«Иқлим муаммоларига ҳеч бир давлат ёлғиз ҳолда ечим топа олмайди. Марказий Осиёда музликларнинг эриши, сув танқислиги, қурғоқчилик каби хатарларнинг кўлами ортмоқда. Умумий таҳдидлар минтақа давлатларидан муштарак ҳаракатларни талаб қилади», — дея таъкидлади у.
Давлат раҳбари ушбу ташаббус доирасидаги ҳамкорликни учта асосий йўналишдан бошлашни таклиф қилди.
Биринчиси — ахборот йўналиши. Бу борада Жаҳон метеорология ташкилоти кўмагида иқлим хавф-хатарлари тўғрисида маълумот алмашиш инфратузилмасини яратиш зарур.
«Дастлабки босқичда табиий офатлар пайтида тезкор чора-тадбирлар кўриш учун эрта огоҳлантириш тизимини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ. Навбатдаги муҳим қадам — секин-аста юзага келадиган табиий офатларни мониторинг қилиш бўйича кўрсаткичлар ва уларга асосланган қўшма механизмларни шакллантиришдан иборат», — деди президент.
Иккинчиси — технологик йўналиш. «Яшил» технологиялар тупроқни қайта тиклаш, қурғоқчил ҳудудларда углеродни ютиш, чанг ва қум бўронларига қарши курашишда ёрдам беради.
Ҳар йили Марказий Осиёнинг Eco Expo кўргазмаси ўтказилаётгани айтилди. «Унда илғор тажриба, истиқболли инновациялар билан ўртоқлашяпмиз. Биз бу кўргазмани минтақамизга мос замонавий экологик ечимлар берадиган доимий инвестиция ва технологиялар майдонига айлантиришни мақсад қилганмиз», — деди Мирзиёев.
Учинчиси — молиявий йўналиш. «Марказий Осиё маҳаллий шароит ва эҳтиёжлар ҳисобга олинадиган барқарор молия манбаларига муҳтож. Бу борада тараққиёт банклари ва мақсадли жамғармалар билан биргаликда Марказий Осиё учун янги кўмак воситалари — имтиёзли грантлар, шунингдек, „мовий“ ва „арид“ молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқишни таклиф этамиз», — дея таъкидлади давлат раҳбари.
У конференцияда иштирок этаётган барча мамлакатлар ва халқаро тузилмаларни Иқлим интеграцияси моделини амалий мазмун билан бойитишга чақирди.
«Биз янги тараққиёт моделимизни „яшил“ технологиялар асосида, табиий ресурслардан оқилона фойдаланган ҳолда қуряпмиз. Иқтисодиёт тармоқларида углерод сарфини жадал суръатда камайтиряпмиз», — деди у.
Шавкат Мирзиёевнинг қайд этишича, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган газ чиқиндиларини 35 фоизга қисқартириш борасидаги мақсадини муддатидан олдин бажарди. Унинг эслатиб ўтишича, 2035 йилга бориб зарарли чиқиндиларни 50 фоизга камайтириш бўйича янги марра белгиланган. Шунингдек, яқин 4 йилда Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларининг улуши 54 фоизга етказилади.

2027 йилдан Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилади.
«Трансчегаравий ҳавзаларни бошқаришдек масъулиятли вазифани юқори савияда амалга оширишга тайёрмиз. Шу билан бирга, ерларни кенг кўламда қайта тиклаш ишларини олиб боряпмиз. Мамлакатимизда ўрмонлар майдони 6 миллион гектарга кўпайтирилди, унинг учдан бир қисми Оролбўйи ҳудудига тўғри келади», — деди президент.
Бундан ташқари, 3 миллиард доллардан ортиқ инвестиция йўналтириладиган «Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси» жорий этилгани қайд қилинди.
Шунингдек, президент ёшлар масаласига ҳам тўхталди. «Мамлакатимизда болаларнинг экологик тарбияси оила, маҳалла ва мактаб фаолиятининг уйғунлиги асосида йўлга қўйилган. Ёш авлодга сувни тежаш, дарахтларни парвариш қилиш, атроф-муҳитни тоза ва озода сақлаш боғчаданоқ ўргатилади», — деди у.

Шавкат Мирзиёев иқлим муаммоларига ҳеч бир давлат ёлғиз ҳолда ечим топа олмаслигини айтди.
Марказий Осиёда музликларнинг эриши, сув танқислиги, қурғоқчилик каби хатарларнинг кўлами ортаётгани, умумий таҳдидлар эса минтақа давлатларидан муштарак ҳаракатларни талаб қилиши қайд этилди.
Шу боис у Марказий Осиёнинг Иқлим интеграцияси моделини ривожлантириш ташаббусини илгари сурди. Ушбу ҳамкорликни учта асосий йўналишдан бошлаш таклиф қилинди.
COP31 Туркия ва Австралия ҳамраислигида бўлиб ўтмоқда. Форумда 90 дан ортиқ давлатнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари, етакчи халқаро ташкилотлар ва молия институтлари раҳбарлари иштирок этмоқда. Саммит доирасида Шавкат Мирзиёев давлат ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан бир қатор учрашувлар ўтказди.
Ўзбекистон миллий павильони «Узумзор — ўтмиш мероси, бугунги ечим, келажак учун илҳом» ғояси асосида тайёрланган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.