Ўзбекистонда ҳокимлар ва депутатлар кенгашлари ўртасида ваколатларни қайта тақсимлаш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда ҳокимлар ва депутатлар кенгашлари ўртасида ваколатларни қайта тақсимлаш режалаштирилмоқда

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 29 июль куни бўлиб ўтган мажлисида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органларига тегишлилиги бўйича қайта кўриб чиқишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди ва қабул қилинди.

Адлия вазирининг ўринбосари Шерзод Рабиев ҳисобот билан чиқиш қилди. Унинг таъкидлашича, Конституциянинг янги таҳрири қабул қилинганидан кейин ҳудудларда ҳокимият тармоқларини ажратиш қоидалари амалда жорий этилди — вакиллик ва ижроия органлари ваколатлари, шунингдек, кенгаш раиси ва ҳоким лавозимлари аниқ чегаралаб қўйилди.

«Конституциянинг янги таҳририни қабул қилиш амалдаги қонун нормаларини унинг қоидалари билан уйғунлаштиришни талаб қилади, шунда улар ягона тартибда қўлланади. Янги конституциявий нормалар кенгашларнинг аҳоли муаммоларини ҳал қилиш ва ҳудудларни ривожлантиришдаги ролини оширишга, парламент назоратининг янги шаклларини жорий этишга, шунингдек, ҳокимларнинг кенгашлар олдидаги жавобгарлиги ва ҳисоб бериш мажбуриятини кучайтиришга қаратилган. Бу қоидалар қонунчиликда мустаҳкамланиши лозим», — деди Шерзод Рабиев.

Унинг қўшимча қилишича, «Ўзбекистон — 2030» стратегияси мақсадлари кенгашларни халқнинг ҳақиқий овозига айлантиришни, ҳокимликлар фаолиятини эса аҳоли манфаатларига хизмат қиладиган тизимга айлантиришни назарда тутади.

Қонун лойиҳаси билан маҳаллий Кенгаш раиси ва ҳоким лавозимлари бир-биридан ажратилганлиги сабабли амалдаги 9 та кодекс ва 71 та қонун қайта кўриб чиқилиб, уларда назарда тутилган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг вазифа ва функциялари «Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким» тамойили асосида вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида қайта тақсимланмоқда.

Вакиллик органларига ҳокимликларнинг 26 та ваколати, шунингдек, аввал маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ихтиёрида бўлган қўшимча 33 та ваколат топширилади. Шу билан бир вақтда республика ижроия органлари ваколатига кирадиган 8 та такрорланувчи функция бекор қилинади. Қайси аниқ функциялар кенгашларга ўтказилиши ҳақида маълумот берилмаган. Ҳужжат жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинмади.

Рабиевнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Германия, Жанубий Корея, Япония, Польша, Чехия, Австрия, Эстония, Латвия ва Литва каби давлатларнинг халқаро тажрибаси ўрганилган. Ушбу мамлакатларда ҳам «вакиллик ва ижроия ҳокимияти тармоқлари ўртасидаги ваколатлар аниқ чегаралаб қўйилган».

«Қонуннинг қабул қилиниши „Янги Ўзбекистон“ маъмурий ислоҳотларининг давоми бўлиб хизмат қилади, ҳокимлар ва халқ депутатлари кенгашлари ўртасида ваколатлар тақсимотига асосланган давлат ҳокимиятининг янги моделини тўлиқ амалга ошириш, кенгашларнинг давлат ва жамоат бошқарувидаги ҳамда маҳаллий ҳокимиятни янги конституциявий-ҳуқуқий шароитда ташкил этишдаги ролини кучайтиришга қаратилган», — деди у.

Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар беришича, «қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда депутатлар томонидан қабул қилинди». Бироқ, онлайн трансляцияда кўриш мумкинки, бирор депутат савол бермаган. 115 нафар депутатнинг барчаси ҳужжатни биринчи ўқишда қабул қилиш учун овоз берди. Энди уни иккинчи ва учинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқиш керак бўлади.

Янги Конституциядан келиб чиқадиган қонунчиликка киритилган ўзгаришларга кўра, туман (шаҳар, вилоят) ҳокими ва халқ депутатлари кенгаши раиси лавозимлари ажратилган. Яқин вақтгача ҳокимлар тегишли ҳудудда ҳам вакиллик (кенгаш), ҳам ижроия (ҳокимлик) ҳокимиятини бир вақтнинг ўзида бошқариб келарди, бу эса ҳокимият тармоқлари ўртасидаги тийиб туриш ва мувозанат принципини бузиб келаётган эди. Жамиятда анча вақтдан бери муҳокама қилиб келинаётган ҳокимларни сайлаш имконияти референдум пайтида Конституция лойиҳасига киритилмаган.

Ушбу ўзгариш вилоят ва Тошкент шаҳри кенгашлари ҳамда ҳокимларига октябрь ойидаги сайловлардан кейин кучга кирди (туман ва шаҳар ҳокимликлари учун норма 2026 йил 1 январдан амал қилади). Gazeta вилоят кенгашлари томонидан кенгаш раиси лавозимига тайинланганлар ҳақидаги қарорларни ўрганганди. Ҳудудларда кенгаш раҳбари лавозимига собиқ ҳокимлар, ҳоким ўринбосарлари, «Нуроний» жамғармаси ходимлари, Маҳаллалар ассоциацияси бошқармаси ва бошқа ташкилотлар вакиллари, кенгашга депутат сифатида сайланган шахслар тайинланган.

2024 йил ноябрида Ўзбекистон президенти ҳоким ва кенгаш раиси ваколатларининг ажратилишини халқнинг 30 йиллик орзусини рўёбга чиқарган сиёсий ислоҳот деб атаганди. Ўшанда у кенгашларга ҳокимларнинг янада кўпроқ ваколатларини бериш ва туман ҳамда шаҳарларнинг молиявий мустақиллигини оширишни эълон қилган эди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.