Ҳужжатда 2016−2017 йиллардаги ислоҳотлар бошлангани ва 2019−2022 йилларда 36 поғонага ўсиш кузатилганидан сўнг, 2024 йилдан буён мамлакат рейтинги 14 поғонага пасайганидан хавотир билдирилган. «Газета.uz» 2026 йилда RSF ОАВ эркинлиги билан боғлиқ вазиятни «жуда мураккаб» деб баҳолаб, Ўзбекистонга 180 та мамлакат орасида 147-ўринни бергани ҳақида ёзган эди.
«Биринчидан, мамлакатда мустақил хусусий телевидение тармоқларининг етарли даражада шаклланмагани, давлатга қарашли радиоэшиттириш воситаларининг асосан расмий ахборот ва тарғибот материалларини ёритиш билан чекланиб қолаётгани айтиб ўтилган.
Иккинчидан, оммавий ахборот воситалари фаолияти устидан давлат назоратининг юқори даражада сақланиб қолаётгани ҳамда айрим блогерларнинг давлат органлари билан яқин алоқада экани келтирилган.
Учинчидан, оммавий ахборот воситалари ва журналистлар фаолиятини чекловчи қонунчилик нормаларини қайта кўриб чиқишга қаратилган ислоҳотлар етарли даражада амалга оширилмаётгани қайд этилган.
Тўртинчидан, айрим ҳолатларда мансабдор шахслар томонидан иқтисодий босим ўтказиш ва журналистларга таъсир кўрсатишга уринишлар сақланиб қолаётгани кўрсатиб ўтилган.
Бешинчидан, расмий оммавий ахборот воситаларида коррупция билан боғлиқ ҳолатлар чекланган даражада ёритилаётгани айтиб ўтилган".
«Шу билан бирга, — дея қайд этади Сенат, — мамлакатимизда сўнгги йилларда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, журналистларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда ахборот соҳасидаги ижобий ўзгаришлар ҳисоботда етарлича инобатга олинмаган».
Ҳужжатда рейтингни яхшилаш учун масъул бўлган Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги 2025 йилда тугатилгани эслатиб ўтилган. Янги масъуллар сифатида Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси, шунингдек, Президент администрацияси ҳузуридаги ОАВ учун контент тайёрлаш маркази ва Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ кўрсатилган.
Ўрганиш якунлари бўйича гуруҳга қонунчиликни такомиллаштириш, давлат органлари очиқлигини ошириш, журналистларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва ОАВ мустақиллигини таъминлаш бўйича аниқ таклифлар тайёрлаш топширилди. У «ахборот олишдаги тўсиқлар, уларнинг касбий фаолиятига аралашиш, иқтисодий босим ва хавфсизлик» билан боғлиқ муаммоларни тизимлаштириш учун журналистлар, блогерлар ва экспертлар билан учрашувлар ўтказиши лозим.
Журналистларга нисбатан таҳдидлар, босим, зўравонлик ва уларнинг касбий фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатлари бўйича идоралараро ахборот алмашинувини, шунингдек, хорижий журналистлар, халқаро медиаташкилотлар ва экспертлар билан мулоқотни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
ОАВ учун контент тайёрлаш марказига Матбуот эркинлиги индексидаги мамлакат кўрсаткичларига таъсир этувчи омиллар бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилаётган натижалар ҳақида мунтазам равишда таҳлилий материаллар тайёрлаш топширилди. Ушбу материалларни нуфузли халқаро нашрлар ва рақамли медиаканалларда эълон қилиш режалаштирилмоқда.
Биринчидан, индексда Ўзбекистон тўғрисидаги «маълумотларнинг холисона тақдим этилиши»га эришиш ҳамда матбуот эркинлиги соҳасида RSF ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш режалаштирилмоқда. Бунинг учун ислоҳотларни мунтазам ёритиб бориш ҳамда ОАВ соҳасидаги қонунлар, суд қарорлари ва журналистларнинг аҳволи ҳақида маълумотлар эълон қилиб бориш кўзда тутилган.
«Чегара билмас мухбирлар»га «2026 йилги ҳисоботда мавжуд бўлган фактик хатолар юзасидан фактологик жиҳатдан асосланган далиллар келтирилган» мурожаатнома юборилади. Халқаро ташкилотлар Ўзбекистондаги конференция ва давра суҳбатларига таклиф этилади, уларнинг мустақил журналистлар билан эркин учрашувларини ташкил этиш мўлжалланмоқда.
Шунингдек, мамлакат ҳақида материаллар тайёрлаш учун етакчи хорижий ОАВлар, кенг аудиторияга эга блогерлар ва инфлюенсерларни Ўзбекистонга таклиф қилиш режалаштирилмоқда.
Очиқликнинг ягона стандартларини ишлаб чиқиш ва раҳбарларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини KPI асосида баҳолаш тизимини жорий этиш орқали давлат органлари, хусусан, ИИВ тизимининг очиқлигини ошириш вазифаси қўйилди. Коррупция ҳолатларининг эркин ёритилишини, шунингдек, ижтимоий тармоқлар ва ОАВдаги хабарларга тезкор муносабат билдирилишини таъминлаш кўзда тутилган.
Журналистлар ва блогерларни жиноий таъқиб қилиш ҳолатларини ўрганиш, шунингдек, озодликка чиққан журналистларнинг ҳуқуқий мақоми ва уларни реабилитация қилиш масалаларини кўриб чиқиш режалаштирилмоқда.
Ҳар йили мустақил ташкилотлар ёки халқаро ҳамкорлар иштирокида журналистлар ўртасида ўз-ўзини цензура қилиш, босим ва хавфсизлик масалалари бўйича аноним сўровлар ўтказилади.
ОАВ ва блогерлар фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар халқаро стандартларга мувофиқлиги юзасидан инвентаризация ва таҳлил қилиниши кутилмоқда.
Журналистлар ва блогерларга нисбатан босим, онлайн таъқиб ва таҳдидларнинг олдини олиш, шунингдек, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш механизмларини яхшилаш топширилди.
Сўз эркинлиги, ОАВ ва журналистика соҳасидаги янги ислоҳотларни белгилаш учун мақсадли тадқиқот ўтказиш мўлжалланмоқда.
Журналистлар уюшмаси ҳузурида мурожаат қилувчиларнинг махфийлигини таъминлаган ҳолда, мустақил адвокатлар иштирокида ҳуқуқий маслаҳат бериш ва юридик ҳимояга йўналтириш хизматини очиш режалаштирилмоқда.
Сўз эркинлигининг мустақил мониторингини жорий этиш, ОАВнинг ўзини ўзи тартибга солиш механизмларини ривожлантириш ва медиаомбудсман институтини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши керак.
Бундан ташқари, ҳудудий журналистларнинг суриштирувлар ўтказиш, фактларни текшириш ва касбий хавфсизликни таъминлаш бўйича амалий кўникмаларини ошириш режалаштирилмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.