«Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида у сўнгги саккиз йил ичида суд тизимида бир қатор ўзгаришлар амалга оширилганини айтди.
«Судлар жазоловчи органдан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи тизимга айлантирилди. Бу биз бир неча ўн йиллар давомида интилган тарихий ўзгаришдир», — деди у.
Ўзгаришлар қаторида Ҳакимова маъмурий судлар, инвестициявий низолар бўйича алоҳида судлов таркиби ташкил этилганини, оилавий масалаларга ихтисослашган судьялар корпуси яратилганини, маиший зўравонликнинг олдини олишга қаратилган самарали чоралар кўрилганини тилга олди.
«Бу ислоҳотларнинг барчаси инсон ҳуқуқлари ҳимояси кафолатларини кучайтириш ва аҳолининг судларга бўлган ишончини оширишга қаратилган. Бугун судлар олдига ҳар қачонгидан кўра юқори талаблар қўйилмоқда. Одамлар судни фақат қарор чиқарадиган орган сифатида эмас, балки ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг очиқ, шаффоф ва адолатли механизми сифатида кўришни хоҳлайди. Суд қонунга ҳурматни шакллантирувчи тарбиявий институт бўлиши лозим», — дея таъкидлади у.
Унинг сўзларига кўра, Хитой, Корея, Япония ва Қатар тажрибасини ўрганиш асосида маҳаллий қонунчилик хусусиятларини инобатга олган ҳолда «Рақамли суд» миллий концепцияси ишлаб чиқилган. У қоғозбозликни йўқотиш, даъволарни онлайн тарзда топшириш, масофавий иштирокни таъминлаш ва ишлар натижасини таҳлил ҳамда прогноз қилиш учун сунъий интеллектни жорий этишни назарда тутади.
«99 фоиз ҳолатларда бундай низосиз ишларга қарздорлар ўз қарзини тан олганлиги сабабли суд мажлисига келмайди ва суд қарорига нисбатан шикоят ҳам келтиришмайди. Бироқ шундай ишларнинг катта оқими судларга сезиларли даражада оғирлик юклайди. Бир нафар судьяга бир ойда ўртача 400 та, айрим ҳудудларда эса 700 тагача иш тўғри келади, бу эса мураккаб низоларга эътибор қаратишга тўсқинлик қилади. Шунга кўра, бундай масалаларни нотариуслар ваколатига ўтказиш таклиф этилмоқда», — дея аниқлик киритди Ҳакимова.
«Умумий тартибга кўра, ишлар жавобгар жойлашган ҳудуддаги судда кўрилиши белгиланган. Бироқ, айрим ҳолатларда фуқаролар ва тадбиркорлар уларнинг даъволари бошқа ҳудуд судида кўрилишини илтимос қилишади. Биргина 2024 йилда 11 мингга яқин ишлар тарафларнинг аризаларига асосан бир суддан бошқа суд ҳудудига ўтказиб кўрилган. Бугунги рақамлаштириш ва видеоконференсалоқа асрида иқтисодий ва маъмурий ишнинг муайян ҳудуд судида кўрилишининг аҳамияти деярли йўқолмоқда. Боиси, қонунлар бутун республика миқёсида бир хил амал қилади ва қўлланилади. Шунга кўра, аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини янада ошириш мақсадида даъвогарларга айнан муайян ҳудуд судига мурожаат қилиш шартлигига оид бюрократик тўсиқни бартараф этиш ва фуқароларга танлаш имконини бериш мавриди келди, деб ҳисоблаймиз», — деди у
«Судьяларни янги ваколат муддатига тайинлаш шартлари сифатида аниқ, яъни кенг талқин этиб бўлмайдиган мезонларни белгилаш, Судьялар олий кенгаши таркибига номзодларни таклиф этишда, судлар раисларини сайлашда судьялар ҳамжамияти иштироки орқали ушбу жараёнларга демократик элементларни жорий этиш каби масалаларни кўриб чиқишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда», — деди ПА раҳбарининг ўринбосари.
«Бунда вилоят ва унга тенглаштирилган судларда фақатгина апелляция ва кассация инстанцияси фаолият юритиши, тафтиш инстанцияси эса бешта ҳудуддаги минтақавий судларда ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Бу эса қуйи судлар қарорларининг тўғрилигини баҳолашда кўпроқ объективлик ва мустақиллик яратади», — деди у.
Аввал хабар берилганидек, президент фармонига кўра, Олий судьялар мактаби негизида Одил судлов академияси ташкил этилади.
«Кучли суд фақат кучли судьялар мавжуд бўлгандагина бўлиши мумкин. Кучли судьялар эса, аввало, тизимли ва профессионал тайёргарлик демакдир», — дея таъкидлади Ҳакимова.
Тақдимот якунида икки «тарихий фармон» имзоланди, улар, Ҳакимованинг сўзларига кўра, «миллий суд тарихида том маънодаги рақамлашган асрнинг бошланиши бўлади».
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) 2024 йилги ҳисоботида Ўзбекистонда судьяларнинг ўзгармаслигига кафолатлар етарли эмаслигини, чунки муддатсиз даврга тайинланишдан олдин судья ваколатлари икки марта узайтирилиши лозимлигини таъкидлаганди. ИҲТТ мониторинги методологиясига кўра Олий судьялар кенгаши тўлиқ равишда суд тизимини бошқариш органи таърифига мос келмайди ва шунинг учун бундай орган сифатида кўриб чиқилмаган.
Олий судьялар кенгаши айрим тоифадаги судьяларни бевосита тайинлайди ва озод қилади, бу ижобий, бироқ олий судларнинг судьялари кенгаш тавсияси асосида бўлса-да, сиёсий органлар томонидан тайинланади ва озод қилинади. Судьяларни танлов асосида сайлаш тизими мавжуд. Суд ҳокимияти органларига ажратилган 2023 йилги бюджет маблағлари етарли деб ҳисобланган. Бироқ, қонун судьялар маоши миқдорини аниқ тартибга солмайди ва ихтиёрий тўловларни истисно этмайди.
Қонун томонидан судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш тартибининг асосий босқичлари белгиланган, аммо интизомий жавобгарлик асослари бир маъноли эмас, ўта кенг қамровлидир. Судьялар учун адолатли жараённинг процессуал кафолатлари етарли эмаслиги ҳисоботда қайд этилган.
Нодира Жалоловна Ҳакимова июль ойи ўрталарида ПА раҳбарининг суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Илгари у Олий суд судьяси, шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро суди судьяси сифатида ишлаган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.