Ушбу саммитга илк бор кузатувчи мамлакат — Венгрия мезбонлик қилмоқда. Аввалроқ ТДТ учрашувлари ташкилотга аъзо давлатлар — Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон ҳудудида бўлиб ўтганди. Туркманистон ҳам Венгрия каби кузатувчи мақомига эга.
Ўзбекистон ТДТ саммитлари майдонида транспорт, таълим, ёшлар сиёсати, шунингдек, тарихий алоқаларни тиклашдан тортиб умумий меросни тарғиб қилишгача бўлган маданий интеграция соҳаларида қатор қарорлар қабул қилиш ташаббуси билан чиқмоқда. 2019 йилдан буён жами 80 га яқин таклиф келиб тушган. Бироқ Ўзбекистоннинг иштироки ҳар доим ҳам бундай фаол бўлмаган.
Кенгаш ҳузурида Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ), Туркий тилли давлатлар Парламент ассамблеяси ва Туркий ишбилармонлар кенгаши фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон иштирок этишга таклиф қилинган, бироқ у 2019 йилгача Туркий кенгаш таркибига кирмаган. Бу қарор бир қатор ички ва ташқи омиллар натижаси эди — экспертлар Тошкент ва Анқара муносабатларида «бирмунча кескинлик» борлигини таъкидлашади.
2018 йилда президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган ТДТ саммитида фахрий меҳмон сифатида иштирок этар экан, Туркий кенгаш доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликдан манфаатдор эканини таъкидлаганди.
Ўзбекистоннинг кенгашга аъзо давлатлар билан товар айирбошлаш ҳажми 40 фоизга ўсиши, иқтисодиёт, туризм, фан, таълим соҳаларидаги ҳамкорлик халқаро ташкилот билан муносабатларни ривожлантиришга замин яратди. Қирғизистоннинг собиқ президенти Сооронбай Жээнбеков Ўзбекистоннинг ташкилотга қўшилиши ташкилотга янги нафас беришини ва кўплаб янгиланишлар манбаи бўлишини таъкидлаганди.
Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши табиий тарихий жараёнларнинг акс этиши, Туркий кенгашдаги иштироки эса «халқнинг туб манфаатларига тўлиқ жавоб бериши» таъкидланди.
2021 йилда ТТДҲК Туркий давлатлар ташкилотига айлантирилди. Ўзбекистон ТДТ майдонида транспорт-логистика алоқалари ва иқтисодий ҳамкорликни изчил ривожлантириш тарафдори.
2022 йилда «Янги иқтисодий имкониятлар макони»ни яратиш, ҳар йили Халқаро туркий иқтисодий форумни ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.
2023 йил март ойида Туркияда содир бўлган вайронкор зилзила фонида Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилоти доирасида 6 февраль санасини Қурбонларни хотирлаш ва бирдамлик куни деб эълон қилиш, шунингдек, Табиий офатлар мониторинги ва таҳлили марказини ташкил этиш ва уни Тошкентда жойлаштиришни таклиф қилди. Бундан ташқари, Туркиянинг жабрланган Ҳатай вилоятидан ёшлар Самарқанд, Бухоро ва Хивага таклиф қилинди.
Ташкилот доирасида Туркий инвестиция жамғармаси ташкил этилди, беш давлат — Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг ҳар бири 100 миллион доллардан сармоя киритди. 2025 йил февраль ойида фонднинг устав капитали 20 фоизга оширилиб, 600 миллион долларга етказилди.
Ўзбекистон аввалроқ 2025 йил май ойида Қорақалпоғистонда ТДТ мамлакатлари тадбиркор аёллари форумини ўтказиш ташаббуси билан чиққан, шунингдек, ТДТ темирйўл идоралари кенгашини таъсис этиш ва ушбу тузилма дирекциясини Ўзбекистонда жойлаштириш таклифини билдирганди. Иштирок йилларида ташкилот платформасида Туркий дунё креатив ёшлари марказини очиш, Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш, Туркий тараққиёт банкини ташкил этиш ташаббуслари илгари сурилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ТДТ платформасида Исроил ва Фаластинни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга, ўт очишни тўхтатишга ва сулҳга ўтишга чақирди", Афғонистонни қўллаб-қувватлаш механизмларини ишлаб чиқишни таклиф қилди.
2024 йилда штаб-квартираси Нукусда жойлашган Туркий экология кенгашини ташкил этиш ташаббуслари янгради. Ўзбекистон, шунингдек, Инсон капиталини ривожлантириш илмий-тадқиқот марказини ташкил этишни таклиф қилди. Шу йили Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилган Туркий дунё хартияси қабул қилинди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази аввалроқ Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 2016 йилдаги 3,34 миллиард доллардан 2023 йилда 9,4 миллиард долларгача ошганини таъкидлаганди. 2024 йилда савдо ҳажми 45 миллиард долларни ташкил этди.
21 май куни Будапештда бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари саммитда тинчлик ва барқарор ривожланишга урғу берган ҳолда савдо муносабатлари, логистика йўлларини кенгайтириш, иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, геосиёсий вазият масалаларида узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳокама қилиниши режалаштирилган. Будапешт декларацияси қабул қилиниши кутилмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.