Музликлардан фермер хўжаликларигача: минтақавий ҳамкорлик Марказий Осиёнинг сув муаммоларини қандай ҳал қилиши мумкин?

Музликлардан фермер хўжаликларигача: минтақавий ҳамкорлик Марказий Осиёнинг сув муаммоларини қандай ҳал қилиши мумкин?

Яқинда Марказий Осиёнинг бешта давлати Сирдарё ва Амударё сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича янги келишувга эришди. Булар бутун минтақада қишлоқ хўжалиги, энергетика ва ичимлик суви учун муҳим аҳамиятга эга бўлган муз дарёларидир. Битим ушбу соҳада мустаҳкамланиб бораётган минтақавий ҳамкорликнинг ёрқин ифодаси бўлди.

29 май — 1 июнь кунлари Душанбе шаҳрида Музликларни сақлаш бўйича биринчи халқаро конференция бўлиб ўтди. Бутун дунёдан келган сиёсатчилар ва экспертлар музликларнинг эришини секинлаштириш, шунингдек, уларнинг тез эриши оқибатларига чидамлиликни оширишда зарур бўлган чора-тадбирларни муҳокама қилди.

Сув танқис бўлган Марказий ва Ғарбий Осиёда ечимлар пайдо бўлмоқда. Мамлакатлар саъй-ҳаракатларни бирлаштириб, бир-бирининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда сув ресурсларини сақлаш, бошқариш ва тақсимлаш усулларини қайта кўриб чиқмоқда. Мана, қуйида минтақанинг сув ресурслари келажагини ўзгартирадиган бешта ёндашув.

Сув тошқини ҳақида эрта огоҳлантириш тизимлари


Марказий Осиёда 4500 дан ортиқ музлик кўли мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти яқинда музликларнинг чекиниши натижасида пайдо бўлган. Уларнинг ҳажми ортиши бундай кўлларнинг (GLOF) ёрилиши, сув тошқинлари, қор кўчкилари ва ер кўчиши хавфини оширади. Бу тоғли ҳудудлар аҳолисига ҳамда бозорлар ва ижтимоий хизматларга кириш имкониятини таъминловчи инфратузилмага таҳдид солади.

Музликларнинг эриш характерининг ўзгариши мавсумий сув таъминотини башорат қилишни қийинлаштиради. Эрта баҳорги тошқинлар ва ёзги оқимларнинг камайиши экинларни экиш ва суғориш жадвалини, шунингдек, сув омборларидан фойдаланишни режалаштиришни бузади.

Музликлардан фермер хўжаликларигача: минтақавий ҳамкорлик Марказий Осиёнинг сув муаммоларини қандай ҳал қилиши мумкин?
Ушбу хавфларга қарши туриш учун мамлакатлар сунъий йўлдош маълумотлари, дарё оқимларини ўлчаш датчиклари, маҳаллий кузатувлар ва автоматлаштирилган огоҳлантиришларни ўз ичига олган эрта огоҳлантириш тизимларига сармоя киритмоқда.

Масалан, чекка аҳоли пунктларида тошқин ва сув тошқинлари хавфи юқори бўлган Тожикистонда музлик кўлларини кузатишнинг янги тизимлари ва рақамли прогнозлаш воситалари эҳтимолий ёрилишлар, сув тошқинлари ва ҳатто яқинлашиб келаётган жазирама ҳақида олдиндан огоҳлантиришга ёрдам беради.

Ушбу тизимлардан дарёнинг қуйи оқимидаги заиф ҳавзаларда фойдаланиш фермерларга мослашиш учун кўпроқ вақт беради. Сув тошқини хавфи ҳақида ўз вақтида огоҳлантириш жамоалар ва ҳукуматларга одамлар ва уларнинг мол-мулкини яхшироқ режалаштириш ва ҳимоя қилиш имконини тақдим этади.

Мослашишнинг табиий методлари


Ёғингарчилик ва оқим миқдори тобора олдиндан айтиб бўлмайдиган бўлиб бораётгани сабабли мослашишнинг табиий методлари жамоалар учун самарали бўлиши мумкин. Ёнбағирлардаги ботқоқликлар ва ўрмонларни қайта тиклаш сув тошқини хавфини камайтиришга ва қурғоқчил даврлар учун сувни тежашга ёрдам беради.

Музликлардан фермер хўжаликларигача: минтақавий ҳамкорлик Марказий Осиёнинг сув муаммоларини қандай ҳал қилиши мумкин?
Қозоғистон ва Ўзбекистон табиий мослашиш усулларини ўз миллий дастурларига интеграция қилмоқда. Тожикистон тоғларида ёғаётган ёмғир сувини тўхтатиб қолиш, тупроқ эрозиясининг олдини олиш ва ерости сувларини тўлдириш учун ёнбағирларда террасалар ҳосил қилинади, ўтлар экилади ва чуқур бўлмаган хандақлар қазилади.

Суғоришдаги ақлли тизимлар


Марказий Осиёдаги чучук сувнинг 80 фоиздан кўпроғи қишлоқ хўжалигига йўналтирилади. Бироқ каналлар ва насосларнинг эскиргани, далаларни сув бостириш каби самарасиз усуллардан фойдаланиш қимматли сув ресурсларининг 50 фоизгача йўқолишига олиб келмоқда.

Суғоришни модернизация қилиш қишлоқ хўжалигида сувни тежаш ва ҳосилдорликни оширишнинг энг тезкор усулларидан биридир. Бунинг учун далаларни текислаш каби оддий усуллар қўлланади, шунда сув барча экинларга бир текисда етиб боради. ОТБ кўмагида Ўзбекистон улкан қишлоқ хўжалиги майдонларини текислаш устида ишламоқда.

Тожикистон баланд тоғ хўжаликларида қуёш энергиясидан фойдаланган ҳолда томчилатиб суғориш ва кичик насосларни автоматлаштириш тажрибасини ўтказмоқда. Бунда қуёш энергияси насослар ишини таъминлаш ва ўсимлик илдизларига мунтазам намлик етказиб бериш учун ишлатилади. Худди шундай технологиялар бутун минтақа бўйлаб жорий этилмоқда.

Бундай воситаларни кенгроқ жорий этиш ўқитишга, харажатларни тақсимлашга ва фермерларга замонавий усулларга ўтишга ёрдам берадиган таъминот занжирларини яратишга сармоя киритишни талаб қилади. Бу, охир-оқибат, ҳосилдорликнинг барқарор ўсишига, ресурсларни тежашга ва «ҳар бир томчи сув билан кўпроқ етиштириш» имконини берувчи тупроқ ҳолатини яхшилашга ёрдам беради.

Дарё ҳавзаларида сув ресурсларини прогнозлаш


Сунъий йўлдош маълумотларига асосланган янги воситалар туфайли сувнинг мавжудлигини прогноз қилиш осонлашмоқда. Рақамли платформалар мавсумий сув тақсимотини бошқариш учун иқлим, гидрологик ва қишлоқ хўжалиги маълумотларини бирлаштиради.

Асосийси, сув ресурсларини бошқариш учун масъул бўлган шахслар, жумладан, аёллар ушбу маълумотларга эга бўлиши ва уларни тезкор таҳлил қилиш имкониятига эга бўлиши керак.

Қор қоплами, музликларнинг эриши ва қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари ҳақидаги тезкор маълумотлар аллақачон сув омборларида оқимни тартибга солиш ва суғориш жадвалларини тузиш учун қўлланмоқда. Ўзбекистон ва Тожикистонда сув хўжалиги органлари юқори ва қуйи бўғин манфаатларини янада мувозанатли бошқариш учун бундай моделлардан фойдаланмоқда. Ушбу воситалар тизимларни янада ақлли ва адолатли қилиб, фойдаланувчиларга сувни ўз вақтида етказиб беришни таъминлайди.

Маълумотлар алмашинуви ва ҳудудий бошқарув


Чегаралар орқали сув оқмоқда, аммо маълумотлар кўпинча кечикяпти. Минтақадаги вазирлик ва идоралар ҳамон ўз қобиғига ўралиб ишламоқда, қарор қабул қилувчилар эса кимга қаерда қачон ва қанча миқдорда сув кераклиги ҳақида маълумотга эга эмас.

Шу муносабат билан ОТБ дарё ҳавзаларида мувофиқлаштириш платформаларини яратиш ва манфаатдор томонларни хариталашни қўллаб-қувватлайди. ОТБ кўмагида ташкил этилган Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлигининг (МОМИҲ) «Сув устуни» каби минтақавий ташаббуслар Марказий Осиё мамлакатларида шаффофликни ошириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Музликлардан фермер хўжаликларигача: минтақавий ҳамкорлик Марказий Осиёнинг сув муаммоларини қандай ҳал қилиши мумкин?
Сув танқислигини бошқариш, дарё оқимининг ноаниқ режими каби умумий муаммоларни ҳал қилиш мамлакатларни ўзаро боғлаши мумкин. Бундай алоқа нуқталарини излаш орқали ОТБ мамлакатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш ва билим алмашишга ҳисса қўшади. Шу туфайли минтақа давлатлари трансчегаравий сув инфратузилмасини муҳокама қила бошлади. Бундай ташаббуслар ўзаро манфаат келтириши, жумладан, фермер хўжаликларига кўпроқ сув етказиб бериши мумкин.

ОТБнинг «Музликлардан фермер хўжаликларигача» дастури ақлли суғориш, эрта огоҳлантириш тизимлари, очиқ маълумотлар алмашинуви ва тезкор режалаштириш воситаларини қўллаб-қувватлайди. У босқичма-босқич амалга оширилади. Музликларнинг эриши хавфи юқори бўлган дарё ҳавзалари билан боғлиқ вазият устувор бўлади. Шу билан бирга, минтақа миқёсида узоқ муддатли барқарорликни таъминлаш учун институционал ва техник салоҳиятни мустаҳкамлаш чоралари кўрилади. Яшил иқлим жамғармаси билан биргаликда ушбу минтақавий дастур тўққизта мамлакатда адаптация учун 3,5 миллиард долларгача инвестицияларни жалб қилишга қаратилган.

Ушбу ташаббуслар, сувдан биргаликда фойдаланиш бўйича янги битим билан бир қаторда, ҳамкорликка бўлган интилишни намоён этмоқда. Бироқ у жамоалар учун сезиларли фойда келтириши керак. Ишончли воситаларга эга бўлиш, шунингдек, ўзаро ҳамкорликни тўғри йўлга қўйиш орқали мамлакатлар энг муҳим нарсани — сув, тирикчилик воситалари ва минтақавий барқарорликни ҳимоя қилишлари мумкин.

Ясмин Сиддиқи, ОТБнинг қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, табиат ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш бўйича директори.

Баҳодур Шерализода, Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.