13 октябрь куни амалий ташриф билан Бишкек шаҳрида бўлиб турган Шавкат Мирзиёев МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди.
Учрашувга Қирғизистон президенти Садир Жапаров раислик қилди. Саммит ишида, шунингдек, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон президентлари ва МДҲ бош котиби Сергей Лебедев қатнашди.
Ўзбекистон президенти мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлашда мавжуд механизмларни самарали ишга солишга чақирди ва уни рағбатлантиришнинг янги воситаларини таклиф қилди.
Давлат раҳбари ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш ва лойиҳаларни илгари суриш бўйича қўшимча чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ҳамда МДҲ мамлакатларининг Саноат кооперацияси ва инновацион ишланмалари форумини ўтказиш ташаббусини илгари сурди.
Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик бўйича янгиланган дастурни ҳамда Агросаноат мажмуидаги кооперациянинг асосий йўналишлари тўғрисидаги битимни тайёрлаш таклиф қилинди.
Ўзбекистон етакчиси ҳудудлараро ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича «йўл харитаси»ни тайёрлаш ташаббуси билан чиқди, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни кучайтириш, йўловчи ва юк ташишни кўпайтириш юзасидан аниқ чора-тадбирларни кўрсатиб ўтди, дейилади хабарда.
Глобал иқлим исиши оқибатларига қарши курашишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги қайд этилди. 2024 йилда Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган БМТ шафелигидаги Халқаро иқлим форуми доирасида МДҲ маконидаги экологик хавф-хатарларга бағишланган махсус ялпи сессияни ташкил этишга тайёрлик билдирилди.
Шунингдек, 2024 йилда Тошкент шаҳрида бир қатор ёшларга оид тадбирлар, шу жумладан, футбол мусобақаси бўлиб ўтиши қайд этилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.