Эронда сув инқирози кучайиши боис пойтахт Техрондан кучирилиши мумкун
Эрон ҳудудида, хусусан пойтахт Теҳронда ичимлик сувини таъминлаш борасида жиддий муаммолар кузатилмоқда. Мамлакат бир нечта бир вақтнинг ўзида кечаётган инқирозлар таъсирида қолар экан, ҳукумат фавқулодда чоралар кўришга мажбур деб Al Jazeera
хабар берди. Эрон Президенти Масъуд Пезешкиян жума куни қилган чиқишида, агар келаси ойгача ёмғир ёқмаса, Теҳронда сув меъёрлаб берилишини, ҳатто 10 миллион аҳолиси бўлган шаҳарни вақтинча эвакуация қилиш эҳтимоли ҳам борлигини маълум қилди. Мутахассисларга кўра, эвакуация эҳтимоли паст бўлса-да, президентнинг бу огоҳлантириши инқирознинг қай даражада кескинлигини кўрсатади.
Эрон кетма-кет олти йилдирки қаттиқ қуруқчилик билан тўқнашиб келмоқда. Эрондаги 19 та ариқ ва сув омборлари деярли қуриб қолган. Теҳронни сув билан таъминлайдиган Лар, Латян, Караж, Толекон ва Мамлу даръёлар ҳам жуда паст оқим даражасида, ўртача 10 фоиз.
Сув тежаш чоралари ва хавотирлар
Эрон энергетика вазири Аббос Алиабадийга кўра, яқин кунларда сув меъёрлаб берилиши бошланади. Зарур бўлса, кечаси бутунлай сув берилиши тўхтатилиши мумкин. Ёз фаслида Теҳронда сувнинг олдиндан огоҳлантирмасдан ўчирилиши миллионлаб аҳолининг ҳаётига таъсир қилган эди. Вазир инфратузилмага Исроил билан 12 кунлик жазо уруши чоғида етказилган зарарни ҳам таъкидлаб, аҳолини сув сақлаш учун махсус баклар харид қилиб қўйишга чақиръябди.
Аммо экспертлар таъкидлашича, аҳоли сув сарфини 20 фоизга камайтирган тақдирда ҳам, бу ечим бўлолмайди: чунки уй хўжаликлари умумий сув истеъмолининг 8 фоизини ташкил этади, қолганининг деярли барча 90 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалигига кетади.
Қишлоқ хўжалигига ортиқча боғлиқлик
Эрон қонунларига кўра, озиқ-овқат маҳсулотларининг 85 фоизи мамлакат ичида етиштирилиши шарт. Аммо мутахассисларга кўра, мамлакат бундай улкан ишлаб чиқариш ҳажми учун зарур сув ва тупроқ ресурсларига эга эмас. Яна шуниси борки, етиштирилган маҳсулотнинг 30 фоизи эски тизимлар ва нотўғри ирригация туфайли исроф бўлади. Қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг 12 фоизини, бандликнинг 14 фоизини ташкил этади. Бироқ унинг улкан сув истеъмоли мамлакат келажагини жиддий хавф остига қўймоқда.
Эронда сувнинг тахминан учдан бир қисми исроф бўлади. Бунинг 15 фоизи инфратузилмадаги йўқотишлар, 16 фоизи эса ноқонуний истеъмол ва ҳисоблагич хатолари билан боғлиқ. Ер ости сувларини чексиз қазиб олиш, дунёдаги энг катта чўкиш ҳодисаларидан бирига, Исфаҳон ва Систон-Белужистонда экологик ҳалокатга олиб келган.
Ечим талаб этувчи вазият
Олимлар фикрича, Эрон сув таъминоти тизимини қайта қуриш, ер ости сувларини тиклаш ва реал тақчилликка асосланган бошқарув усулига ўтиши зарур. Шу билан бирга, инфратузилмага инвестиция, очиқ маълумотлар, сув–энергетика–қишлоқ хўжалиги ўртасидаги интеграция ва жамоат иштирокини кучайтириш таклиф этилмоқда. Экспертларнинг огоҳлантиришича, сув тақчиллигини ҳал қилиш мамлакат ижтимоий барқарорлиги учун ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Эрон ҳозиргача бу муаммони ҳал қила олмаган бўлса-да, мутахассислар бу даврни ислоҳотлар учун имконият сифатида баҳолаш мумкинлигини айтишмоқда.