«Муаммолар ечими бўйича келишиб олдик»: Ўзбекистон Покистон билан Трансафғон темирйўли масаласини муҳокама қилди

«Муаммолар ечими бўйича келишиб олдик»: Ўзбекистон Покистон билан Трансафғон темирйўли масаласини муҳокама қилди

26 февраль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда музокаралар якунларини баҳолади.

Шавкат Мирзиёев ҳамкасби билан транспорт алоқасини ривожлантириш масалалари, жумладан, Термиз-Мозори Шариф — Кобул — Пешовар Трансафғон темирйўли лойиҳасини муҳокама қилганини таъкидлади.

«Трансафғон темир йўлимизга келсак, биз бир-биримиз билан муаммоли масалалар ҳақида батафсил ва очиқ гаплашдик. Уларни ҳал қилиш йўллари бўйича келишиб олдик», — деди президент «Ўзбекистон 24» телеканали репортажида.

Телеканалга берган интервьюсида транспорт вазири Илҳом Махкамов ташриф давомида асосий эътибор транспорт-логистика масалаларига қаратилаётганини таъкидлади.

«Бугун Ўзбекистон ва Покистон Афғонистон орқали ўтувчи халқаро транспорт йўлаги йўлаги орқали ўзаро боғланган. Бу Жанубий Осиёга борадиган энг қисқа йўл», — деди у.

2024 йилда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 400 млн доллардан ошди. Икки давлат раҳбарлари уни 2 млрд долларга етказиш ва қўшма транспорт-логистика компанияси ташкил этишга келишиб олди.

«Мамлакатлар етакчилари Афғонистон орқали ўтадиган мультимодаль коридор масаласини муҳокама қилди. Биз Термизда Афғонистон, Покистон ва Ўзбекистон ташувчиларни йиғиб, келгусидаги ривожланиш масалаларини муҳокама қилишни режалаштирганмиз. 2022−2024 йиллар билан таққослаганда, бу йўлак орқали ташиш ҳажми каррасига ошади. Фақат Афғонистондаги инфратузилма ва йўлларни яхшилашга эътибор қаратиш керак. Ўзбекистон ва Покистон Афғонистондаги инфратузилмани яхшилаш бўйича ҳамкорликда ишлашга келишиб олди», — деди транспорт вазири.

Унинг сўзларига кўра, мультимодаль йўлак имкониятларидан фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон — Афғонистон — Покистон темир йўлини қуриш режалаштирилган.

«Бу темирйўл қурилиши учун катта пойдевор бўлади. Юк ташиш ҳажми ошгани сайин бу лойиҳа нафақат сиёсий, балки иқтисодий нуқтаи назардан ҳам фойдали бўлади», — деди у.

Илҳом Махкамов томонлар Мозори Шарифдан (Афғонистон) Харлачи (Покистон)гача бўлган темир йўл линияси қурилишинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш учун маблағ ажратишга келишиб олганини айтди.

Лойиҳа ҳақида


2021 йил февраль ойида Тошкентда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасида Мозори Шариф — Кобул — Пешовар темир йўли қурилиши бўйича «йўл харитаси» имзоланганди. Лойиҳани май ойида тайёрлаш, йўл қурилиши эса 2021 йил сентабрида бошланиши режалаштирилганди. Аммо Афғонистонда ҳокимият алмашиши лойиҳани секинлаштирди. Бироқ декабрь ойида Афғонистон муваққат ҳукумати лойиҳага қўшилди. 2022 йилнинг 18 июлида мамлакатда Трансафғон темирйўлининг йўналишини аниқлаш ва лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари бўйича экспедиция ишлари бошланди.

Ўзбекистоннинг «Боштранслойиҳа» институти йўл қурилиши қийматини 4,6 млрд долларга, Покистон томони эса 8,2 млрд долларга баҳолаган. ОАВдаги хабарларга кўра, лойиҳа 4,8 млрд доллардан 6 млрд долларгача баҳоланмоқда.

У йилига 20 млн тоннагача юк ташиш имкониятига эга бўлган 573 км узунликдаги магистраль қуришни назарда тутади. Янги транспорт йўлаги Европа Иттифоқи, Россия, Ўзбекистон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва кейинги Жануби-Шарқий Осиё давлатларини боғлаши керак.

Шу билан бирга, линия ҳам юк, ҳам йўловчи ташишни қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистон томонининг Dawn нашри томонидан келтирилган 2023 йил июлидаги баҳосига кўра, темир йўл Ўзбекистон ва Покистон ўртасида юкларни етказиб бериш муддатини тахминан беш кунга қисқартиради. Товарларни ташиш нархи ҳам камида 40 фоизга арзонлашади. Лойиҳа 2027 йил охиригача якунланиши кутилмоқда, 2030 йилга бориб эса поездлар йилига 15 млн тоннагача юк ташиш имкониятига эга бўлади.

Транспорт вазири Илҳом Махкамов февраль ойи бошида Трансафғон темир йўли қурилишини 2025 йилда бошлаш режалаштирилганини таъкидлаганди.

Ўтган йилнинг июль ойида Транспорт вазирлиги вакили «Газета.uz»га берган интервьюсида лойиҳа иштирокчилари техник ва молиялаштириш масалалари юзасидан ҳамкорларни таклиф қилиш устида иш олиб бораётганини айтганди.

«Ҳамкорлар гуруҳи ҳали тўлиқ шаклланмаган. Асосий иштирокчилар — Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон. Бу ерда худди Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли лойиҳасида бўлгани каби консорсиум тузилади ва ўша консорсиум кейинчалик салоҳиятли инвесторлар ва ҳамкорлар билан ишлайди. Албатта, бу яна ҳам мураккаб лойиҳа. Асосий нуқта — хавфсизлик ва фойдаланиш имконияти муаммоси. Умуман олганда, биз Афғонистон қисми бўйича йўналишни аллақачон тасдиқлаганмиз, бироқ қўшимча ўрганишлар олиб борилмоқда. Баъзи ўзгаришлар ва тузатишлар бўлиши мумкин», — деганди суҳбатдош.

Бундан ташқари, халқаро молия институтларининг лойиҳани молиялаштириши ва унда иштирок этиши масаласи очиқлигича қолмоқда. «Улар иштирок этишга тайёрга ўхшаяпти, бироқ бошқа томондан қараганда, Афғонистон ҳукумати ҳали тан олинмаган. Бу энг ҳал қилувчи масала», — дея таъкидлаганди аввалроқ Транспорт вазирлиги.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.