Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) 2025 йилги Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиш прогнозини 7,5% гача оширди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) 2025 йилги Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиш прогнозини 7,5% гача оширди


Жорий йилда Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 7,5%га ўсиши кутилмоқда, бу Марказнинг июнь ойидаги прогнозидан 0,8 фоиз бандга юқори.

2025 йил 9 декабрь, Тошкент. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг янгиланган баҳоларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти ички талабнинг кенгайиши, экспорт фаоллигининг кучайиши ва инвестициялар ҳажмининг ортиши ҳисобига юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолади. Марказнинг 2025 йил учун прогноз кўрсаткичлари июнь ойидаги баҳолардан 0,8 фоиз бандга юқори бўлиб, келаси йилда 7,5% миқдорида ўсиш кутилмоқда.

Амалдаги макроиқтисодий тенденциялар

Жорий маълумотлар иқтисодиётнинг асосий тармоқлари барқарор ривожланаётганини ва ишбилармонлик фаоллиги юқори даражада сақланаётганини тасдиқламоқда. Жумладан, Марказ томонидан ҳисобланадиган ишбилармонлик фаоллиги индекси жорий йил октябрь ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34,2% га сезиларили даражада ошди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи тўққиз ойида Ўзбекистон иқтисодиёти 7,6%га ўсди. Бу ўсиш саноат, хизматлар соҳаси, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва ташқи савдо ҳиссасига тўғри келди. Ташқи савдо ҳажми 22,9%га ошди, хусусан экспорт учдан бир қисмга кўпайган. Инвестициялар ҳажми тахминан 15% га ўсган. Халқаро пул ўтказмалари ўтган йилга нисбатан 25% га ошган.

2025 йил учун иқтисодий ўсиш прогнози

Мавжуд макроиқтисодий кўрсаткичлардан келиб чиқиб, Марказнинг интеграциялашган модели 2025 йилда ЯИМнинг 7,5% даражасида ўсишини прогноз қилмоқда. Прогноз коридори 7,3–7,7% оралиғида.

Таҳлиллар иқтисодий ўсиш траекториясига ишбилармонлик фаоллиги, уй-жой бозори ҳолати, саноат ишлаб чиқариш ҳажмлари ва банк операциялари каби омиллар энг катта таъсирга эга эканини кўрсатади. Ҳисоб-китобларнинг ўтган йиллар воқеий маълумотлари билан таққосланиши ушбу ёндашувнинг макроиқтисодий тенденцияларни тўғри акс эттиришини тасдиқлайди.

Қўшимча равишда, Марказ хулқ-атвор иқтисодиёти кўрсаткичиларини, жумладан Google қидирувлари динамикасини таҳлил қилди. Жорий йил январь–октябрь ойларида «автотранспорт воситалари» категориясидаги сўровлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3% га, «бизнес ва саноат» – 5,9% га, «харидлар» – 8,1%га ва «молия» категориясида 9,5% га ошгани кузатилди.

Макроиқтсодий таҳлилнинг янги стандарти

Прогноз реал вақтдаги оператив таҳлилга асосланган «ноукастинг» моделлари орқали ҳисобланди. Бу ёндашув стандарт чораклик статистикада акс этмайдиган кенг қамровли маълумотларни ҳисобга олиш имконини беради.

Прогноз 2017–2025 йиллар даври учун саноат, хизматлар соҳаси, қурилиш, ташқи савдо, молия сектори ва истеъмол талаби бўйича 30 дан ортиқ асосий индикаторларни ўз ичига олган кенгайтирилган ахборот базаси асосида тайёрланди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази олдинроқ Швейцариянинг KOF иқтисодий институти билан ҳамкорликда Ўзбекистон учун реал вақтда макроиқтисодий таҳлил моделини ишлаб чиққан бўлиб, ушбу лойиҳа Жаҳон банки ва Инновацион ривожланиш агентлиги кўмагида MUNIS дастури доирасида амалга оширилган.

Яратилган инструментлар ЯИМнинг жорий динамикасини мунтазам мониторинг қилиш ва иқтисодий сиёсий қарорлар сифати ошишига хизмат қилмоқда.

Халқаро баҳолар

Сентябрь–октябрь ойларида янгиланган халқаро ташкилотлар прогнозларига кўра, Халқаро валюта жамғармаси 2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг 7,3% даражасида ўсишини кутмоқда, бу эса аввалги баҳолардан 1,4 фоиз пунктга юқори. Жаҳон банкининг прогнозлари 6,2% миқдорини ташкил этса, Осиё тараққиёт банки 6,6% даражада ўсишни кутмоқда.

Миллий ва халқаро баҳоларнинг таққосланиши Марказ прогнози асосли эканини, унда таркибий ва хулқ-атвор омиллари инобатга олинганини ҳамда замонавий макроиқтисодий мониторинг тизими қўлланилганини тасдиқлайди.

Жамшид Ахматов, Марказ бош илмий ходими

Марказ Жамоатчилик билан алоқалар хизмати

тел.: (+998) 78 150-32-20 (417)

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.