«Мустаҳкам стратегик альянс». Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари музокаралари қандай ўтди?

«Мустаҳкам стратегик альянс». Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари музокаралари қандай ўтди?

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи мамлакатлар ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари юксак даражада эканини яна бир бор яққол тасдиқлади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев шанба куни Тошкентдаги музокаралар якунлари бўйича журналистлар учун ўтказилган брифингда маълум қилди.

«Мустаҳкам стратегик альянс». Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари музокаралари қандай ўтди?
Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

«Ушбу давлат ташрифи тарихий воқеа бўлди ҳамда Ўзбекистон — Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари ривожида муҳим босқични бошлаб берди. Эришилган келишувлар ва имзоланган битимлар икки томонлама шерикликни аниқ мазмун билан бойитади, қўшма лойиҳалар учун янги уфқлар очади, биродар давлатларнинг барқарор тараққиёти учун мустаҳкам замин яратади», — деди у.

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Ўзбекистоннинг муҳим савдо шерикларидан бири эканини таъкидлади. Йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга ўсиб, қарийб 4 миллиард долларга етган. 2030 йилга бориб уни 10 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда.

У шу куни чегарада ишга туширилган «Марказий Осиё» халқаро саноат кооперацияси марказини мамлакатлар ўртасидаги кооперация алоқаларини чуқурлаштириш ва замонавий қўшилган қиймат занжирларини шакллантиришга қаратилган флагман лойиҳа деб атади.

Президент якшанба куни бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви минтақавий интеграция жараёнларига ва бутун минтақада бирдамликни мустаҳкамлашга янги суръат бағишлашига ишонч билдирди. Унда Озарбайжон президенти ҳам иштирок этади.

«Мустаҳкам стратегик альянс»


Қасим-Жомарт Тоқаев қозоқлар ва ўзбекларни «қардош халқлар ва дўстона қўшнилар» деб атади. «Уларни азалдан умумий илдизлар боғлаб туради. Турмуш тарзимиз, урф-одатларимиз, маданиятимиз, менталитетимиз, тилимиз кўп жиҳатдан ўхшаш, тарихий йўлларимиз бир-бирига чамбарчас боғлиқ».

«Мустаҳкам стратегик альянс». Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари музокаралари қандай ўтди?
Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

«Ушбу ташрифдан кўзланган асосий мақсад қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликнинг янги уфқларини очиш ва пировардида Қозоғистон-Ўзбекистон муносабатларини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишдан иборат», — дея Қозоғистон президентининг сўзларини келтиради унинг матбуот хизмати.

«Қозоғистон президенти сифатида Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратишни ўз бурчим деб биламан. Шуни таъкидлашни истардимки, «экспертлар»нинг ҳар қандай тахминларига қарамай, Қозоғистон ва Ўзбекистон асло рақиб ёки ҳатто рақобатчи ҳам эмас, балки стратегик ҳамкорлар, тараққиёт ва ривожланиш йўлида биргаликда бораётган ишончли иттифоқчилардир», — деди Қозоғистон президенти.

Қасим-Жомарт Тоқаев Шавкат Мирзиёевнинг икки томонлама муносабатларни мисли кўрилмаган юксак даражага олиб чиқиш, Марказий Осиёни дунёда дўстлик ва ҳамкорлик минтақаси сифатида эътироф этишга қўшган улкан ҳиссасини қайд этди.

«Президент Шавкат Мирзиёевнинг кучли раҳбарлиги туфайли Ўзбекистон кўплаб соҳаларда улкан натижаларга эришди, муваффақиятли ривожланаётган давлат сифатида бутун дунёга танилди. Кенг кўламли ислоҳотлар натижалари иқтисодиётнинг барқарор ўсиши, аҳоли фаровонлигининг ошиши, шаҳарларнинг жадал ўзгариши, ҳаётнинг барча соҳаларининг сифатли ривожланишида ўз аксини топмоқда. Ўзбекистон халқаро майдондаги нуфузини сезиларли даражада мустаҳкамлаб, минтақавий ва халқаро хавфсизлик ва ҳамкорликни таъминлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Қозоғистонда қардош ўзбек халқини чин дилдан қўллаб-қувватлашади, унинг муваффақиятларидан хурсанд бўлишади», — дейди у.

Қозоғистон ва Ўзбекистон минтақада бутун кенг минтақани бунёдкорлик билан ривожлантиришга қаратилган мустаҳкам стратегик альянс тузди, дея қўшимча қилди Тоқаев.

Саноат, агросектор, энергетика, қурилиш, транспорт


Музокараларда саноат, автомобилсозлик, қурилиш, энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришни давом эттиришга келишиб олинди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш устувор вазифа этиб белгиланди. Тоқаевнинг сўзларига кўра, «имкониятларни бирлаштирган ҳолда, мамлакатларимиз бутун минтақанинг озиқ-овқат хавфсизлиги кафолатига айланиши, жаҳон бозорларида ўз мавқеини жиддий мустаҳкамлаши мумкин». Агросаноат мажмуи соҳасида, жумладан, дон ва гўшт-сут маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича қатор лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Қурилиш соҳаси янги истиқболли йўналиш этиб белгиланди. Қозоғистон компаниялари «Янги Тошкент» лойиҳасини амалга ошириш, шунингдек, уй-жой ва ижтимоий объектларни барпо этишда фаол иштирок этмоқда.

Музокараларнинг алоҳида блоки транзит-транспорт соҳасига бағишланди. Икки мамлакат ҳудудида юк ташиш ҳажми ошгани қайд этилди. Томонлар тариф сиёсатини такомиллаштириш, юкларни ташиш шароитларини яхшилаш, чегара ўтказиш пунктларини модернизация қилиш ва божхона тизимларини рақамлаштиришни давом эттириш ниятида.

Ўзбекистон ва Қозоғистон газ транзити ҳажмини оширишга келишиб олди ҳамда нефть ва атом саноати соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришни кўриб чиқмоқда. Сув-энергетика соҳасидаги саъй-ҳаракатларни яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш руҳида яқиндан мувофиқлаштириш зарурлиги таъкидланди.

«Биз ушбу йўналишда конструктив ҳамкорликни давом эттириш ниятидамиз. Сув соҳасида рақамли ечимларни жорий этиш, сув ресурсларини ҳисобга олиш ва мониторинг қилиш тизимларини биргаликда ривожлантириш устувор аҳамиятга эга», — деди Қозоғистон президенти.

Ахборот технологиялари ва сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш истиқболли экани таъкидланди.

Президентлар минтақавий ва глобал аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам якдил фикр билдирди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.