Ўзбекистонга илк бор чиқинди ташийдиган электромобиль олиб келинди
Тўлиқ қувватда 300 километр масофани босиб ўтувчи электромобиль дастлаб Жиззахда синовдан ўтказилади.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистонга чиқинди ташишга мўжалланган электромобиль олиб келинди. Бу ҳақда Экология вазирлиги
хабар берди.
Қайд этилишича, электромобил Eko House кластери томонидан Хитойдан олиб келинган. Электромобиль дастлаб Жиззахда синовдан ўтказилади.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, Хитойнинг Chengdu Shiny Technology Co Ltd компанияси билан ҳамкорликда олиб келинган электротехника воситаси, аввало, атмосферага заҳарли ташламалар чиқармаслиги билан аҳамиятли. Яъни бу машина экологияга зарар етказмайди.
«Машина тўлиқ қувватда 300 километр масофани босиб ўтади. Бу эса кун давомида аҳоли яшаш пунктларидан чиқиндиларни олиб, махсус полигонларга ташиш имконини беради. Шунингдек, 3 тоннагача юкни бемалол кўтара олади», — деди Eko House чиқинди кластери раҳбари Жаҳонгир Худойбердиев.