Колонка: Оролбўйи аҳолисининг саломатлиги тикланмагунча, минтақанинг ўзи соғломлашмайди

Колонка: Оролбўйи аҳолисининг саломатлиги тикланмагунча, минтақанинг ўзи соғломлашмайди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюроси директори д-р Ханс Клюгенинг 22 апрель куни Остонада очилаётган Минтақавий экологик саммитга бағишланган колонкаси.

Орол денгизи минтақасини тиклаш бўйича ҳеч бир режа, агар у ерда яшаётган одамларнинг саломатлигини яхшилашга ёрдам бермаса, чинакам муваффақиятли деб ҳисобланиши мумкин эмас. Бугун Марказий Осиё ва бошқа давлатлар етакчилари Остонада Минтақавий экологик саммитга йиғилар экан, ушбу оддий ҳақиқатни тан олиш ҳамда уни сиёсий ирода ва реал ўзгаришлар учун зарур бўлган ресурслар билан мустаҳкамлаш вақти келди.

Ўн йиллар давомида Орол денгизи инқирозига қарши кўрилган асосий чора-тадбирлар экологик тикланишга қаратилди. Шу билан бирга, маҳаллий аҳоли саломатлиги учун юзага келган оқибатлар кўпинча эътибор ва инвестициялардан четда қолиб кетди. Ушбу фалокат учун энг оғир бадал тўлаётганлар эса аёллар ва болалардир.

Сўнгги 10 йил ичида Оролбўйи минтақасида анемия даражаси умуммиллий кўрсаткичлардан сезиларли даражада юқорилигича қолмоқда: болалар ўртасида — 2,5 баравар, аёллар ўртасида эса — 2,7 баравар юқори. Ҳомиладор аёллар орасида вазият бундан ҳам оғирроқ: анемия уларнинг 77 фоизида кузатилади.

Сўнгги маълумотлар экологик офат ҳудудига энг яқин яшайдиган аёлларда эндокрин ва гинекологик бузилишлар кенг тарқалганидан далолат беради. Хусусан, гап эрта менопауза, бепуштлик ва перинатал йўқотишлар ҳақида кетмоқда. Қалқонсимон без фаолиятининг бузилиши ҳам кенг тарқалган: аёлларнинг 12 фоизида диффуз бўқоқ, 32 фоизида тиреопероксидазага нисбатан антитаначаларнинг юқори даражаси аниқланган, бу қалқонсимон без фаолияти бузилиши белгисидир. Яна 2−3 фоизида манифест гипотиреоз ташхиси қўйилган. Болалар эса, ўз навбатида, ривожланишдан орқада қолиш, сурункали респиратор касалликлар ва анемиянинг юқори хавфи остида қолмоқда.

Булар шунчаки тарқоқ ҳолатлар эмас. Бу — ярим аср давомида ушбу муҳитни шакллантирган ва соғлом овқатланиш имкониятларини чеклаб қўйган токсик чанг, ифлосланган сув, деградацияга учраган тупроқ ва саноат чиқиндиларининг кундалик таъсири натижасида юзага келган, авлоддан авлодга ўтиб келаётган барқарор ва такрорланувчи қонуниятлардир. Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши бу оқибатларни янада оғирлаштирмоқда: ҳароратнинг кўтарилиши Орол денгизидан сув буғланишини тезлаштирмоқда.

Ушбу минтақа аҳолисига буларнинг барчаси нимани англатишини тушунтириб ўтириш шарт эмас. Улар ҳар куни мана шу воқелик ичида яшамоқдалар.

Айнан шунинг учун ҳам минтақани тиклаш бўйича саъй-ҳаракатлар марказига одамлар саломатлигини қўядиган ва уни ушбу тикланишнинг ҳақиқий фойдаси бор-йўқлигининг энг яққол кўрсаткичларидан бири сифатида кўрадиган барқарор ва мувофиқлаштирилган жавоб зарур.

«Оролбўйи минтақасининг соғлом келажаги» ташаббуси айнан шу мақсадга хизмат қилади. У Қозоғистон ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирларининг ЖССТга инқирознинг аҳоли саломатлигига таъсирини баҳолашда кўмак бериш бўйича қилган мурожаатига жавобан юзага келди. Ўзаро боғлиқ ишчи йўналишлар пакети орқали ушбу ташаббус — мамлакатлар, ҳамкорлар ва донорлар билан биргаликда — саломатликни Оролбўйи минтақасини тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатларни белгиловчи етакчи омиллардан бирига айлантиришга интилади.

Ушбу ташаббус саломатлик учун хатарларни аниқроқ баҳолаш, энг кучли таъсирга дучор бўлган ҳудудларни аниқлаш ҳамда атроф-муҳит ҳолати ва касалликлар ўртасидаги сабаб-оқибат алоқаларини яхшироқ тушуниш учун эпидемиологик назорат ва мониторинг тизимларини мустаҳкамлаш имконини беради. Шунингдек, у ичимлик суви хавфсизлигини таъминлаш, ҳаво сифатини бошқариш ва мактаб муҳитини соғломлаштириш чора-тадбирларини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Бундан ташқари, ташаббус атроф-муҳитнинг салбий таъсири билан бевосита боғлиқ бўлган касалликларни, жумладан, узоқ вақт давомида етарлича эътибор ва ресурсларсиз қолган репродуктив ва ривожланишдаги бузилишларни ўз вақтида аниқлаш ва даволашга қодир соғлиқни сақлаш тизимларига инвестиция киритишни кўзда тутади. Чанг бўронлари ҳақида эрта огоҳлантириш тизимларини яратиш, ўта иссиқ ҳаво ҳароратига жавоб бериш чораларини кучайтириш ва сув хавфсизлигини ошириш хатарлар янада жиддий таҳдидларга айланиб кетгунга қадар аҳолини яхшироқ ҳимоя қилишга ёрдам беради.

Буларнинг биронтасига ҳам фақат бир мамлакатнинг кучи билангина эришиб бўлмайди. Чанг бўронлари чегараларда тўхтаб қолмайди. Сув танқислиги, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши ва иқлим оқибатлари сиёсий сарҳадларни тан олмайди. Қозоғистон ва Ўзбекистон буни яхши тушунади. Улар Остонада имзолашни режалаштираётган Ўзаро англашув меморандуми муҳим қадам бўлиб, тарқоқ миллий ҳаракатлар ўрнига минтақавий ҳамкорликка содиқликни тасдиқлайди. Ушбу икки давлат ўртасида яқинда ташкил этилган идоралараро ишчи гуруҳи ҳам умумий масъулиятни англаш кучайиб бораётганининг яна бир муҳим белгисидир.

Орол денгизи сабоқлари бизга Каспий денгизининг саёзлашиши билан боғлиқ вазиятда ҳам олдиндан ҳаракат қилишга, жумладан, унинг экологик оқибатлари ва аҳоли саломатлигига кўрсатиши мумкин бўлган таъсирини чуқурроқ англаш орқали ёрдам бериши керак.

Айнан шу руҳда Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон саммитда қўшма баёнот имзолайди ва бу билан мувофиқлаштирилган ҳаракатларга содиқ эканини тасдиқлайди. Минтақавий ҳамкорлик шунчаки техник деталь эмас. Бу жамоат саломатлигини ҳимоя қилиш ва мавжуд ресурслардан иложи борича самарали фойдаланиш учун зарур шартдир.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ташаббуси билан чақирилаётган ушбу саммит иқлим ва кенг кўламли экологик муаммолар бўйича мулоқот ва ҳамкорлик учун минтақавий платформа сифатида ўйланган. У Марказий Осиё давлатлари томонидан аллақачон намоён этилган сиёсий иродага таянган ҳолда, барқарор техник ва молиявий қўллаб-қувватлаш йўлида миллий, минтақавий, маҳаллий ва халқаро ҳамкорларни бирлаштириш имконини беради.

Остона саммити натижалари имзоланган ҳужжатлар сони билан эмас, балки 2030 йилда Оролбўйи минтақасида туғиладиган боланинг саломатлиги бугун туғилаётган боланикидан кўра яхшироқ бўлиши билан белгиланади.

Айнан мана шу кўрсаткич саммит муваффақиятининг асосий мезони бўлади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.