Бундан ташқари, эҳтимолий зиддиятдан на Бишкек, на Душанбе манфаатдор. Ушбу кичик, ҳарбийлашмаган давлатлар тарихан ўз қўшнилари билан келишувга интилган, чунки бунда ўзаро манфаат кўрган. Албатта, чегараолди аҳоли пунктларида яшовчилар ўртасида маҳаллий даражадаги баъзи можаролар юзага келиши мумкин, лекин улар тезда ҳал этилади ҳамда 2021 ва 2022 йиллардагидек катталашиб кетмайди.
Икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш учун давлатлар қандай чоралар кўриши кераклиги ҳақида гап кетса, мен айтардимки, оддий — одамларга халақит бермаслик керак. Ушбу мамлакатлар ва халқлар кўплаб соҳаларда, бизнес ва савдода кўп асрлик ҳамкорлик тажрибаси ва анъаналарига эга. Буларнинг барчаси қуролли можаролардан сўнг чегараларнинг ёпилиши туфайли вақтинча тўхтаб қолган эди. Энди одамлар, капитал ва хизматларнинг эркин ҳаракатига йўл очиш лозим.
Ушбу шартнома, шубҳасиз, ижобий намуна бўлади. У минтақадаги бошқа баҳсли масалаларни ҳал қилиш учун замин яратиши мумкин, чунки томонлар музокаралар орқали натижаларга эришиш ва ўнлаб йиллар давомида ҳамкорликка тўсқинлик қилиб келган келишмовчиликларни бартараф этиш мумкинлигини англаб етишди.
Шу билан бирга, бошқа барча баҳсли масалалар энди осон ва тез ҳал қилинади, деб ўйлаш ҳам ноўрин. Ҳаммаси гап қайси муаммолар ҳақида кетаётганига боғлиқ. Агар гап минтақада сув ресурсларини тақсимлаш ҳақида кетадиган бўлса, бу масалада кескин ўзгаришларни кутмаслик лозим, чунки юқори оқим давлатларининг манфаатлари қуйи оқим давлатларникидан фарқ қилади.
Душанбе ва Бишкек ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичи қардош халқларнинг абадий дўстлиги ҳақидаги баёнотлар билан тавсифланмоқда, бир йил олдин буни ҳатто тасаввур қилиш ҳам қийин эди. Шундай қилиб, бошқа соҳалардаги яқинлашув, шунингдек, ахборот таркибий қисми маҳаллий жамоалар даражасида янги низоли вазиятлар хавфини камайтиришга ёрдам бериши керак.
Икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтариш учун давлатлар келгусида ҳам бир-бирига қараб қадам ташлаши лозим. Биринчидан, қуруқликдаги чегараларни очиш керак. Иккинчидан, логистика, бошқа ҳудудларга кўчириладиган аҳолини озиқ-овқат ва иш ўринлари билан таъминлаш масалаларини ўз ичига олган ҳудудлар алмашинуви жараёнини якунлаш зарур.
Шунингдек, маҳаллий фуқаролик жамияти ташкилотлари ва бошқа жамоат бирлашмалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, уларни мониторинг қилиш ва чегараолди ҳудудлар аҳолисини келишувлар тафсилотлари тўғрисида хабардор қилиш ишларига жалб этиш муҳим.
Аввалроқ эълон қилинган сув ресурсларини жамоавий бошқариш масаласини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Бу қандай амалга оширилиши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Лекин, умид қиламанки, бу масала ҳам ўз ечимини топади.
Чегара можаролари туфайли очиқ ҳарбий тўқнашувлар содир бўлган минтақадаги ягона давлатлар — Душанбе ва Бишкек келишув йўлига ўтгани келажакда бошқа баҳсли масалалар ҳам тинч йўл билан ҳал этилишига умид уйғотади.
Томонларнинг учинчи томон иштирокисиз келишувларга эришгани ҳам диққатга сазовор. Бу «зиддият ўчоқлари»нинг сақланиб қолишидан минтақа давлатларининг ўзлари манфаатдор эмаслиги ва ҳатто ташқи аралашувсиз ҳам музокаралар олиб бориши, муроса қилиши мумкинлигидан далолат беради.
Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги келишувлар қўшнилар ва халқаро ҳамжамият томонидан қандай кўтаринки руҳда кутиб олингани, менимча, минтақадаги интеграция жараёнларини олға силжитишга хизмат қилиши мумкин.
Бироқ, минтақавий интеграция ҳақидаги ёрқин орзуга қарамай, Марказий Осиё ҳали ҳам тарқоқ минтақа бўлиб қолаётганини ёдда тутиш муҳим. Бу ерда ҳар бир давлат умумминтақавий эмас, балки асосан ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда яшайди, ўз хатти-ҳаракатларини шунга мос тарзда амалга оширади. Шу билан бирга, минтақавий хавфсизлик ёки сув ресурсларини бошқариш каби икки томонлама тартибга солиш қийин бўлган ва кўп томонлама ёндашувни талаб қиладиган соҳалар ҳам мавжуд.
Шунинг учун Хўжанддаги уч томонлама учрашув каби кичик гуруҳлардаги учрашувлар форматини табиий деб ҳисоблайман. Вақтинчалик кичик гуруҳлар доирасида мини-формат иштирокчиларига тегишли масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этиш мавжуд низоларни тезроқ бартараф этишга ва ҳамкорликнинг тўлиқ минтақавий даражасига чиқишга ёрдам беради.
Бу шартнома чегаралар масаласини ҳал қилишнинг фақат сиёсий қисмига нуқта қўяди ва уларнинг делимитациясини белгилайди. Энди етарлича мураккаб ва оғриқли ҳисобланган иккита жараён кутилмоқда. Биринчидан, демаркация ёки чегарани харитада эмас, балки жисмоний маконда — жойнинг ўзида белгилаш. Иккинчидан, қабул қилинган ва амалга оширилаётган қарорлар ва ҳаракатларни маҳаллий аҳоли ва бошқа манфаатдор томонлар, шу жумладан, Бишкек ва Душанбе назоратидан ташқарида бўлган, масалан, ноқонуний ва ярим қонуний чегара транзитига жалб қилинган гуруҳлар томонидан қабул қилиниши.
Бундан Марказий Осиёдаги чегаралар масаласи «кўп қиррали» эканлиги келиб чиқади, бу эса делимитация ва демаркациядан кўра кенгроқ масалаларни қамраб олади. Масалан, сувдан фойдаланиш, меҳнат ва чегараолди миграцияси, Марказий Осиёнинг ЕОИИга аъзо ва аъзо бўлмаган мамлакатларга бўлиниши.
Кўриниб турибдики, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги шартнома, гарчи улар билан ишлаш учун асос бўладиган блоклардан бирини яратса ҳам, бу масалаларнинг барчасини ва улар билан боғлиқ кескинликларни ҳал қилмайди.
Шартноманинг ҳеч қандай воситачиликсиз имзоланиши ва унинг тез суръатда (икки ҳафтадан сал кўпроқ вақт ичида) ратификация қилиниши ҳозирги вақтда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг айнан икки томонлама (камдан-кам ҳолларда — уч томонлама) формати энг самарали бўлиб қолаётганининг яна бир далилидир.
Шу ўринда ҳатто соф сиёсий форматдаги умумминтақавий лойиҳалар, масалан, 2022 йилда таклиф этилган XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш йўлидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши қанчалик секин суръатда амалга оширилаётганини эслатиб ўтиш ўринли бўлади.
Бу, албатта, беш томонлама форматга ҳожат йўқ ва у ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, дегани эмас. Бу кўпроқ амалий қарорлар қандай форматларда қабул қилиниши баҳолаш ва уларни амалга оширишнинг сиёсий ва ғоявий асослари қандай шаклланишини кутиш керак бўлган масаладир.
Иккинчидан, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг Ўзбекистон мамлакат ташқи сиёсатида Марказий Осиё йўналиши устувор бўлишини маълум қилди. Ва Тошкент шунга яраша ҳаракат қиляпти. Марказий Осиё бешлиги доирасида махсус ва қардош, бироқ минтақадан Каспий денгизи билан ажратилган Озарбайжон иштирокидаги маслаҳат учрашувларини ўтказмоқда.
Ўзбекистон бир вақтнинг ўзида Марказий Осиёнинг ҳар бир давлати билан ўн йил олдингига қараганда анча кенг кўламли масалалар бўйича икки томонлама ҳамкорлик қилмоқда. Ва шунга мувофиқ, Ўзбекистон бошқа форматлар, жумладан, шу каби уч томонлама учрашувлар ўтказиш ташаббуси билан чиқди.
Шу нуқтаи назардан, содир бўлаётган воқеалар Тошкентнинг янги ташқи сиёсий стратегиясига мос келади. Умуман олганда, бу Ўзбекистон фойдасига хизмат қилади.
Лекин бу Тошкент энди Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги барча баҳсли масалаларда воситачи ёки фасилитатор бўлиш салоҳиятига эга эканлигини англатадими? Менимча, йўқ. Ўзбекистон эга бўлган ягона восита — ҳамкорликнинг янада қулай шартларини таклиф қилишдир.
Тошкент «Кўряпсизми, агар бир-бирингиз билан зиддиятга бормасангиз, сизда савдо, иқтисодиёт ва инвестиция лойиҳаларини кўпайтириш имконияти бўлади. Бу соҳаларни биз билан биргаликда ривожлантиринг. Агар бу иқтисодий афзалликларни хоҳламасангиз, унда, майли, бошқача йўл тутинг», дейиши мумкин.
Шундай қилиб, Ўзбекистон жаҳон иқтисодиётига яхшироқ уйғунлашишда, Ғарб инвестицияларини жалб этишда ва бошқа шу каби масалаларда бошқа барча мамлакатларга кўмаклашади.
Ўзбекистонда таъсир ўтказишнинг янада самаралироқ воситалари йўқ. Бироқ етарлича сезиларли иқтисодий рағбатлар мавжуд ва, кўриниб турибдики, Тошкент уларни барча мамлакатларга фаол равишда таклиф этмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.