиёева бугун инсоният яна бир «улкан инқилобий ўзгариш» қаршисида турганини айтиб, сунъий интеллект билан боғлиқ асосий саволни ўртага ташлади.
«Технология инсонга хизмат қиладими ёки инсон технологияга мослашишга мажбур бўладими? Бироқ, тамойил аниқ бўлиши керак. Технологик тараққиётнинг марказида инсон ва унинг тақдири туриши шарт», — деди Мирзиёева.
У технологик тараққиёт марказида инсон ва унинг тақдири туриши кераклигини таъкидлади.
Нутқда сунъий интеллект ва рақамли трансформация инсон ҳуқуқлари, хавфсизлик, тенг имконият ва жавобгарлик билан чамбарчас боғлиқ бўлиши кераклиги қайд этилди.
«Технологик тараққиёт инсонни қарам қилишга эмас, аксинча, ҳаётини яхшилашга хизмат қилиши керак», — деди Саида Мирзиёева.
Ўзбекистон бу борада халқаро мулоқотни кучайтириш тарафдори экани билдирилди.
«Ҳокимият қонундан устун эмас. Судга мурожаат қилган ҳар бир инсон, кимлигидан қатъий назар, адолат қарор топишига ишониши шарт», — деди Саида Мирзиёева.
У судга мурожаат қилган ҳар бир инсон, ким бўлишидан қатъи назар, адолат қарор топишига ишониши кераклигини таъкидлади.
Шунингдек, Тошкент халқаро молия марказида инглиз ҳуқуқи тамойилларига асосланган алоҳида халқаро тижорат суди ташкил этилаётгани маълум қилинди.
Нутқда болалар меҳнати ва тизимли мажбурий меҳнатга барҳам берилгани, оиладаги зўравонлик учун жавобгарлик кучайтирилгани ҳам қайд этилди.
Аёллар ҳуқуқи ва имкониятларини кенгайтириш масаласида эса тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлашнинг алоҳида тизими яратилгани айтилди. Парламент аъзоларининг 39 фоизи аёллар ташкил этилиши маълум қилинди.
Нутқда ижтимоий тармоқлар ва сунъий интеллект орқали нафрат, адоват ва стереотиплар тез тарқалаётган бир шароитда маданиятлар ва динлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш зарурлиги ҳам таъкидланди.
Ўзбекистон маърифат ва бағрикенгликни мустаҳкамлашга қаратилган халқаро ҳамкорликни давом эттириши айтилди.
«Биз ҳаммамиз инсон қадри устувор бўлган дунёда яшашни истаймиз. Биз фарзандларимизга ҳозиргидан кўра яхшироқ дунё қолдиришни истаймиз. Инсон қадри юксак бўлган дунё», — деди у.
Унинг таъкидлашича, келажак давлатларни улар эга бўлган имкониятлар эмас, балки бу имкониятлардан қандай фойдалангани билан баҳолайди.
«Ўзбекистон халқи ва президенти тинчлик, бирдамлик, ишонч ва инсон қадри устувор бўлган дунё барпо этилишига ўз ҳиссасини қўшишига тайёр», — дея нутқини якунлади Саида Мирзиёева.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.