Жаҳон банки Ўзбекистонга ирригация соҳаси учун 200 млн долларлик имтиёзли кредит ажратди

Жаҳон банки Ўзбекистонга ирригация соҳаси учун 200 млн долларлик имтиёзли кредит ажратди

Жаҳон банки ирригация ва дренаж инфратузилмасини модернизация қилиш, шунингдек, фермерларга ирригация хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш лойиҳасини амалга ошириш учун Ўзбекистонга 200 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда банк сайтида маълум қилинди.

Лойиҳа мамлакатнинг бешта ҳудудида сув йўқотишларини қисқартириш ва суғориш тизимларининг энергия самарадорлигини оширишга қаратилган. Ўзбекистон ҳукумати лойиҳани биргаликда молиялаштириш учун қўшимча 23,2 млн доллар ажратади.

Қайд этилишича, лойиҳа Жаҳон банкининг Марказий Осиё мамлакатларида сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва сув ресурсларини сақлашга қаратилган минтақавий дастурининг биринчи босқичи бўлади.

Ўзбекистоннинг қурғоқчил иқлими ирригацияни ялпи ички маҳсулот ва аҳоли бандлигининг тахминан 25 фоизини ташкил этувчи қишлоқ хўжалиги учун ҳаётий заруратга айлантиради. Сувнинг асосий қисми Амударё ва Сирдарёдан олиниб, кенг тармоқли каналлар орқали далаларга етказиб берилади. Қишлоқ хўжалиги мамлакатдаги барча сув ресурсларининг қарийб 90 фоизини истеъмол қилгани сабабли сувдан самарали фойдаланишни таъминлаш ўта муҳим вазифага айланмоқда, дейилади хабарда.

Ўзбекистонда музликлар оқимининг камайиши, сув буғланишининг ортиши, мунтазам бўлмаган ёғингарчилик ва қурғоқчиликнинг тезлашиши туфайли сув ресурслари танқислиги сезиларли даражада кучайиши кутилмоқда. Прогнозларга кўра, ушбу ўзгаришлар мавжуд сув ресурслари ҳажмини 30−40 фоизга қисқартириши ва, шу билан бирга, ирригация хизматларига бўлган эҳтиёжни 25 фоизга ошириши мумкин. Бу сув ресурсларига қўшимча юклама пайдо қилади.

Ўзбекистонда ирригация инфратузилмасининг катта қисми эскирган, бу эса сувнинг сезиларли даражада йўқотилишига, ресурсларнинг ҳудудлар ўртасида нотекис тақсимланишига ва фермерларга ирригация хизматлари кўрсатиш сифатининг пастлигига олиб келмоқда, деб таъкидлади Жаҳон банки.

Бундан ташқари, 2,4 млн гектарга яқин қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш (мамлакатнинг барча суғориладиган майдонининг 56 фоизи) насослар ёрдамида сув етказиб берилишига боғлиқ. Бунинг учун 1700 га яқин насос станцияларидан фойдаланилади, улар ҳар йили тахминан 7,2 миллиард кВт/соат электр энергияси истеъмол қилади — бу мамлакат умумий энергия истеъмолининг қарийб 16 фоизини ташкил этади.

«Янги лойиҳа орқали Жаҳон банки Ўзбекистон сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020−2030 йилларга мўлжалланган концепциясини амалга оширишда ҳукуматга кўмаклашади. Концепция ирригация соҳасида сув ва энергия тежамкор инфратузилмани ривожлантиришни ҳам назарда тутади», — дейди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича директори Татяна Проскурякова.

«Режалаштирилган лойиҳа тадбирлари қишлоқ хўжалиги унумдорлигини ошириш, сувдан фойдаланувчиларнинг фаровонлигини яхшилаш, шунингдек, ирригация ва агросаноат соҳаларида янги иш ўринларини яратишга ёрдам беради».

Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги лойиҳани Қорақалпоғистон Республикаси, шунингдек, Бухоро, Қашқадарё, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида амалга ошириш учун масъул бўлади. Ушбу ҳудудларда ирригация ва дренаж инфратузилмасини модернизация қилиш ва кўрсатилаётган хизматларни такомиллаштириш орқали 2031 йилга бориб сув хўжалиги сектори самарадорлиги сезиларли даражада ошиши кутилмоқда.

Режалаштирилган лойиҳа тадбирлари орасида:

  • Амударё ва Сирдарё билан боғланган ва юқорида қайд этилган ҳудудлардан ўтган саккизта йирик магистраль каналнинг 259 километрини бетонлаш. Бунинг учун сувни тежайдиган замонавий материаллар, жумладан, геомембраналардан фойдаланилади;
  • ўзи оқар сув етказиб беришни таъминлаш ва иложи борича насослардан фойдаланиш заруратини камайтириш учун канал ўзанларини қайта профиллаш ва уларнинг сатҳини кўтариш;
  • кўрсатилган каналлар бўйлаб сув тақсимотини назорат қилиш даражасини ошириш учун 470 га яқин гидротехник иншоотлар қуриш;
  • сув сарфини ўлчагич ўрнатилган бошқариладиган сув чиқаргичларни ўрнатиш, шунингдек, сув таъминоти жараёнларини бошқариш учун диспетчерлик бошқаруви ва маълумотларни йиғиш тизимини (SCADA) жорий этиш бор.

Лойиҳадан кутилаётган натижалар:

  • 232 000 гектар майдонда ирригация хизмати сифатини ошириш, бу эса ушбу ерларда қишлоқ хўжалиги унумдорлигини ошириш имконини беради.
  • 180 000 нафар сув фойдаланувчиси, шу жумладан, 80 000 нафар аёлларнинг суғориш хизматларидан янада ишончли фойдаланишини таъминлаш.
  • Йиллик сув йўқотишларини тахминан 540 миллион куб метрга қисқартириш, бу эса сувдан янада оқилона фойдаланишга ёрдам беради.
  • Йилига 165 миллион кВт·соатдан ортиқ электр энергиясини тежаш, бу эса ирригация соҳасида энергия самарадорлигини оширади ва эксплуатация харажатларини камайтиради.

Куни кеча Жаҳон банки Ўзбекистонда геофазовий маълумотларнинг мавжудлигини яхшилаш учун $35 млн имтиёзли кредит ажратганди. Лойиҳа ер, объект ва инфратузилма бўйича маълумотларни тўплашга қаратилган. ЖБ тегишли геомаълумотлар йўқлиги учун ҳудудларни ривожлантиришда қийинчиликларга дуч келинаётганини қайд этган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.