Тадбирнинг 100 дан ортиқ иштирокчиси, жумладан, бизнес вакиллари, вазирлик ва идоралар вакилларига мурожаат қилар экан, у мазкур форум очиқ мулоқотлар, янги ҳамкорлар топиш, лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш имконини бераётганини алоҳида таъкидлади.
«Шавкат Мирзиёев ва Роберт Фицо ўртасида ўтказилган музокаралар ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди, десак муболаға бўлмайди», — деди ҳукумат раҳбари.
Олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича «савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга катта туртки» бўлиши керак бўлган стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида қўшма декларация имзоланди.
Абдулла Арипов ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришда мамлакатларнинг географик жойлашуви муҳим ўрин тутишини таъкидлади. «Бу Ўзбекистон учун Европа Иттифоқининг 500 миллионлик бозорига, Словакия учун эса 80 миллиондан ортиқ аҳолига эга бўлган Марказий Осиё бозорига самарали кириш имконини очиб беради», — деди у.
Бош вазир ҳамкорликни фаоллаштириш мумкин бўлган соҳаларни келтирди. МДҲ ва ЕИ бозорларига эркин чиқиш, махсус иқтисодий зоналарда иштирок этиш, автомобилсозлик, фармацевтика, энергетика, ахборот технологиялари ва туризмни ривожлантириш — шулар жумласидан.
«Ўзбекистон GSP+ тизими орқали 6200 дан ортиқ турдаги маҳсулотларни Европа бозорларига имтиёзли равишда ва божхона божисиз етказиб бериш имкониятига эга», — деб эслади у. Шунингдек, Афғонистон бозорига чиқиш мумкин бўлган Термиз халқаро савдо маркази ҳақида ҳам сўз юритилди.
Арипов мамлакатда 22 та махсус иқтисодий зоналар мавжудлигини, уларнинг резидентлари солиқ ва божхона тўловларидан озод қилинганини, ташқи инфратузилмани қуришни эса давлат ўз зиммасига олишини таъкидлади.
«Барчангизни ушбу зоналарда фаолият бошлашга таклиф қиламан», — деди у словакиялик инвесторларга.
«Биз қўшни мамлакатлар ҳамда Озарбайжон билан биргаликда автомобилсозлик соҳасида саноат кооперация лойиҳаларини амалга оширмоқдамиз. Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистонда автомобиль бутловчи қисмларини (ёритиш тизимлари, резинотехника маҳсулотлари, датчиклар, тормоз ва бошқарув тизимлари ва бошқалар) ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ташаббусини илгари сурамиз», — таъкидлади бош вазир.
«Бу нафақат ўсиб бораётган ички талабни қоплаш, балки бутун Евроосиё бозорига экспорт қилиш имконини яратади», — деди ҳукумат раҳбари.
Словакияда Volkswagen, Kia Motors, Stellantis (Peugeot S.A. ва Fiat Chrysler Automobiles бирлашиши натижасида ташкил этилган автоконцерн), Jaguar Land Rover ва Volvo автозаводлари жойлашган. Бундан ташқари, мамлакатда 380 дан ортиқ бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи заводлар мавжуд.
Ўзбекистонда 3500 га яқин турдаги дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарилади. Бугунги кунда Ўзбекистон ва қўшни мамлакатларда фармацевтика бозорининг умумий ҳажми 9 миллиард долларни ташкил этади, деди Арипов.
«Словакия фармацевтика ва лаборатория ускуналари, биотехнологик тадқиқотлар ва биофарма маҳсулотлар ишлаб чиқаришда етакчи тажрибага эга. Ушбу йўналишларда қўшма тадқиқот марказлари ва экспортбоп дори воситаларини ҳамкорликда ишлаб чиқаришни таклиф этамиз», — деди у.
Сўнгги беш йилда Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқариш 30% ўсиб, 82 миллиард кВт/соатга етди. 2030 йилга бориб «яшил» энергиянинг умумий ишлаб чиқаришдаги улушини 54 фоизга етказиш режалаштирилган.
«Алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, сўнгги икки йил ичида президент фармонлари туфайли Ўзбекистон электр энергиясини импорт қилувчи давлатдан электр энергиясини экспорт қилувчи давлатга айланди. Словакия компанияларининг энергетика соҳасидаги тажрибасини инобатга олиб, уларни амалга оширилаётган лойиҳаларда фаол иштирок этишга таклиф қиламиз», — деди бош вазир.
«Биз кадрлар тайёрлаш, IT-аутсорсингни йўлга қўйиш масалаларида ҳамкорлик қилишни таклиф қиламиз», — деди у Словакия Глобал инновациялар индексида 46-ўринни эгаллаб, 7 миллиард долларлик IT хизматлари экспорт қилганини эслатар экан.
У туризмга алоҳида эътибор қаратди: Ўзбекистон 90 дан ортиқ давлат фуқаролари учун визасиз режимни таъминламоқда, 2023 йилда сайёҳлар сони илк бор 10 миллиондан ошди.
«Мамлакатимизда 120 га яқин минерал ва термал манбалари мавжуд. Словакиянинг тиббий туризми соҳасидаги тажрибасидан келиб чиқиб, словак инвесторлари иштирокида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдормиз», — деди ҳукумат раҳбари.
«Ишонтириб айтаманки, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатимизда муваффақиятли фаолият олиб боришингизни таъминлаш учун ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни кафолатлайди».
Аввалроқ хабар қилинганидек, Ўзбекистон ва Словакия ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва қишлоқ хўжалиги, автомобиль бутловчи қисмларини маҳаллийлаштириш, туризм ва фармацевтика соҳаларида йирик қўшма лойиҳаларни йўлга қўйишга келишиб олди. Томонлар IT стартаплари учун қўшма корхона фондини яратиш ва уюшган миграцияни йўлга қўйиш устида иш олиб боради.
Словакия бош вазири Роберт Фицо мамлакатлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 100 миллион еврога етказишни режалаштираётганини маълум қилди. У Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳаларни санаб ўтди — аэропортларда метеорологик тизимларни модернизациялаш, транспортда интеллектуал ечимлар, Ангренда ферроқотишма ишлаб чиқариш ва бошқалар.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.