Ринат Жумабаев: «Нодирбек Абдусатторов — Магнус Карлсен билан фақат ғалаба учун ўйнайдиган кам сонли шахматчилардан бири»

Ринат Жумабаев: «Нодирбек Абдусатторов — Магнус Карлсен билан фақат ғалаба учун ўйнайдиган кам сонли шахматчилардан бири»

Қозоғистоннинг етакчи шахматчиси Ринат Жумабаев ёш ва истеъдодли гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов ҳақида илиқ фикр билдирди:

“Мен Нодирбекнинг шахматдаги шаклланишини бошидан кузатганман. Ёшлигидан у билан Марказий Осиё ва халқаро мусобақаларда тўқнаш келганмиз. Биринчи дақиқаларданоқ унинг юрагида фақат битта мақсад — ғалаба яшарди”.

Жумабаев, шунингдек, Нодирбекни бугунги замонавий шахматда энг жанговар ва қатъиятли шахматчилардан бири деб таърифлади:

“Агар Каруана – курашни истайдиган жанговар шахматчи бўлса, Нодирбек бу жиҳатдан ундан ҳам олдинга чиқади. У ҳар бир партияда фақат ғалабани кўзлайди. Карлсен билан ҳам айнан ғалаба учун ўйнайдиган кам сонли шахматчилар бор — улардан бири Каруана бўлса, иккинчиси айнан Нодирбек”.

Таваккал қилишдан қўрқмайдиган иқтидор: Абдусатторовнинг позицион билимлари юқори даражада. У таваккал қилишдан, мураккаб вазиятларга киришдан чўчимайди:

“Агар у партияда кескин бурилиш яқинлашаётганини сезса – бемалол ўша йўлдан юради. У қўрқмайди. У исталган вақтда «all-in» қилишга тайёр”.

Шахмат тожига даъвогар Жумабаев Нодирбекни шахмат тахтининг янги эгасига айланадиган энг реал номзодлардан бири деб билади:

“Агар у даъвогарлар турнирига йўлланма олса, финалга чиқиш учун жуда катта имкониятга эга. Гукеш билан бўладиган эҳтимолий баҳсда ҳам у аутсайдер бўлмайди. Улар орасида доим кескин кураш бўлади ва Нодирбек уни тез-тез мағлуб этади. 2022 йилги Олимпиададаги ҳал қилувчи ўйин буни исботлаган — айнан ўша ғалаба Ўзбекистонни Олимпиада чемпионига айлантирган эди”.

Манба: https://t.me/uzchess

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.