Марказий Осиё давлатлари етакчилари ва Озарбайжон президенти Ислом цивилизацияси марказига борди

Марказий Осиё давлатлари етакчилари ва Озарбайжон президенти Ислом цивилизацияси марказига борди

Минтақа давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун Тошкентда бўлиб турган Марказий Осиё мамлакатлари етакчилари ва Озарбайжон президенти шанба куни Ўзбекистон президенти билан биргаликда Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар бермоқда.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон президент Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Қуръони каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири — Усмон мусҳафи сақланаётган Қуръони карим залига кирди.

Марказий Осиё давлатлари етакчилари ва Озарбайжон президенти Ислом цивилизацияси марказига борди
Президентлар, шунингдек, «Исломдан аввалги цивилизациялар», «Биринчи Ренессанс», «Иккинчи Ренессанс» ҳамда «Янги Ўзбекистон — янги Ренессанс» бўлимлари билан танишди.

Уларда Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа улуғ уламоларнинг бой илмий ва маънавий мероси кенг ёритилган. Кўргазмада Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар ва бошқа сулолалар даврига оид қўлёзма нашрлар ва уларнинг қадимги ўзбек тилига таржималари ҳам мавжуд.

Марказий Осиё давлатлари етакчилари ва Озарбайжон президенти Ислом цивилизацияси марказига борди
Ўша ерда Ўзбекистон томонидан таъсис этилган янги халқаро мукофот — «Келажак мероси» совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Марказий Осиё давлатлари етакчилари ва Озарбайжон президенти Ислом цивилизацияси марказига борди
Мукофотдан кўзланган мақсад адабиёт, маданият, санъат, фан, таълим ва рақамли технологиялар соҳаларида ютуқларга эришган миллий ва хорижий ижодкорларни рағбатлантиришдан иборат.

Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон вакиллари: Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) бош котиби, Қирғизистон халқ ёзувчиси Султон Раев «Адабиёт» номинациясида, Тожикистон халқ шоири Давлат Сафарзода «Маданият» номинациясида, М.Авезов номидаги Қозоғистон Миллий драма театри актёри Еркебулан Дайиров «Театр ва кино» йўналишида, Озарбайжон халқ артисти Алим Гасимов «Мусиқа ва рақс» номинациясида, Туркманистон халқ артисти Бабасари Аннамирадов «Тасвирий ва амалий санъат» йўналишида, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги халқаро марказ директори ўринбосари, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Дилфуза Эгамбердиева «Фан, таълим ва рақамли технологиялар» номинациясида танловнинг илк ғолиблари бўлди.

Ғолибларга мукофот ҳайкалчаси, диплом ва 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти топширилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.