Тошкентда метрополитендан фойдаланадиган йўловчиларнинг кунлик қатнови 720 мингтага етган
Давлат раҳбари метро хизматлари сифатини ошириш, яна янги вагонлар олиб келиш бўйича кўрсатма берди.
Бугун, Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент метрополитенида хизматлар сифатини ошириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан
танишди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда метрополитен қамровини кенгайтириш мақсадида қўшимча 32 км йўл қурилиб, 21 та янги станция ишга туширилган. 15 та замонавий метро поездлари олиб келинган. Янги йўналишлар пойтахтнинг Яшнобод, Миробод, Сергели, Янгиҳаёт ва Юнусобод туманларидан ўтган.
Таъкидланишича, бугунги кунда метрополитендан фойдаланадиган йўловчилар сони 5 баробар ошиб, кунлик қатнов 720 мингтага етган. Куннинг тиғиз вақтида поездлар келиш вақти аввалги 5-7 дақиқадан 2 дақиқагача қисқарган.
Давлат раҳбари метро хизматлари сифатини ошириш, ҳаракат қулайлиги ва хавфсизлигини кучайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Яна янги вагонлар олиб келиб, фойдаланиш муддати ўтганларини янгилаш, икки дақиқали интервални таъминлаш зарурлиги таъкидланди.