Чегара масалаларини ижобий ҳал этиш тенденцияга айланадими? «Чашма» булоғи билан боғлиқ мисол минтақада ГЭС ёки суғориш каналлари қурилиши каби табиий ресурслардан фойдаланиш бўйича низоларни ҳал қилиш учун намуна бўла оладими?
«Газета.uz» бу борада экспертлар фикр-мулоҳазалари, шунингдек, чегараолди ҳудудлар аҳолисининг эҳтимолий норозилигига ҳукумат қандай муносабат билдириши кераклиги билан қизиқди.
Бу кўп жиҳатдан минтақа давлатлари ҳал этилмаган чегара низолари иқтисодий ҳамкорлик ва трансчегаравий инфратузилмани ривожлантиришга тўсқинлик қилибгина қолмай, ички барқарорликка ҳам жиддий таҳдид солаётганини англай бошлагани билан боғлиқ. Мулоқот учун янги имкониятларнинг пайдо бўлиши, эксперт гуруҳларининг иштироки, шунингдек, фуқаролик жамияти ва бизнеснинг ортиб бораётган кутилмалари бундай масалаларнинг янада амалий ва ўзаро манфаатли тарзда ҳал этилишига замин яратмоқда.
Ўнлаб йиллар давомида чегараларни делимитация ва демаркация қилиш масалалари кескинлик, ишончсизлик ва баъзи ҳолларда ҳатто зўравонлик манбаи бўлиб келди. Бироқ ҳозирги вақтда мураккаб масалалар бўйича келишув йўлларини излаш истисно эмас, балки минтақавий ҳамкорликнинг янги модели шаклланаётганидан далолат. Бу Марказий Осиёда узоқ муддатли барқарорликни таъминлашга нисбатан етук ёндашувнинг натижасидир.
Шу билан бирга, ҳудудий масалалар, айниқса, Фарғона водийси каби минтақада жуда нозик мавзу ҳисобланади. Кўплаб фуқаролар учун «ҳудуд» тушунчаси нафақат география, балки миллий ўзлик ва суверенитет билан ҳам боғлиқ. Шу сабабли, муросага келишни назарда тутувчи ҳар қандай келишувлар, айниқса ён бериш шаклида, хавотирдан тортиб очиқ норозиликкача бўлган ҳиссий муносабатни келтириб чиқариши мумкин.
Жамиятнинг салбий муносабатини минималлаштиришда ҳукуматлар бундай битимларни имзолаши билан бир қаторда уларни тўғри тушунтириши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чегарада тинчлик, инфратузилмани ривожлантириш, ишончнинг ўсиши сингари узоқ муддатли манфаатларга ишора қилган ҳолда, очиқ ахборот ишларини олиб бориш лозим. Бунда ички ва ташқи ташвиқотларга учмаслик муҳим. Фақат шундагина муроса шунчаки ён бериш эмас, балки барқарорлик ва тараққиёт сари қўйилган қадам сифатида қабул қилинади.
Бундан ташқари, етук давлатчилик мутлақ позицияларда туришда эмас, балки низоларнинг олдини оладиган, кескинлашув сабабларини бартараф этадиган ва яхши қўшничилик учун шароит яратадиган барқарор ечимларни топишда намоён бўлади.
Аҳоли сиёсий чегараларнинг юкини ўзида ҳис қилмаслиги керак, деб ўйлайман. Ҳудудий масалалар атрофида ҳиссиётга берилиш, чегаралардан ўтишда ортиқча расмиятчилик, трансчегаравий сув ҳавзаларидан фойдаланишда доимий тортишувлар, аввало, қарор қабул қилувчиларда стратегик фикрлаш ва сиёсий етуклик етишмаслигидан далолат беради.
XXI асрда давлат бошқарувининг самарадорлиги риториканинг қатъийлиги билан эмас, балки тўсиқларни бартараф этиш, чегара чизиғидан қатъи назар, барча фуқаролар учун эркин ҳаракатланиш, ҳамкорлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш қобилияти билан ўлчаниши керак.
Бевосита «Чашма» булоғига тўхталадиган бўлсак, унинг устида эришилган битим — бу замонавий, амалий ёндашув намунаси: фойдаланиш имкони таъминланди, эҳтиёжлар қондирилди, бироқ томонларнинг суверенитети расман сақланиб қолди. Булоқни «Ўзбекистон ва Қирғизистон халқларининг умумий бойлиги» деб таърифлаш, менимча, шунчаки дипломатик ишора эмас, балки минтақавий риторика ва тафаккурдаги муҳим ўзгариш ҳамдир.
Бундай келишувлар ўзаро боғлиқлик ва умумий манфаатни тан олишга асосланган янги сиёсий маданиятни акс эттиради. Бундай ютуқлар аллақачон халқаро миқёсда эътироф этилмоқда ва халқаро ҳуқуқ тизими ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойиллари ҳамма жойда синовдан ўтаётган даврда низоларни тинч йўл билан ҳал қилишнинг намунали мисоллари сифатида қаралмоқда.
Шу нуқтаи назардан, мутлақ суверенитетнинг қатъий қарашларидан воз кечиб, ресурсларни ҳурмат, манфаатлар мувозанати ва мулоқотга асосланган ҳолда биргаликда бошқаришга ўтиш глобал беқарорлик кучайиб бораётган шароитда ўз вақтида ва илҳомлантирувчи мисол бўлиб кўринади.
Бундай ечимлар минтақада трансчегаравий ресурслардан фойдаланишга кенгроқ ёндашувга намуна бўлиши мумкин, айниқса давлатларнинг манфаатлари чамбарчас боғлиқ бўлган сув соҳасида. Масалан, Қамбарота ва Роғун ГЭСлари каби йирик гидроэнергетика лойиҳаларини қуриш масаласини муҳокама қилишда. Бу масалалар табиатига кўра кенгроқ ва мураккаб, чунки улар нафақат экологик ва иқтисодий жиҳатларни, балки энергетика хавфсизлиги ва стратегик мустақиллик масалаларини ҳам қамраб олади. Шунга қарамай, агар Марказий Осиё давлатлари умумий манфаат, тенг ҳуқуқли иштирок ва шаффофлик тамойилларини «Чашма» булоғи каби маҳаллий ҳолатларда ишлаб чиқа олсалар, бу янада йирик лойиҳалар учун ҳам шунга ўхшаш ёндашувнинг маънавий-сиёсий асосини яратади.
Яна бир муаммо — Қўштепа канали сингари суғориш иншоотларининг қурилиши. Бу нафақат мамлакатимиз, балки бутун Марказий Осиё учун жиддий синовдир. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бу борада лойиҳа оқибатларини таҳлил қилиш учун илмий институтлар иштирокида қўшма ишчи гуруҳ тузишни таклиф қилиш ва Афғонистонни масалани ортиқча сиёсийлаштирмасдан, сувдан фойдаланиш бўйича очиқ минтақавий мулоқотга таклиф этиш орқали аллақачон конструктив ёндашувни белгилаб берди. Бу оқилона ва узоқни кўзлаган ташаббус, чунки Афғонистон ҳам трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланишга тўлиқ ҳақли ва биз бу масалани ортиқча авж олдирмаслигимиз лозим.
Бундай муаммони бир томонлама ҳал этиб бўлмайди. Шу боис халқаро ҳуқуқ, илмий маълумотлар ва шаффофликка асосланган ягона минтақавий позиция зарур. Вазифа Афғонистон томонини бу масаланинг ўзаро манфаатли ва муросали ечимини топиш фойдали эканига ишонтиришдан иборат. Фақат шу йўл билангина можароларнинг олдини олиш ва Амударёда сув мувозанатини сақлаш мумкин.
Минтақа мамлакатларининг мустақиллиги даврида уларнинг ташқи (халқаро) хавфсизлиги ушбу мамлакатларнинг барчаси халқаро муносабатларнинг чегаралар дахлсизлиги, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик каби тамойилларни ўз ичига олувчи Вестфал меъёрларини қўллаб-қувватлаши туфайли таъминлаб келинган ва таъминланмоқда. Шунга кўра, чегара масалаларини самарали ҳал этиш ушбу давлатларнинг асосий мақсадларидан биридир.
Одатда, муаммолар давлат даражасида эмас, балки субдавлат даражасида (масалан, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларда бўлгани каби) ёки ҳукмрон гуруҳлар даражасида (масалан, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда бўлгани каби) юзага келган ва келмоқда.
Давлатчилик шаклланишининг тараққиёти натижасида кўрсатилган даражаларнинг аҳамияти пасайиб, давлат даражаси аста-секин устунликни қўлга олмоқда. Шу билан бирга, агар минтақа давлатлари Вестфал тамойилларидан воз кечишни бошласа, чегара масалалари яна долзарб бўлиши мумкинлигини ёдда тутиш лозим.
Чегара масалаларини ҳал қилишда, табиийки, субмиллий даражада — маҳаллий таъсир гуруҳлари ва маҳаллий аҳоли томонидан ишлаб чиқилган қарорларни қабул қилмаслик билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келинади. Кўпинча ҳудудни миллатни белгиловчи омил сифатида муқаддаслаштириш — қанчалик парадоксал бўлмасин, биз «миллатнинг сталинча таърифи» бўйича яшашда давом этяпмиз — ва минтақа мамлакатларига хос бўлган ҳокимият ва аҳоли ўртасидаги «узилиш» туфайли ҳукмрон гуруҳларга ишончсизлик бундай норозиликни янада кучайтиради. Бундай қаршилик хавфи доим мавжуд, бироқ амалиёт шуни кўрсатадики, сўнгги йилларда у ҳар доим етарлича паст бўлган Ўзбекистонда ҳам, сиёсий қарорларни «жамоатчилик томонидан қабул қилиш»нинг аҳамияти жуда юқори бўлган Қирғизистонда ҳам жиддий равишда бартараф этилган.
«Чашма» булоғи билан боғлиқ прецедентни қизиқарли модель сифатида кўриш мумкин. Лекин шуни ёдда тутиш керакки, у ёки бу объектни «умумий бойлик» сифатида белгилаш, шубҳасиз, вазиятга ва воқеалар ривожи қандай тус олишига боғлиқ. Булоқ мисолида бу унинг табиий хусусияти ва маълум даражада унинг атрофида яшовчи одамлар томонидан муқаддаслаштирилиши билан боғлиқ.
ГЭС ёки суғориш каналлари каби иншоотларни барпо этиш бироз бошқача ёндашувни талаб қилади. Масалан, минтақа мамлакатларида сув масалалари бўйича қисқа муддатли истиқболга мўлжалланган келишувларга эришишнинг етарлича самарали механизмлари ишлаб чиқилган. Маълумки, ҳар йили мамлакатларимиз Амударё ва Сирдарё ҳавзаларидан сув олиш бўйича квоталар белгилайди ва, умуман олганда, ушбу квоталарга риоя қилинади.
Афсуски, шу пайтгача бу жараёнга Афғонистон жалб этилмаган ва, масалан, 2025 йил учун квоталар ушбу мамлакат томонидан сув олишни ўз ичига олмайди. Ваҳоланки, СССР ва Афғонистон ўртасида амал қилган келишувларда бундай квоталаш кўзда тутилган эди. Эртами-кечми бу жараёнга Афғонистонни ҳам жалб қилиш керак бўлади. Ва бу имкон қадар тезроқ содир бўлгани мақсадга мувофиқ. Квота белгилаш «5+1» форматида, олти томонлама мулоқот доирасида, яъни Орол денгизи ҳавзасидаги барча мамлакатлар учун ёки тўрт томонлама мулоқот — фақат Амударё ҳавзаси мамлакатлари учун қуриладими, менимча, бу принципиал аҳамиятга эга эмас.
Бундан ташқари, ГЭС ёки каналларни консорциум асосида барпо этиш ва уларнинг фаолияти орқали ҳам умумийликни шакллантириш мумкин. Алоҳида таъкидлашни истардимки, «муаммоли» иқтисодий объектларни ривожлантириш учун консорциумлар тузиш ғояси янгилик эмас ва 1990 йиллардаёқ илгари сурилган эди. Ўзбекистон Қўштепа канали қурилиши якунлангандан сўнг вазиятни юмшатишини инобатга олган ҳолда, ушбу масалада айнан шундай форматни таклиф қилмоқда.
Ҳозирги босқичда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги, энг аввало, Фарғона водийси атрофидаги чегара масалаларини ҳал этиш масаласи ҳам «ўлик нуқта»дан силжиди. Шунинг учун яқинда Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида, сўнгра Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида булоқ тўғрисидаги келишувлар минтақа давлатлари сўнгги йилларда қўйган қадамларнинг натижасидир.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, минтақа давлатлари бу масалаларни ташқаридан ёрдам сўрамасдан ва ташқи қаршиликларсиз ўзлари ҳал қилишга интилмоқда. Бунга, албатта, қулай ташқи муҳит ҳам имкон яратмоқда. Марказий Осиё ҳозир халқаро кун тартибининг диққат марказида эмас ва бирор можарога бевосита жалб этилмаган. Шу туфайли минтақа мамлакатлари илгари ечими қийин бўлиб туюлган масалаларни ташқаридан ортиқча босим ва эътиборсиз ҳал қилиш имкониятига эга бўлди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги келишув икки мамлакат жамоатчилиги томонидан жиддий норозилик тўлқинини келтириб чиқаради, деб ўйламайман.
Биринчидан, бу жуда маҳаллий масала бўлиб, чегаранинг кичик бир қисмигагина тааллуқли. Бундан ташқари, айнан Қирғизистонда Ўзбекистон билан чегара бўйича асосий келишув доирасида айрим участкалар юзасидан норозилик намойишлари билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш тажрибаси аллақачон мавжуд.
Иккинчидан, минтақада Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги Фарҳод чегара сув омбори бўйича бундай келишув аллақачон бор. У ҳам маъмурий жиҳатдан Тожикистон ҳудудида қолди, бироқ Ўзбекистон унга кириш ва сувдан фойдаланиш ҳуқуқини олди, ГЭСнинг ўзига эгалик ҳуқуқини сақлаб қолди. Чегараолди ҳудудлари аҳолиси эса, аксинча, ушбу келишувларни ижобий қабул қилди, чунки кўп йиллик баҳсли масала ўз ечимини топди.
«Чашма» булоғининг икки халқнинг умумий бойлиги деб эълон қилиниши трансчегаравий табиий ресурслардан фойдаланиш муаммоларини ҳал қилишда қизиқарли ёндашув. Бироқ, менимча, бундай модель барча ўхшаш муаммолар учун универсал эмас.
Марказий Осиё бешлиги ўртасидаги ГЭС ва бошқа ресурслар билан боғлиқ ҳолатда, давлат раҳбарлари, албатта, маълум бир пайтда келишиб, ушбу моделдан фойдаланишлари мумкин. Бироқ вазият, масалан, сув ресурслари танқислиги муаммоси қанчалик кескинлашиши, мамлакатлар раҳбарлари ва давлатлар ўртасидаги муносабатлар келажакда қандай кечишига боғлиқ равишда бошқа сценарий бўйича ҳам ривожланиши мумкин.
Бундан ташқари, қандайдир ҳаётий муҳим ресурсларни умумий бойлик деб эълон қилиш минтақа сиёсий элиталари учун деярли муқаддас бўлган суверенитет тамойилига зид келади. Шу сабабли, агар Марказий Осиё мамлакатлари узоқ муддатли истиқболда ушбу жараён кўпроқ фойда келтиришини англаган ҳолда, барча даражаларда кўп томонлама интеграциялашув жараёнини йўлга қўйса, бундай модель ҳақиқатга янада яқинроқ бўлади.
Афғонистон томонидан Қўштепа каналининг қурилиши билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш бутунлай бошқача ёндашувни талаб қилади. Менимча, бунга қарши туришнинг иложи йўқ ва уни қуришга ҳеч нарса тўсқинлик қилмайди. Шунинг учун Афғонистон тез орада трансчегаравий сувдан фойдаланишнинг жиддий иштирокчисига айланади. Шу билан бирга, умумминтақавий позицияни ишлаб чиқиш Марказий Осиё давлатларининг «Толибон» ҳаракати билан Афғонистон ҳукумати сифатида ўзаро алоқаларга доир қарашлари кескин фарқ қилиши, шунингдек, минтақа мамлакатларининг Амударё сувидан фойдаланишдан турли даражада манфаатдор эканлиги туфайли қийин кечади. Бундан ташқари, Афғонистоннинг ўзи учун ҳам Марказий Осиё ҳозирда устувор минтақа эмас, айниқса Жанубий Осиё ёки Эрон йўналишларига таққослаганда.
Шундай бўлса-да, Афғонистонни минтақа билан ҳамкорликка жалб этиш лозим, аслида Ўзбекистон ҳам шунга уринмоқда. Асосий масала — ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва зиддиятларни камайтириш учун Марказий Осиё давлатлари Кобулга, жумладан, трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш масалаларида нимани таклиф қила олишида.
Тожик-қирғиз чегарасидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегарада вазият у қадар кескин бўлмаган. Тўғри, чегара можаролари бўлган. Қурол ҳам ишлатилган, чегарачилар иштирокида ҳам можаролар юз берган. Лекин буларнинг бари Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида яқинда кўрганимиз каби кичик урушларга олиб келмаган. Бу билан Тошкент ва Бишкек ўртасидаги келишувларнинг аҳамияти паст, дейиш фикридан йироқман, бироқ тан олиш керакки, дастлаб томонлар учун вазият Бишкек ва Душанбе ўртасидаги жараёнга қараганда анча осонроқ бўлган.
Чегараолди ҳудудлари аҳолиси ўртасидаги норозиликларга келсак, бу умуман олганда табиий ҳолат. Эҳтимол, ўз мавқеини ёки маълум ресурслардан фойдаланиш имкониятини йўқотадиган одамлар келишувларни салбий қабул қилишар. Бироқ бу — фуқароларга ушбу келишувдан кўпроқ манфаат кўришларини тушунтириш — энди давлатнинг вазифаси.
Жамоатчилик орасида, агар юзага келган тақдирда ҳам, жиддий норозилик юзага келади, деб ўйламайман. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида 2022 йилда имзоланган чегара тўғрисидаги биринчи ва асосий ҳужжат Қирғизистонда қандай норозилик ҳаракатига олиб келганига аллақачон гувоҳ бўлганмиз. Бироқ шундан сўнг норозилик кайфиятларини қатъий бостириш ҳамда фаоллар ва мухолиф сиёсатчиларни қамоққа олиш жараёни бошланди. Шунинг учун ҳеч бир томондан чегара масалаларини ҳал этишга тўсқинлик қиладиган жамоат қаршилигини кутмайман.
«Чашма» булоғи билан боғлиқ прецедентга келсак, бундай моделдан фойдаланишни ижобий тенденция деб ҳисоблайман. Уни гидротехник иншоотлар ёки суғориш каналлари қурилиши каби жиддий баҳсларга сабаб бўладиган бошқа масалаларга ечим топишда қўллаш мумкин.
Марказий Осиё бешлиги ичида илгари ҳал қилиб бўлмайдигандек туюлган баҳсларга мослашувчан ечим топишга уринишлар пайдо бўлгани ижобий тенденция. Шартли равишда, илгари сув ресурслари муаммоси фақат томонлардан бирининг фойдасига ҳал қилиниши керак, деган тушунча ҳукмрон эди. Булоқлар ёки дарёларни умумий актив сифатида тан оладиган ёндашув эса минтақамиз учун янгилик. Уларни ҳар икки томонга тенг улушда тегишли деб эълон қилиш ва у ерда яшовчи одамларга ушбу ресурслардан тенг фойдаланиш имкониятини бериш мумкин. Шундай қилиб, мамлакатлар ҳам ичкарида — жамият билан, ҳам икки томонлама даражада қўшимча низолардан қочишлари мумкин.
Шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, Афғонистон томонидан Қўштепа канали қурилиши масаласини ҳал қилиш учун бундай ёндашувни қўллаш ҳозирча қийин. Бу кўп жиҳатдан минтақа давлатларининг «Толибон»га нисбатан ҳали ягона позицияга эга эмаслиги билан боғлиқ. Ҳозирча Марказий Осиёнинг барча давлатларидан фақат Тошкент «Толибон» билан тўғридан-тўғри ва яқиндан мулоқот қилмоқда. Афғонистон ҳукуматининг Қозоғистон ва Туркманистон билан ҳам алоқалари бор, лекин улар бироз суст ва юзакироқ. Қирғизистон билан алоқалар ундан ҳам камроқ, Тожикистон билан эса деярли йўқ — ҳатто расмий даражада ҳам.
Шунинг учун минтақанинг Қўштепа масаласида ягона позицияни ишлаб чиқиши ҳозирча ҳақиқатдан йироқ деб ўйлайман. Фикримча, канал қурилиши таъсир кўрсатиши мумкин бўлган минтақа давлатлари ўзлари учун энг қулай шартларни қўлга киритиш мақсадида «Толибон» билан икки томонлама мулоқотга эътибор қаратишга ҳаракат қилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.