Бюджет ташкилотлари ходимлари, ўқувчи, талаба ва пенсионерлар учун киберҳужумлардан ҳимоя қилиш дастури ишга туширилади

Бюджет ташкилотлари ходимлари, ўқувчи, талаба ва пенсионерлар учун киберҳужумлардан ҳимоя қилиш дастури ишга туширилади

Андижон вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва кибержиноятларнинг олдини олишда рақамли технологиялардан кенгроқ фойдаланиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 24 сентябрь куни Андижондаги йиғилишда маълум қилди.

Андижон шаҳри, Шаҳрихон ва Андижон туманлари ички ишлар органлари раҳбарларига рақамлаштириш ва кибержиноятларга қарши курашиш бўйича ўринбосарлар тайинланади.

Улар сунъий интеллект ёрдамида кўча камералари маълумотларини таҳлил қилади ҳамда безорилик, ўғрилик ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича ечимлар ишлаб чиқади.

Бундан ташқари, киберҳужумлардан ҳимоя қилиш дастурини ишлаб чиқиш топширилди. Унинг доирасида бюджет ташкилотлари ходимлари, мактаб ўқувчилари, талабалар ва пенсионерларнинг киберхавфсизлик соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш кўзда тутилган.

Йил охиригача ушбу тажрибани мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам оммалаштириш топширилди.

Ички ишлар вазирлиги тизимини рақамлаштириш 2025−2027 йилларга мўлжалланган дастур доирасида амалга оширилмоқда. У ҳуқуқбузарликларни таҳлил қилиш ва прогноз қилишда сунъий интеллектни кенг жорий этишни назарда тутади. Барча ҳудудий ички ишлар бошқармаларида ҳудудларни онлайн мониторинг қилиш ҳамда жиноятларни «иссиқ изидан» фош этишда сунъий интеллектдан фойдаланиш имконини берувчи «Қалқон» тизими ишламоқда.

Ҳокимият органлари кибержиноятчиликка қарши курашни ҳам кучайтирмоқда. Март ойида президентга тақдим этилган маълумотларга кўра, сўнгги олти йил ичида бундай жиноятлар бўйича мурожаатлар сони 48 бараварга ошган, 2025 йилда жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарар эса 2 триллион сўмдан ошган.

Март ойида президент Ўзбекистоннинг 2030 йилгача мўлжалланган Киберхавфсизлик стратегиясини тасдиқлаганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.