Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси миссиясини якунламоқда: 4 йил ичида мамлакатлар муносабатлари қандай ривожланди?
Франция Ўзбекистон мустақиллигини 1992 йил январда тан олган ва орадан бир йил ўтар-ўтмас дастлабки келишувларни имзолаган. Бироқ кейинги йигирма йил давомида алоқалар узуқ-юлуқ ҳолда қолди.
Вазият 2018 йилда ўзгарди, ўшанда Шавкат Мирзиёев Европага илк ташрифи учун Францияни танлади. Франциялик ҳамкасби Эммануэль Макрон билан музокаралар якунида ҳарбий-техник ҳамкорликдан тортиб туризм ва маданият соҳасигача бўлган 10 та шартнома имзоланди.
Паузадан кейинги тезлик
Пандемиядан сўнг икки томонлама алоқалар изчил ривожлана бошлади. 2022 йил ноябрь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган Парижга расмий ташрифи Франция тараққиёт агентлиги билан қарийб 6 млрд евроли шартномалар ва 1 млрд евроли стратегик ҳамкорлик дастури имзоланиши билан якунланди.
Елисей саройида бўлиб ўтган музокараларда томонлар «кенг қамровли юқори даражадаги шериклик» муносабатларини ривожлантиришга
келишиб олди.
2023 йилда Франция президенти Эммануэль Макроннинг Самарқандга расмий ташрифи норасмий дастур — Регистон бўйлаб сайр билан бойитилди. Музокаралар чоғида томонлар ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олди: уран қазиб олиш ва қайта ишлаш, электростанциялар қуриш, сув таъминоти тизимларини модернизация қилиш, шаҳар ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш.
2025 йил март ойида Шавкат Мирзиёев яна бир бор Францияга давлат ташрифи билан борди. Натижада мамлакатлар ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида қарор
қабул қилинди, стратегик режалаштириш гуруҳи тузилди, қишлоқ хўжалиги ва «яшил» энергетикадан тортиб транспорт ва соғлиқни сақлашгача бўлган соҳаларда 20 дан ортиқ битимлар имзоланди.
Шахсий фактор
Сўнгги йилларда шахсий дипломатия икки томонлама муносабатларнинг муҳим элементига айланди. Шавкат Мирзиёев ҳам, Эммануэль Макрон ҳам сиёсий келишувларни мустаҳкамлаш учун норасмий мулоқотдан фаол фойдаланмоқда.
2025 йилги Париж учрашуви рамзий совғалар алмашинуви билан кечди: Франция президенти ўзбекистонлик ҳамкасбига XIX асрга оид «Тамерлан дарвозаси» фотосуратини
топширди, Ўзбекистон раҳбари Франция етакчисига Виктор Гюго романининг ўзбек тилидаги илк нусхасини совға қилди.
Иқтисодиёт: урандан трамвайгача
Франция ва Ўзбекистон иқтисодий соҳада диверсификацияланган кун тартибини шакллантирмоқда. Қўшма лойиҳалар портфели 12 млрд евродан ошади.
Қазиб олиш саноатида Orano ва «Навоийуран» томонидан Навоий вилоятида йилига 500 тонна уран ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳим аҳамиятга эга бўлди. Франция бу лойиҳани Африкадан етказиб беришдаги беқарорлик фонида ресурс хавфсизлиги элементи сифатида кўрмоқда.
Assystem фуқаролик ядро энергетикаси соҳасидаги лойиҳаларни техник қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, Жиззах вилоятида кичик қувватли атом электр станциясини қуриш учун «Ўзатом» билан қўшма корхона ташкил этиш
ниятида.
Энергетика соҳасида EDF Сирдарё ва Сурхондарёда иссиқлик электр станцияларини қуриш лойиҳаларини амалга оширмоқда, Total Eren ва Voltalia эса умумий қуввати 600 МВтдан ортиқ бўлган қуёш ва шамол станцияларини ривожлантирмоқда.
Коммунал соҳада Veolia Тошкент иссиқлик тармоғига 30 йиллик имтиёз олди, Suez Ўзбекистон пойтахти ва ҳудудларида сув таъминотини модернизация қилмоқда ва чиқиндиларни қайта ишлаш лойиҳаларини тайёрламоқда.
Фото: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Транспорт компоненти ҳам сезиларли: Airbus Ўзбекистонга умумий қиймати 815 млн еврога тенг 17 та самолёт ва иккита вертолёт етказиб беришга келишган, Alstom эса пойтахтга трамвай қатновини қайтаришда иштирок этмоқда.
Туризм соҳаси бўлса «Montagne et Neige Développement» компаниясининг Чимёнда умуммавсумий курорт қуриш лойиҳаси туфайли импульс олди.
Савдо: GSP+ тезлаткич сифатида
Сўнгги беш йил ичида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми беш баробарга
ошиб, 2024 йилда 1,1 млрд долларга етди. Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан энг қулай режим ва GSP+ имтиёзларидан фойдаланмоқда, бу эса деярли бир миллиард истеъмолчига бозорга кириш имконини беради. Франция республиканинг тўққизинчи савдо шеригидир.
Ўзбекистоннинг Францияга экспорти уран, кимёвий маҳсулотлар, қатронлар, эфир мойлари, озиқ-овқат маҳсулотларини, импорти эса техника, транспорт, парфюмерия ва фармацевтика маҳсулотларини ўз ичига олади.
Маданий кун тартиби: Амир Темурдан Лувргача
Маданий дипломатиянинг замонавий босқичи 2022 йилга тўғри келди. Луврнинг Ришелье зали ва Ислом бўлимидаги «Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида» номли
кўргазма асосий воқелик бўлди. Республиканинг 16 та музейидан 138 та ноёб буюм, жумладан, 70 та махсус реставрация қилинган экспонат кўргазмаси мамлакатнинг Европа саҳнасидаги маданий манифестига айланди. «Яқин 30 йил ичида бундай кўргазмалар бошқа бўлмайди», —
деганди ўшанда лойиҳа куратори, Лувр археологи Рокко Рантье.
Ўшанда Париждаги Араб дунёси институтида «Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари» кўргазмасида Ўзбекистон музейлари фондидаги чопонлар, зардўзлик ва заргарлик буюмлари намойиш этилган. Кўпгина французлар учун бу замонавий Ўзбекистон билан геосиёсий янгиликлар орқали эмас, балки ашёлар орқали биринчи визуал танишув эди.
Маданий мулоқот Ўзбекистонда ҳам давом этди: 2023 йилда Самарқандда мамлакатдаги иккинчи «Француз альянси»
очилди — биринчиси 2015 йилдан бери Тошкентда фаолият юритмоқда. Бу ерда тил ва адабиёт курслари, киноклублар, Франция тарихи бўйича маърузалар ўтказилади. Ўтган йили Ўзбекистон ҳукумати Kokoro lingua компанияси билан яна бир тил дастури бўйича
келишиб олди: энди француз тилини ҳатто болалар боғчаларида ҳам бепул ўрганиш мумкин. Бугунги кунда республикадаги 1260 та мактаб, коллеж, лицей ва саккизта олий ўқув юртида француз тили ўқитилмоқда.
Оммавий маданият ҳам ҳамкорлик стратегиясига киритилган. 2018 йилда Франция фуқаролари учун Ўзбекистон визасиз режим жорий этди ва бу Европа Иттифоқидаги биринчи давлат бўлди. Ўтган йили Тошкентда Франция премьералари фестивали бўлиб ўтди — унда илгари ўзбек кинотеатрларида, жумладан, анимация ва артҳаусда кўриш мумкин бўлмаган ленталар намойиш этилди. 2024 йилда жазздан тортиб классик асарларгача бўлган француз мусиқаси фестивали қўшилди, очиқ майдонларда концертлар ўтказилмоқда.