Робахон Махмудова тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича “Ижтимоий давлат – 2030

Робахон Махмудова тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича “Ижтимоий давлат – 2030" дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилди

Ўзбекистон президентлигига “Адолат” СДПдан номзод Робахон Махмудова Урганчда талабалар билан учрашди.

Бугун, 20 июнь куни Тошкент ахборот технологиялар университети Урганч филиалида Ўзбекистон президентлигига “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Робахон Махмудованинг хоразмлик сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда Робахон Махмудова cайловолди дастурида илгари сурилаётган устувор йўналишлар, жумладан, ҳуқуқ­ий давлат қуриш, давлат ва жамият ҳаётида ижтимоий адолатни қарор топтириш, миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш, илм-фан, инновация­лар ва таълим соҳасини барқарор ривожлантириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга доир мақсад ва вазифалари хусусида сўз юритди.

Маърузаси давомида президентликка номзод Дастуридан ўрин олган ижтимоий соҳани ривожлантиришга оид мақсадларига алоҳида тўхталди.

“Фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва бу йўналишда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича “Ижтимоий давлат – 2030" дастурини ишлаб чиқиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Давлатнинг иқтисодий фаолияти натижасида юзага келган даромадни адолатли тақсимлашни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш бирламчи вазифамиздир.

Биз ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий бир хил ўсишни таъминлаш, туман ва шаҳарларни бир маромда ривожлантириш тарафдоримиз”, — деб таъкидлади Робахон Махмудова.

Қолаверса, жараёнда “Қонун устуворлиги — адолатли жамият қуришнинг муҳим шарти!" деган тамойилни жамиятнинг ҳар бир аъзоси, айниқса, мансабдор шахслар фаолиятининг муҳим қоидасига айлантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш эркин ва адолатли жамиятнинг ажралмас хусусияти экани айтиб ўтилди.

Шу билан бирга, дастурда ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган ижтимоий йўналтирилган иқтисодий дастурларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, ушбу дастурларни назорат қилиш тизимига янгича ёндашиш, инновацион ривожланиш ва инновацион иқтисодиёт, самарали иқтисодий сиёсат воситаларидан оқилона фойдаланиш каби долзарб масалалар белгиланганлиги хоразмлик сайловчиларнинг эътиборини тортди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.