Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Қирғизистон билан «Кесканёр» чегара постини очиш бўйича келишувга эришилган. Уч ойда унинг лойиҳасини ишлаб чиқиб, қурилишни бошлаш вазифаси қўйилди.
Янги чегара пости юк ташиш ҳажмини 2−3 карра ошириш ва муддатини бир ҳафтага қисқартиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, йиғилишда келгуси йил Тошкент — Андижон пулли автомобиль йўлини қуриш бўйича амалий ишлар бошланиши қайд этилди.
Бундан ташқари, янги транспорт оқимига мос равишда 78 километрли Хонобод — Андижон пулли автомобиль йўлини лойиҳалашга киришилади.
Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темирйўли ишга туширилганидан кейин логистика соҳаси ривожланишига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Президент келтирган ҳисоб-китобларга кўра, янги темирйўл ҳисобига юк ташиш ҳажмини 10 карра ошириб, йилига 15 миллион тоннага етказиш имкони пайдо бўлади.
Шу муносабат билан йил якунигача Қўрғонтепа ва Хонободдаги 300 гектар майдонда 600 млн долларлик логистика комплекси лойиҳасини бошлаш топширилди.
Президент сентябрь ойидан Тошкент — Андижон тезюрар поезди йўлга қўйилганини эслатди. Бунинг натижасида шаҳарлар ўртасидаги сафар вақти 6 соатдан 4 соатга қисқарди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.