Африка қитъасидаги илк Олимпиада Жанубий Африкада бўлиши мумкин

Африка қитъасидаги илк Олимпиада Жанубий Африкада бўлиши мумкин

Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) 2036 ёки 2040 йилги ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига мезбонлик қилиш учун расман ариза топширди. Халқаро Олимпия Қўмитаси (ХОҚ) 2036 йилги мусобақа мезбонини 2029 йилнинг ўрталарида эълон қилиши кутилмоқда.

29 октябрь, пайшанба куни ЖАР Спорт конфедерацияси ҳамда Олимпия ва Паралимпия қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Лвандиле Симелане мамлакат номидан Дурбан шаҳри асосий номзод сифатида кўрсатилганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, гарчи Дурбан асосий марказ бўлса-да, бу мамлакат бўйлаб “кўп шаҳарлик” таклиф бўлиши кутилмоқда ва баъзи тадбирлар бошқа шаҳарларда ҳам ўтказилади.

Маълумот учун, даъвогар шаҳарлар рўйхатидан ЖАРнинг йирик иқтисодий марказлари ҳисобланган Йоханнесбург ва Кейптаун ҳам жой олган эди. Бироқ якунда мамлакатнинг учинчи йирик шаҳри — Ҳинд океани соҳилида жойлашган 4 миллион аҳолига эга Дурбанга ишонч билдирилди.

Дурбан бундан ўн йилдан кўпроқ вақт олдин — 2010 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатидан кейин (қитъадаги илк мундиал) ҳам Олимпиада мезбонлигига номзод сифатида кўрилган, бироқ харажатлар масаласидаги хавотирлар сабабли расмий ариза берилмаган эди. Қолаверса, шаҳар молиявий кафолатлар тақдим эта олмагани учун 2022 йилги Ҳамдўстлик ўйинлари мезбонлигидан ҳам маҳрум қилинганди.

Расмийларнинг маълум қилишича, Олимпиадани ўтказиш ЖАР учун қанчага тушиши ҳақида аниқ ҳисоб-китоблар ҳали мавжуд эмас. Аммо таъкидланишича, таклиф этилаётган олимпия лойиҳасининг асосий маркази 2010 йилги Жаҳон чемпионати учун махсус қурилган 56 минг ўринли “Мозес Мабҳида” стадиони бўлади.

ЖАР айни пайтда 2036 йилги Олимпия ўйинлари мезбонлиги учун даъвогарлик қилаётган етти мамлакатдан бири ҳисобланади. Улар қаторида Ҳиндистон, Қатар, Жанубий Корея, Германия, Венгрия ҳамда Туркия ҳам бор. ХОҚ Миллий олимпия қўмиталарига ариза топшириш учун 31 октябрни сўнгги муддат сифатида белгилаган.

Келаси ой даъвогар мамлакатлар ХОҚ вакилларига ўзларининг виртуал тақдимотларини намойиш этиб, расмий жараённи бошлаб беришади. Ҳал қилувчи босқич эса март ойида бўлиб ўтади — шу вақтда ХОҚ кенгаши қисқартирилган номзодлар рўйхатини тасдиқлайди.

Агар ЖАР ушбу курашда ғолиб чиқса, у замонавий Олимпия ўйинлари тарихида (1896 йилдан буён) ёзги мусобақаларга мезбонлик қилган илк Африка давлатига айланади.

Манба: daryo.uz

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.