Янги Наманган туманидаги “Паҳлавон” спорт мажмуасида Наманган вилояти ҳокимлиги, республика Спорт вазирлиги, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси ҳамкорлигида ўтказилган мазкур нуфузли мусобақада юртимизнинг барча ҳудудларидан, қолаверса, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон, Тожикистон, Россия Федерацияси, Озарбайжон, Грузия, Беларусь ва Туркиядан келган 300 дан зиёд яккакураш усталари 60 килограммдан +130 килограммгача бўлган 12 та вазн тоифасида куч синашди.
Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган спорт турлари бўйича кечган беллашувлар нафақат мамлакатимиз, балки хорижий давлатлардан ташриф буюрган кучли полвонлар учун ҳам ўз маҳоратини намойиш этиш, шарафли ғалаба учун курашиш имконини берди.
Халқаро турнирнинг юнон-рум кураши баҳслари якуний натижаларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари – Ислом Баҳромов 60 килограмм, Айитжон Халмаханов 67 килограмм, Арам Варданян 77 килограмм, Муҳаммадқодир Расулов 87 килограмм вазнда ғолибликни қўлга киритди.
Оғир вазн тоифалардаги баҳсларда хорижлик спортчиларнинг қўли баланд келди. Хусусан, Беларусь Республикаси вакиллари – Керел Маскевич 97 килограмм ва Павел Глинчук +130 килограмм вазнда ғолиблик шоҳсупасининг баланд чўққисига кўтарилди.
Мусобақанинг эркин кураш тури бўйича баҳслар ҳам муросасиз руҳда кечди. Эътиборлиси, ғолиблар орасида асосан ўзбекистонлик спортчилар эътироф этилди.
Жумладан, 57 килограмм вазн тоифасида республика Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захира мактаби тарбияланувчиси Асадбек Сайдтўраев, 65 кг. вазнда Бухоро вилояти вакили Умид Жалолов, 74 кг. вазнда республика Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захира мактаби аъзоси Бегижон Қўлдошев, 97 кг. вазнда бухоролик Рустам Шодиев зафар қучдилар.
Озарбайжонлик эркин курашчилар ҳам икки вазн тоифасида ўз номларини ғолиблар сифатида ёздириб қўйишди. Хусусан, 86 килограмм, Арсен Джиоев ва +125 килограмм вазнда Магомедхан Магомедов фахрли биринчи ўринга сазовор бўлди.
Дунёнинг энг сара полвонларини юртимиз паҳлавонлари билан бир татамида юзлаштирган, чинакам баҳодирлик ва маҳорат баҳсига айланган, асосийси, “Лос-Анжелес 2028” ёзги Олимпия ўйинларига ўзига хос тайёргарлик вазифасини ўтаган “O’zbek botirlari” иккинчи халқаро гран-при турнирининг ғолиб-совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом, медаллар ҳамда биринчи ўрин учун 20 миллион сўм, иккинчи ўрин учун 10 миллион сўм ва учинчи ўрин учун 5 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотлари билан тақдирландилар.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.