Ўзгидромет баҳорнинг иккинчи ойида кузатиладиган об-ҳаво ҳақида батафсил маълумот берди.
Ой қуруқ ва илиқ об-ҳаво билан бошланади. 1 апрель куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича ҳаво кам булутли бўлади, кундузги ҳарорат март ойининг охирги кунлари каби +22...+27 даража атрофида, яъни меъёрдан 5-8 даражага юқори бўлади.
2-7 апрель кунлари республика бўйича беқарор об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, баъзи жойларда шамол шиддатли кучайиши билан қисқа муддатли, момақалдироқли ёмғир ёғади. Кўпинча баҳорда бўлгани каби, ёмғирнинг ҳудуд бўйича тарқалиши ва жадаллиги жуда ранг-баранг, ёмғирнинг жадаллиги бироздан ўртачагача бўлади.
Кундузги ҳаво ҳарорати ёмғир пайтида +5...+7 даражага пасаяди. Апрель ойининг биринчи ўн кунлиги охирида асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда ва ҳаво ҳарорати яна кўтарила бошлайди.
Ўзгидрометнинг дастлабки прогнозига кўра, апрель ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунлигида ҳарорат кечалари +7...+12 даражадан +12...+17 даражагача, кундуз кунлари +20...+25 даражадан +27...+32 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.