13 октябрь куни Бишкекда бўлиб ўтган МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг йиғилиши доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга давлатлараро мукофот — МДҲнинг Фахрий нишони топширилди.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Шавкат Мирзиёевни «МДҲга аъзо давлатлар ўртасида жамият тараққиёти, дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун» тантанали равишда тақдирлади, деб хабар қилди қўшни давлат президенти матбуот хизмати.
«Таъкидлашни истардимки, унинг шахсий саъй-ҳаракатлари туфайли давлатлараро муносабатларда ҳамдўстликка аъзо давлатлар ўртасида мутлақо янги ўзаро ишонч ва конструктив ҳамкорлик муҳити яратилиб, ўзаро манфаатли муносабатларнинг ўсишига хизмат қилувчи савдо ҳамда инвестиция, саноат кооперацияси, транспорт ва сув-энергетика инфратузилмаси бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қулай муҳит шаклланмоқда», — деди Қирғизистон президенти.
Садир Жапаров, шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси туфайли Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасини делимитация қилиш жараёнини якунлаш имкони бўлганига ҳам эътибор қаратди.
«Ўзбекистон кейинги йилларда МДҲ фаолиятидаги иштирокига қандай сифат жиҳатидан янги динамика қўшганини барчамиз кўриб турибмиз. Ўзбекистон президенти ташаббуси билан ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари қаторида транспорт йўлакларининг рақобатбардошлигини ошириш, норматив ҳужжатлар ва стандартларни уйғунлаштириш, келишилган тариф сиёсатини юритиш ва ўзаро преференциялар бериш борасидаги вазифалар изчил ҳал этилмоқда. МДҲ доирасида ўзаро савдодаги тўсиқларни тезкорлик билан бартараф этиш бўйича самарали чора-тадбирлар шулар жумласидан», — деди Садир Жапаров.
Нутқининг сўнгида Қирғизистон раҳбари Шавкат Мирзиёевга МДҲ мамлакатлари интеграциясига қўшган ҳиссаси, Ҳамдўстлик маконида ишбилармонлик алоқалари ва ҳар томонлама самарали ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни доимо илгари сураётгани учун миннатдорлик билдирди.
Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон мукофотни аванс сифатида қабул қилиб, Ҳамдўстликка аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириш ниятида» эканини таъкидлади.
«Менимча, бу узоқ саёҳатнинг бошланиши. Ҳамдўстлигимизнинг ҳар бир мамлакати билан бутунлай бошқача тарзда ишлаш учун ҳамма нарсани қиламиз. Чунки бугунги мукофот ва сизларнинг ишончингиз Ўзбекистонга, Ўзбекистон президентига жуда кўп масъулият юклайди», — деди Ўзбекистон президенти.
Давлат раҳбари Қирғизистон, хусусан, Садир Жапаров билан ишончли ва яхши икки томонлама муносабатлар ўрнатилганини таъкидлаб, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан 30 йил ичида бошқалар қила олмаган нарсага эришганини таъкидлади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.