Мусобақанинг умумий мукофот жамғармаси 500 минг еврони ташкил этади. Шундан рапид йўналишига 310 минг, блиц йўналишига эса 190 минг евро ажратилган. Дастлабки уч кун давомида рапид баҳслари бўлиб ўтди. Ҳар бир жамоа 12 та баҳсда дона сурди.
Ўзбекистон терма жамоаси ҳал қилувчи учинчи кунги баҳсларда икки ғалаба, бир дуранг ва бир мағлубият қайд этди. 12-турдаги якуний ўйинда Нодирбек Абдусатторов франциялик кучли рақиб Алиреза Фирузжага қарши кечаётган партияда мағлубиятга яқин келганди, бироқ у даҳшатли камбекни амалга ошириб, ғалабага эришди. Бу натижа Ҳикару Накамура, Уэсли Со, Максим Ваше-Лаграв, Александра Костенюк каби кучли шахматчилар жам бўлган WR Chess Team устидан 3,5:2,5 ҳисобида зафар қучишга сабаб бўлди.
Шунингдек, Global Ramblers жамоаси 5:1, Исроил терма жамоаси 4,5:1,5 ҳисобида мағлуб этилган бўлса, Malcolm’s Mates ва Hexamind жамоалари билан 3:3 ҳисобида жанговар дуранг ўйнашди. Hexamind таркибида таниқли гроссмейстерларга қарши ўйинда Жавоҳир Синдаров амалдаги жаҳон чемпиони Володар Мурзин, Нодирбек Абдусатторов эса Левон Аронянни мағлуб этди. Рустам Қосимжонов ва Шамсиддин Воҳидов партияларини дуранг билан якунлади. Афсуски, Афруза Ҳамдамова ва Нилуфархон Имомқузиэва ўз рақибларига имкониятни бой берди.
Рапид йўналишидаги баҳслар якунида Ўзбекистон терма жамоаси 7 ғалаба, 3 дуранг ва 2 мағлубият билан 17 очко тўплади ва қўшимча кўрсаткичларга кўра 4-ўринни эгаллади. Худди шунча очко тўплаган Freedom жамоаси қўшимча коэффициентлар орқали бронза медалларини қўлга киритди. Team MGD1 жамоаси 21 очко билан жаҳон чемпионлигини қўлга киритди, Ҳехаминд Chess Теам эса 20 очко билан кумуш медал соҳибига айланди.
Ўзбекистон терма жамоаси рапид йўналишидаги иштирок учун 30 000 евро миқдорида мукофот пули билан тақдирланди.
Блиц йўналишида Ўзбекистон терма жамоаси саралаш босқичида барча 12 учрашувда ғалаба қозониб, 24 очко билан C гуруҳи ғолиби сифатида плей-оффга йўл олди. 1/8 финалда D гуруҳининг 4-ўриндаги Қозоғистоннинг Barys.kz жамоасига қарши икки баҳсда ҳам устунлик қайд этилиб, чорак финал йўлланмаси қўлга киритилди.
Чорак финалда Ниҳал Сарин бошчилигидаги Исроилнинг Ashod Elit Chess Club жамоасига қарши баҳсларда 3:3 ва 5:1 ҳисобида ғалаба қозонилди.
Ярим финалда Александр Гришук етакчилик қилган Қозоғистоннинг KazChess жамоасига қарши баҳсда биринчи ўйин 3:3 ҳисобида дуранг билан якунланди, иккинчи ўйинда эса қўшни жамоа 4:2 ҳисобида устун келди ва финал йўлланмасини қўлга киритди.
Учинчи ўрин учун беллашувда Hexamind жамоасига ҳар иккала учрашувда ҳам 2,5:3,5 ҳисобида имконият бой берилди. Натижада Ўзбекистон терма жамоаси яна 4-ўрин билан кифояланди.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси рапид ва блиц йўналишларидаги Жаҳон чемпионатини 4-ўринда якунлади. Рапид баҳслари учун 30 минг, блиц йўналиши учун эса 50 минг евро мукофот пули ишлаб топилди. Умумий мукофот пули 80 минг еврони ташкил этди.
Финалда KazChess жамоасини мағлуб этган WR Chess Team блиц бўйича жаҳон чемпионлигини сақлаб қолди.
Манба: daryo.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.