Президент саммитни юқори даражада ташкил этгани учун Қозоғистон раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевга миннатдорлик билдириб, ушбу мулоқот ўтган йили Самарқанд иқлим форумида бошланган жараённинг мантиқий давоми эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, минтақада экологик дипломатия янги босқичга кўтарилмоқда.
Нутқда қайд этилишича, глобал исиш суръатлари ошиб бораётган бир пайтда Марказий Осиёда ҳарорат икки баробар тез ўсмоқда. Музликларнинг учдан бир қисми йўқолган, сув ресурслари танқислиги кучайган ва 80 миллион гектар ер деградацияга учраган. Шу билан бирга, глобал экологик ҳамжиҳатлик заифлашаётгани, айниқса ривожланаётган давлатлар етарли молия ва технологиялардан фойдалана олмаётгани танқид қилинди.
«Шуни мамнуният билан қайд этмоқчиманки, Марказий Осиё давлатлари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларини минтақавий ҳамкорликнинг энг муҳим устувор йўналиши даражасига кўтаришга муваффақ бўлди. „Марказий Осиё учун яшил кун тартиби“ минтақавий дастури, Иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича минтақавий стратегия ҳамда Барқарор ривожланиш учун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича минтақавий дастур бундай шерикликка мисол бўла олади», — деди президент.

Шунингдек, чиқиндиларни қайта ишлаш ва улардан энергия ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар амалга оширилаётгани, яқин йилларда қатор заводлар ишга туширилиши орқали миллионлаб тонна чиқиндилар утилизация қилиниши таъкидланди.
Нутқ давомида президент минтақавий ҳамкорликни кучайтириш бўйича қуйидаги ташаббусларни илгари сурди.
«Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси» консорциумини таъсис этиш. «Атмосфера ҳавосининг сифати ёмонлашаётган шароитда консорциумини таъсис этиш минтақа аҳолиси саломатлигини ҳимоя қилишда муҳим қадам бўлади деб ҳисоблайман. Консорциум саноатни модернизация қилиб, ҳавога чиқарилаётган зарарли моддалар учун тозалаш тизимларини жорий этадиган „яшил“ молиялаштиришнинг қўшма операторига айланиши мумкин», — деди президент.
Минтақавий мақом. Президент Ўзбекистондаги Яшил университет ҳузурида фаолият юритаётган Чўлланишга қарши курашиш, қурғоқчиликнинг олдини олиш ҳамда қум ва чанг бўронлари ҳақида барвақт огоҳлантириш марказига минтақавий мақом беришни таклиф этди. «Марказ базасида илмий салоҳиятни бирлаштириш ерларнинг деградацияси ҳамда туз ва чангли бўронларни мониторинг қилиш бўйича кучли тизимни яратиш имконини беради», — деди Ўзбекистон раҳбари.
«Марказий Осиё яшил савдо йўлаги». Шавкат Мирзиёев технологик ўтиш жараёнларини тезлаштириш учун ушбу йўлакни шакллантиришни таклиф этди. «Имтиёзли божхона тартибларини жорий этиш ва экомаҳсулотлар учун сертификатларни ўзаро тан олиш ишлаб чиқаришни жадал модернизация қилиш ва маҳсулотларимизнинг рақобатбардошлигини ошириш имконини беради», — деди президент.
Марказий Осиё иқлим лойиҳаларининг ягона инвестиция портфелини яратиш. «Бу бизга тарқоқ ташаббуслар билан эмас, балки минтақани ривожлантириш бўйича яхлит стратегия билан ҳаракат қилиш имконини беради. Бу эса, ўз навбатида, уни амалга ошириш учун шерикларимизда қизиқишни кучайтиради», — деди давлат.
Ягона минтақавий атлас. Президент Марказий Осиё атроф-муҳитидаги ўзгаришларнинг ягона минтақавий атласини яратиш ҳам минтақа келажаги учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. «Аминманки, бу атлас минтақадаги чўлланиш, тупроқ деградацияси жараёнлари ва сув ресурслари ҳолати динамикасини яққол ифода этадиган фундаментал илмий-таҳлилий базага айланади», — деди президент.
«Марказий Осиё Қизил китоби». Ўзбекистон раҳбари биологик хилма-хилликни сақлаш учун «Марказий Осиё Қизил китоби»ни биргаликда ишлаб чиқишни таклиф этди. Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Тошкентдаги минтақавий офиси бу ишда мувофиқлаштирувчи бўлиши мумкин. «Минтақа «Қизил китоб»и йўқолиб бораётган турларнинг шунчаки рўйхатидан иборат бўлиб қолмасдан, соҳада ҳамкорликдаги ишимиз учун амалий платформага айланиши лозим», — деди Шавкат Мирзиёев.
Бутунжаҳон ёшлар иқлим форуми. Давлат раҳбари иқлим кун тартиби ва экологик маданиятни илгари суриш учун экологик таълим ва ёшларни фаол жалб этиш жуда муҳимлигини қайд этди. «Шу мақсадда Бокуда бўлиб ўтган CОP 29 анжумани давомида мамлакатларимиз ёшлари иштирокида Экология бўйича маслаҳат қўмитаси тузилган эди. Ушбу қўмита платформасида 2027 йилда Ўзбекистонда Бутунжаҳон ёшлар иқлим форумини ўтказишни таклиф этаман», — деди давлат раҳбари.

«Сизларни ушбу халқаро анжуманларда фаол иштирок этишга таклиф этаман. Аминманки, уларнинг натижалари мамлакатларимиз ва бутун минтақанинг барқарор ривожланишига қаратилган амалий ташаббусларни рўёбга чиқаришга салмоқли ҳисса қўшади», — деди президент.
Якунда давлат раҳбари замонавий экологик таҳдидлар мамлакатлар барқарорлигига жиддий таъсир кўрсатаётганини таъкидлаб, қабул қилинаётган қарорлар нафақат хавф-хатарларга мослашиш, балки уларни иқтисодий ўсиш ва технологик ривожланиш омилига айлантириш имконини беришини қайд этди.
«Ишончим комил, кўп асрлик яхши қўшничилик анъаналарига таянган ва қатъий сиёсий иродамизни намоён этган ҳолда, биз Марказий Осиёни экологик фаровонлик ва барқарор ривожланиш маконига айлантирамиз», — деди президент нутқининг якунида.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.