Вазифасига виждонан ёндашмаган, диний соҳа ходими мақомига муносиб бўлмаган 1 нафар вилоят бош имом-хатиби ўринбосари, 2 нафар туман бош имоми ва 1 нафар имом-хатиб ишдан олинди.
Жуда кескин ва танқидий руҳда ўтган йиғилишда 2022 йил давомида масжидлар имом-хатиблари, имом-ноиблари, мударрислар ва отинойилар томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинган. Шунингдек, айрим диний соҳа ходимлари томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликларни ислоҳ қилиш масалалари кўриб чиқилган.
Йиғилиш жараёнида меҳнат интизомига риоя этмаган, вазифасига виждонан ёндошмаган, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини қондиришга жиддий саъй-ҳаракат қилмаган ва диний соҳа ходими мақомига муносиб бўлмагани учун Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Фатуллаев Абдусалом, Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани бош имоми ва «Шоҳ Машраб» масжиди имом-хатиби Ҳафизулло Зайниев, Самарқанд вилояти Оқдарё тумани бош имом-хатиби Аблоқулов Ҳабибулла ва Хоразм вилояти Шовот тумани «Хўроз Эшон бобо» масжиди имом-хатиби Рўзметов Даврондек йиғилишда эгаллаб турган вазифаларидан озод этилди.
Шунингдек, Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонали Жабборов, Жиззах шаҳар бош имом-хатиби Фахриддин Шайзақов, Тошкент вилояти «Раҳбар ота Акбар ўғли» масжиди имом-хатиби Раҳманов Муҳаммадий ва Фарғона вилояти Сўх тумани «Офтобрўй» масжиди имом ноиби Илҳомиддин Тоировга «ҳайфсан» интизомий жазоси берилди. Бундан ташқари, Тошкент шаҳри «ал-Ҳудайбия» масжиди имом ноиби Шуҳрат Зияев меҳнат интизомига риоя этмагани учун чора сифатида бошқа ишга ўтказилди.
Шунингдек, иш фаолиятдаги хато-камчиликлар сабабли ўтган йилда 25 нафар имом-хатиб, 19 нафар имом-ноиби ва 2 нафар муҳтасиб вазифасидан озод этилгани, шунингдек, 56 нафар имом-хатиб ва имом ноибига «ҳайфсан» интизомий чораси берилгани маълум қилинди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.