Президент бош вазир ўринбосарларига мактаблар қурилишига ажратилаётган пулларнинг мақсадли сарфланишини назорат қилишни топширди

Президент бош вазир ўринбосарларига мактаблар қурилишига ажратилаётган пулларнинг мақсадли сарфланишини назорат қилишни топширди

Президент Қарши туманидаги таъмирдан чиққан 12-мактабга ташрифидан сўнг амалга оширилган ишлардан норози бўлиб, бош вазир ўринбосалари Ачилбай Раматов ва Жамшид Қўчқоровга мактабларни қуриш ва таъмирлаш жараёнлари ҳамда маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан назорат ўрнатиш бўйича топшириб берди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги таъмирдан чиққан 12-сонли мактабдаги шароит билан танишар экан, мактабларда таъмирлаш-қурилиш ишларига ажратилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан қатъий назорат ўрнатишни топширди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов «Газета.uz» сўровига жавобан маълум қилди.

Аввалроқ хабар қилганимиздек, мактабнинг аҳволи «рақамлаштириш жараёни ҳали етиб келмагани ва ҳаммаси эски услубда экани» сабабли давлат раҳбарини қониқтирмади. У бундай шароитда ҳозирги ёшларни билим олишга қизиқтириб бўлмаслигини айтди.

Президент мактабни таъмирлашни амалга оширган ташкилотларни танқид остига олди, шунингдек, деразалар катталигига эътибор қаратди ва таълим муассасаларида қўлланиладиган қурилиш меъёрларига риоя қилиш масаласини кўтарди.

«Газета.uz»да реклама

У мактаб қурилиши стандартларини инфратузилма, функционаллик ва энергия самарадорлиги билан боғлиқ мезонларни ўз ичига олган ҳолда янгилашни буюрди.

Шавкат Мирзиёев мактабларда таъмирлаш-қурилиш ишларига ажратилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан қатъий назорат ўрнатиш вазифасини қўйди.

«Бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматовга умумий қурилиш-таъмирлаш жараёни устидан назорат ўрнатиш, бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровга маблағларнинг сарфланиши устидан назоратни йўлга қўйиш вазифаси юклатилди. Туман ҳокимларига ҳар чоракда мактаблар, ҳар ойда тиббиёт муассасаларига бориш топширилди», — деди Шерзод Асадов.

Унинг сўзларига кўра, Қарши туман тиббиёт бирлашмаси марказий поликлиникасига кираверишда тартибсиз бозор ташкил этилган бўлиб, у ерда санитария меъёрларига риоя этилмайди, шифохонадаги яқинларини кўришга келганлар эса шу ердан товарларни сотиб олишмоқда.

«Президент ҳокимдан қачондир шу ерга келиб, мана бу чанг-тўзон, антисанитарияни кўрганмидинг, деб сўради. Негаки, ҳозирда ҳокимлар пахта, ғалла каби қишлоқ хўжалиги масалалари билан деярли шуғулланмаяпти. Президент ҳокимларда бундай муаммолар ортиқ бўлмаслигини, энди энг асосийси — ижтимоий масалаларни ҳал қилиш эканлигини айтди», — деди давлат раҳбари матбуот котиби.

Президент турли ижтимоий объектларга ташриф буюрар экан, ўз мисолида раҳбарлар ҳам «пастга тушиб, ишларнинг ҳақиқий аҳволини кўриши» кераклигини кўрсатмоқда, дея қайд этди Шерзод Асадов.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.