Уч кишидан иборат жиноий гуруҳ одамларга телефон қилиб, Сlick тўлов тизими хавфсизлик хизмати ходими деб таништиришган ва пулларни ечиб олишган.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар Юнусобод туманида яшовчи 21 ёшли С.Н. ариза билан мурожаат қилиб, номаълум рақамдан ўзини Сlick тўлов тизими ходими деб таништирган шахс жами 1 млн 200 минг сўм миқдоридаги пул маблағларини яширин равишда ечиб олганлигини маълум қилган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, ушбу фирибгарлик жиноятини содир этган шахслар Тошкент шаҳар М.Улуғбек туманида яшовчи 31 ёшли В.М., 54 ёшли Ю.М. ва 25 ёшли Р.К.лар эканлиги аниқланган.
Унга кўра, В.М., Ю.М. ва Р.К.лар жиноий мақсадларини амалга ошириш учун, фуқароларга қўнғироқ қилиб, ўзини Сlick тўлов тизими хавфсизлик хизмати ходими деб таништириб, банк пластик картасига киберҳужум амалга оширилаётганлигини, фуқароларни алдаган ҳолда “СМС” махфий кодларни қўлга киритишга эришган. Ушбу махфий кодлар ёрдамида фуқароларнинг электрон пулларини, бошқа банк карталари ва криптохамёнларга ўтказганликлари маълум бўлди.
Қайд этилишича, жиноят содир этган В.М., Ю.М. ва М.Х., Р.К.лар ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми ва бошқа моддалари билан жиноий жавобгарликка тортилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.