Давлат раҳбари маълумотларига кўра, ҳозирда 87 минг давлат хизматчисидан 16,5 минг нафарини 30 ёшгача бўлганлар ташкил қилади. Шундан 902 нафари раҳбарлик лавозимида ишламоқда.
«Салоҳиятли ёшларимиз жуда кўп. Вазир ва ҳокимлар ёшларга ишонч билдириб, масъулиятли лавозимга қўйишдан чўчимаслиги керак», — деди президент.
Шу мақсадда ёш лидерларни аниқлаш бўйича 5 та йўналишда «ТОП 100» дастури амалга оширилади. Дастур доирасида «янги иқтисодиёт», АТ ва сунъий интеллект, таълим, тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги бўйича Ўзбекистондаги ёшлар ҳамда чет элдаги ватандошлар учун очиқ танлов эълон қилинади.
Танловни ҳар икки йилда бир марта ўтказиш режалаштирилган. Унинг 100 нафар ғолиби 50 миллион сўмдан пул мукофоти олади ва раҳбарлик лавозимларига тайинланади.
Ҳар бир вазирлик ва тармоқ ўз йўналиши бўйича хусусий «ТОП 100 истеъдодли ёшлар» дастурини ишга тушириши лозим. Иштирокчилар тегишли соҳалар бўйича халқаро ташкилотларга стажировкага юборилади.
Мутасаддиларга ҳар йили 2000 нафар ёшни халқаро ташкилотларга стажировкага юбориш режасини тасдиқлаш топширилди.
Бундан ташқари, «Ўзбекистон ёшлар лигаси» платформаси ишга туширилиши эълон қилинди. Ёшлар ушбу платформага ўз ютуқларини киритиб боришлари мумкин бўлади, вазирликлар эса бу маълумотларни ўрганиб, уларга балл беради.
Юқори балл тўплаган ўғил-қизларга таълимда грант, контрактга чегирма, «касб ваучери» берилади, хорижда ўқиш пули қопланади. Тадбиркорликда имтиёзли кредит олиш, акселератор дастурида қатнашиш имкони яратилади. Иш жойида хорижий стажировка ташкил этилади, давлат хизмати учун кадрлар захирасига киритилади, уй-жой олишда имтиёзли ипотека ажратилади.
Йил якунлари бўйича энг юқори натижаларга эришган ёшлар тантанали равишда тақдирланади.
««Умуман, «Ўзбекистон ёшлар лигаси» барча мактаб ва техникум ўқувчилари, ўзимизда ва хорижий олийгоҳларда ўқиётган ва илм-фан билан шуғулланаётган йигит-қизларимиз, давлат ва хусусий секторда ишлаётган ёшларимиз, чет элдаги ватандошларимизнинг фарзандларини Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида бирлаштирадиган умуммиллий ҳаракатга айланади», — деди Шавкат Мирзиёев.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.