Тўлдирувчи, лекин ўрнини босувчи эмас. Экспертлар — Ўзбекистоннинг ТДТдан нима исташи ҳақида

Тўлдирувчи, лекин ўрнини босувчи эмас. Экспертлар — Ўзбекистоннинг ТДТдан нима исташи ҳақида

21 май куни Венгрияда Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) норасмий саммити бўлиб ўтди. Ўзбекистоннинг ТДТдаги иштирокининг фаоллашиши Тошкентнинг Марказий Осиёда ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги саъй-ҳаракатларига зид келмайдими? «Газета.uz» бу борада экспертлар фикри билан қизиқди. Шунингдек, таҳририят Тошкентнинг ТДТ доирасидаги асосий манфаатларини санаб ўтишни ва ташкилотнинг замонавий халқаро муносабатлар тизимидаги ривожланиш истиқболларини баҳолашни сўради.

«ТДТнинг келажаги тенг ҳуқуқли мулоқот ва кун тартибини сиёсийлаштирмасликка боғлиқ»


— Отабек Акромов, Прогрессив ислоҳотлар маркази эксперти

ТДТдаги иштирокини фаоллаштириши Ўзбекистоннинг минтақавий кун тартибига зид эмас, балки уни тўлдиради. Тошкент изчил равишда кўп қиррали ташқи сиёсат олиб бормоқда, туркий тилли мамлакатлар билан алоқаларни чуқурлаштириш иқтисодий ва маданий алоқаларни кенгайтириш стратегиясига мантиқан мос келади.

Тожикистоннинг ташкилотда иштирок этмаслиги Марказий Осиё форматининг қамровини чеклашига қарамай, ТДТ Ўзбекистон учун минтақавий ўзаро боғлиқлик ва биргаликда ривожланишни илгари суриш йўлидаги параллел платформа вазифасини ўтамоқда.

Ўзбекистон ТДТни ташқи сиёсий таъсирнинг прагматик механизми сифатида кўради. Тошкентнинг манфаатлари кўп қиррали. Биринчидан, савдо йўналишларини ва умуман ташқи иқтисодий алоқаларни диверсификациялаш. Иккинчидан, Тошкент ТДТни Туркия ва бошқа минтақавий иштирокчилар билан ҳамкорликни ривожлантириш орқали Россия ва Хитой каби йирик давлатлар билан муносабатларни мувозанатлаштириш воситаси сифатида кўради. Учинчидан, маданий ва тил жиҳатидан яқинлик Ўзбекистонга ўзининг «юмшоқ куч»ини илгари суриш, тарихий ва цивилизациявий умумийликни мустаҳкамлаш имконини беради.

Бугунги кунда Тошкент Ўрта (Транскаспий) транспорт йўлаги йўналишида транзит тарифларини пасайтириш, чегараларни кесиб ўтиш тартиб-қоидаларини соддалаштириш, замонавий логистика инфратузилмасини ривожлантириш ва қўшма транспорт операторларини ташкил этиш ғоясини фаол илгари сурмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон аъзо давлатлар ўртасида электрон ҳужжат айланишини жорий этиш ва ўзаро тан олиш тўғрисида кўп томонлама келишув тузиш тарафдори.

Ҳозирги кўп қутбли дунё шароитида ТДТ бир вақтнинг ўзида ҳам имкониятларга, ҳам чекловларга эга эканлигини тушуниш муҳим. Бир томондан, регионализм аҳамиятининг ўсиши ва (сиёсий вазни нуқтаи назаридан) ўрта даражадаги кучларнинг фаоллашуви унинг янада сезиларли роль ўйнаши учун шароит яратади. Ташкилот глобал парчаланиш шароитида умумий иқтисодий ва маданий манфаатларни илгари суриш учун платформага айланиши мумкин.

Бироқ, бу фақат ташкилотнинг Туркия тимсолидаги норасмий етакчиси қолганлар учун «катта оға» бўлишга интилмаса, масалан, сўнгги пайтларда бўлгани каби, асосий эътиборни Кипр масаласига қаратиб, кун тартибини сиёсийлаштирмасагина мумкин бўлади. ТДТ самарадорлиги иштирокчи мамлакатлар вакиллик қиладиган минтақалардаги турли геосиёсий вазиятлар ва ташкилот аъзоларининг бир-бирига зид бўлган миллий манфаатлари билан ҳам чекланиши мумкин.

Рамзий иттифоқдан самарали механизмга айланиш учун ТДТ аниқ натижаларга эътибор қаратиши лозим. Биринчиси — инфратузилма ва ўзаро боғлиқлик: аъзо мамлакатлар ўртасидаги савдо ва инвестицион муносабатларни кучайтириш учун транспорт йўлакларини, жумладан, Транскаспий йўналишини ривожлантириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Иккинчиси — иқтисодий ва рақамли интеграция: савдо қоидаларини уйғунлаштириш, рақамлаштириш ва қўшма корхоналарни қўллаб-қувватлаш барқарорлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлайди. Учинчиси — таълим ва ёшлар алмашинуви: академик ва маданий алмашинув дастурларига инвестиция киритиш узоқ муддатли бирдамликни таъминлайди ва туркий макон раҳбарларининг янги авлодини тайёрлайди.

«ТДТ минтақавий ва минтақалараро ҳамкорликнинг тўлақонли субъекти мақомини мустаҳкамлаши керак»


— Нозимабону Мансурова, Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) бош илмий ходими

Тошкентнинг ТДТ ишида фаол иштирок этиши Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланмиш Марказий Осиё кун тартибидан чекиниш эмас. Бу очиқлик ва кўп қиррали сиёсатнинг мантиқий давомидир.

ТДТ яқин ва узоқ қўшнилар билан алоқаларни чуқурлаштириш учун қўшимча имкониятлар яратади: қўшма инвестиция лойиҳаларидан тортиб транспорт йўлаклари ва инсонпарварлик ташаббусларини яратишгача. Ушбу ташкилот доирасида логистикани соддалаштириш, рақамли трансформация ва энергетика масалалари бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Бу Марказий Осиё мамлакатларининг барқарорлиги ва рақобатбардошлигига бевосита таъсир кўрсатади.

Марказий Осиё давлатларининг барчаси ҳам (масалан, Тожикистон) ТДТга аъзо бўлмаса-да, аъзо давлатлар билан ўзаро алоқалар фаол: Тожикистоннинг улар билан товар айланмаси 1,5 млрд доллардан ошди. Туркманистон ҳам кузатувчи сифатида ТУРКСОЙ лойиҳаларида иштирок этиб, Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон ва Озарбайжон билан алоқаларини ривожлантириб бормоқда.

Назаримда, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг Марказий Осиё йўналиши ва ТДТдаги иштироки бир-бирини тўлдирувчи форматлардир. Бири минтақавий интеграцияни кучайтирса, иккинчиси шериклик географиясини кенгайтиради. Гап рақобат ҳақида эмас, балки кучларни бирлаштириш ҳақида бормоқда.

Тошкентнинг ТДТдаги асосий манфаатлари иқтисодиёт ва логистикадан тортиб инвестициялар, саноат кооперацияси ва гуманитар ҳамкорликкача бўлган кенг кўламли йўналишларни қамраб олади. Энг муҳимлари орасида қуйидагиларни санаб ўтган бўлардим.

  1. Барқарор иқтисодий муносабатларни шакллантириш ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш. 2024 йил ҳолатига «туркий давлатлар ичидаги» савдонинг улуши атиги 7 фоиз атрофида. Айни пайтда, аъзо давлатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 45 миллиард долларгача етди. Ушбу тенденцияни кучайтириш учун Шавкат Мирзиёев Будапешт саммитида «TURK-TRADE» онлайн платформасини яратиш ташаббусини илгари сурди.
  2. Транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни, энг аввало, Транскаспий йўлаги доирасида ривожлантириш. Айнан шу сабабли Ўзбекистон президенти Будапештда «ягона дарча» ва «яшил йўлаклар» тизимини жорий этишни таклиф қилди. Бу товарлар ҳаракатини соддалаштириши ва мамлакатнинг янги минтақавий бозорларга чиқишини таъминлайди. Шу мақсадда кузда Тошкентда Туркий давлатлар мултимодал транспорти ва логистикаси халқаро форуми ўтказилиши кутилмоқда. Шунингдек, Тошкент юк ташишни 1,5 млн тоннага етказиш учун Каспий денгизидаги энг йирик Алат портида ўз терминалини қуришни режалаштирмоқда.
  3. Инвестицияларни жалб қилиш ва ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантириш. Ўзбекистон Туркий инвестиция жамғармаси фаолиятининг фаоллашишига умид қилмоқда ҳамда ТДТ мамлакатларининг барча инвестицион имкониятлари бирлаштириладиган қўшма венчур компанияси ва ягона инвестиция порталини ташкил этишни таклиф этмоқда. Бундан ташқари, Тошкент кимё, фармацевтика, тоғ-кон, озиқ-овқат ва енгил саноат каби соҳаларда қўшма қувватларни ташкил этишга қаратилган Саноат кооперацияси дастурини ишлаб чиқиш тарафдори.
  4. Гуманитар ҳамкорлик ва таълим соҳасидаги шериклик. Ўзбекистон ТУРКСОЙ фаолиятини такомиллаштириш ва Тошкентда Туркий давлатлар халқаро университетини очиш ташаббусини илгари суряпти.

Менинг фикримча, геосиёсий ва иқтисодий беқарорлик шароитида ТДТ минтақалараро ҳамкорлик ва ривожланиш платформаси сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда. Аъзо давлатлар ҳамкорлик кўламини босқичма-босқич кенгайтириб, ҳозирда 25 дан ортиқ йўналишда ҳамкорлик қиляпти.

Шу билан бирга, ТДТ нафақат янги воқеликка мослашиши, балки минтақавий ва минтақалараро ҳамкорликнинг тўлақонли субъекти мақомини мустаҳкамлаши лозим.

Ушбу тузилмани ривожлантиришнинг қуйидаги устувор йўналишларига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.

Биринчидан, институционал мустаҳкамлаш — умумий сиёсий мулоқотдан амалий ҳамкорлик механизмларига ўтиш. Туркий давлатлар ўртасида Стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартномани ишлаб чиқиш ташаббуси мантиқий қадам бўлди. У ўзаро ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини яратиш ва жамоавий жавобгарлик механизмларини белгилаш имконини беради.

Иккинчидан, савдо ҳамкорлигини ривожлантириш. Гап нафақат ўзаро савдо ҳажмини ошириш (гарчи 2023 йилда товар айирбошлаш ҳажмининг 24 фоизга ўсиши ижобий сигнал бўлса-да), балки бозорларни янада чуқурроқ интеграция қилиш ҳақида ҳам бормоқда. Бу техник регламентлар ва стандартларни яқинлаштириш, рақамли савдо платформаларини синхронлаштириш, шунингдек, логистика ташаббусларини, шу жумладан, Транскаспий йўналишини миллий ривожланиш стратегиялари билан уйғунлаштириш демакдир. Тўлақонли туркий давлатлар ички бозорини яратиш улкан, бироқ амалга ошириш мумкин бўлган вазифага айланиши мумкин.

Учинчидан, инсон капиталига ва технологик ривожланишга узоқ муддатли эътибор. Замонавий таҳдидлар таълим, фан ва инновациялар соҳасида ягона стратегияни талаб қилмоқда. Шу маънода, Тошкентда Туркий давлатлар халқаро университетининг очилиши муҳим аҳамиятга эга. Бироқ қўшма тадқиқот дастурларини ишга тушириш, академик ҳаракатчанликни ривожлантириш, таълим стандартларини мувофиқлаштириш ҳам зарур. «Яшил» технологиялар, сув ресурслари ва чўлланишга қарши курашиш соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш, жумладан, Қурғоқчиликнинг олдини олиш бўйича «йўл харитаси»ни яратиш ташаббуси ҳам фойдадан ҳоли бўлмайди.

«ТДТ — халқаро муносабатлардаги бугунги беқарорлик шароитида кичик давлатлар ўз ўрнини топишга уринаётганининг яққол намунаси»


— Темур Умаров, Берлин Карнеги маркази эксперти

Шуни тушуниш керакки, Тошкентнинг ташқи сиёсатдаги барча саъй-ҳаракатлари фақат Марказий Осиё ичидаги ҳамкорликни яхшилашга қаратилмаган. Ўзбекистоннинг ўз манфаатларига хизмат қиладиган бир қадар прагматик ташқи сиёсат йўналишлари ҳам мавжуд. Шу нуқтаи назардан, ТДТда иштирок этиш ва бу тузилма билан яқинлашиш жараёнларини фаоллаштириш, аввало, Ўзбекистоннинг ўзи учун манфаатли.

ТДТ билан ҳамкорлик Ўзбекистонга ушбу ташкилот қамраб олган каттароқ минтақа билан муносабатларни яхшилаш имконини беришини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак. Бу бошқа ҳар қандай ҳамкорлик шакллари, жумладан, Марказий Осиё учун ҳам кўпроқ имкониятлар яратади. Шу нуқтаи назардан, менимча, булар бир-бирини инкор этувчи эмас, балки тўлдирувчи жараёнлар — гарчи Тожикистон бу форматда келиб чиқиш жиҳатидан иштирок этмаса, Туркманистон эса унчалик фаол бўлмаса-да.

Фикримча, Тошкент ТДТ доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш асносида бир нечта мақсадларни кўзлайди. Биринчи ва энг асосийси — бу дунё билан ўзаро алоқаларини диверсификация қилиш истаги.

Иккинчиси — маданият соҳасидаги ҳамкорлик. Ўзбекистон жамиятга ўзини англаш ва миллий ўзликнинг янги шаклини таклиф этмоқчи. Ўйлайманки, бу янги ўзликни излашда Туркиянинг роли аввалгидан кўра сезиларли даражада ортган. Шу маънода, Ўзбекистон турли мамлакатлар билан ҳамкорликнинг турли шаклларига гўё кўзгу тутиб, унда ўзининг моҳиятини кўришга интилмоқда.

Учинчиси — иқтисодий манфаатлар. ТДТ доирасида Ўзбекистон учун иқтисодий жиҳатдан потенциал манфаатли бўлган кўплаб мамлакатлар мавжуд. Булар иқтисодий жиҳатдан етакчи мамлакатлар бўлмаса-да, қандайдир ўзаро манфаатли алоқаларни топиш мумкин, жумладан, яқин қўшнилар билан ҳам, Венгрия каби янги «қўшнилар» билан ҳам.

Назаримда, ТДТ билан содир бўлаётган воқеалар замонавий халқаро муносабатлардаги жараёнларни жуда аниқ акс эттиради. Бу парчаланиш, бирор-бир етакчи белгилайдиган аниқ хатти-ҳаракатлар моделининг йўқлиги ва у ёки бу куч марказига унчалик яқин бўлмаган барча мамлакатларнинг ўз хавфсизлиги кафолатларини ошириш, хатарларни камайтириш ва муқобил ҳамкорларнинг қўллаб-қувватлашига эришишга уринишидир. Бу, уларнинг мантиғига кўра, асосий кучлар ўртасида катта можаро юзага келганда қўшимча имконият яратади. Шу нуқтаи назардан, ТДТ халқаро муносабатлардаги бугунги беқарорлик шароитида кичик давлатлар ўз ўрнини топишга уринаётганининг яққол намунаси.

Шу билан бирга, менимча, ТДТ аъзоларининг ҳеч бири бугунги кунда бу ташкилотнинг пировард мақсади нима эканлигини аниқ билмайди. Эҳтимол, ҳеч қандай аниқ белгиланган якуний мақсад йўқдир. Ушбу ташкилотга аъзо бўлган ҳар бир мамлакат ундан ўзича нимадир истайди. Ва шу нуқтаи назардан, эҳтимол, ҳатто ушбу ташкилот доирасида ҳам мамлакатларнинг баъзи манфаатлари бир-бирига зид келади. Бироқ ташкилотнинг мақсадлари аниқ ифодаланмагани сабабли, бу ҳозирча келишмовчиликларга олиб келмаяпти.

Шунинг учун, яқин келажакда ТДТ мамлакатлари консенсусга эга бўлган ҳамкорлик йўналишларига эътибор қаратишлари лозим, деб ўйлайман. Биринчидан, ташкилот номидан келиб чиқадиган маданий ва тилга оид ҳамкорлик. Иккинчидан, биз аллақачон кўраётган иқтисодий ҳамкорлик. Ва, учинчидан, аъзо мамлакатларнинг ташқи сиёсий бирдамлиги учун шароитларни шакллантириш.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.