Сенат Ўзбекистон Уй-жой кодексининг янги таҳририни рад этди

Сенат Ўзбекистон Уй-жой кодексининг янги таҳририни рад этди

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 19 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисида Уй-жой кодексининг янги таҳририни кўриб чиқди ва рад этди, деб хабар берди юқори палата матбуот хизмати.

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуратов уй-жой муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш соҳасида уй-жойга хусусий мулк ҳуқуқини тан олишга, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган гуруҳларнинг уй-жой ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган янгиликлар жорий этилганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, янги қоидаларнинг киритилиши 1998 йилда қабул қилинган амалдаги Уй-жой кодексини қайта кўриб чиқиш ва уни замонавий талабларга мослаштириш зарурлигини кўрсатган.

«Қайд этиш жоизки, Уй-жой кодекси ва Фуқаролик кодексида назарда тутилган ва бир-бирини такрорлайдиган айрим нормалар ўзаро зид келиб, ҳуқуқни қўллаш жараёнида турли шарҳлашларни, низоли ҳолатларни келтириб чиқармоқда», — деди Абдулҳаким Эшмуратов.

Ушбу муаммоларни бартараф этиш учун «Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодекси тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқилди.

Қўмита раҳбарининг сўзларига кўра, қонунда Уй-жой кодексининг янги таҳририни тасдиқлаш, унинг қоидаларини фуқаролик қонунчилигидан ажратиш, турар жой коʻчмас мулкига мулк ҳуқуқини амалга оширишни ва у билан боғлиқ чекловларни тартибга солиш, турар ва нотурар жой бинолари тоифаларини ўзгартириш тартиби ва асосларини, шунингдек, ётоқхоналарда жойлар бериш тартибини, ногиронлиги бор шахслар, қариялар, етимлар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун уй-жой бериш мақоми ва тартибини, шунингдек, «Мурувват» ва «Саховат» интернат мактабларининг мақоми белгиланиши кўзда тутилган.

Шу билан бирга, Эшмуратовнинг хабар беришича, ўтказилган тадқиқот ва таҳлил шуни кўрсатдики, қонунда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар мавжуд.

Хусусан, кодекснинг 7-моддаси биринчи қисмининг тўртинчи хатбошисида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги кўп қаватли уйларнинг техник эксплуатацияси стандартлари ва қоидаларига, шунингдек, туташ ҳудудларни сақлаш талабларига риоя қилинишини назорат қилиши белгиланган. Бироқ ушбу қоидани ишлаб чиқишда амалдаги қонунчилик қоидалари ҳисобга олинмаган.

Жумладан, «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги қонуннинг 11 ва 12-моддаларига мувофиқ, ушбу ваколатлар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилиш инспекцияси ва унинг минтақавий бўлинмаларига берилган. Бундан ташқари, президентнинг 2023 йил 28 августдаги фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ташкил этилди.

«Юқоридагиларни инобатга олиб, кодекснинг 7-моддасида белгиланган Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ваколатларини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ», — деб таъкидлади Абдулҳаким Эшмуратов.

Кодекснинг 30-моддаси мулкдорлар билан тузилган шартномалар асосида турар жой биноларини бузиш ва уларнинг ўрнида янги бинолар қуриш тартибини белгилайди. Шунга ўхшаш қоида 36-моддада ҳам мавжуд, гарчи моддаларни такрор баён қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Бундан ташқари, кодекснинг 40-моддасида уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларнинг беш тоифаси белгиланган. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 февралдаги кейинчалик бекор қилинган қарорига асосланади. 2024 йилда тегишли ҳудудда камида уч йил яшаганларни ўз ичига олган қўшимча фуқаролар тоифаларини назарда тутувчи янги тартиб тасдиқланган.

«Юқоридагиларга кўра, Қонуннинг 40-моддасида белгиланган уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар тоифасини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ», — деб таъкидлади сенатор.

Кодекснинг 73-моддасида уй-жой ижараси учун пул компенсацияси тўловини тўхтатиб туриш учун асослар белгиланган, унинг матни тўловларни тўхтатиш сифатида талқин қилиниши мумкин, бу эса асоссиз бюджет харажатлари хавфини туғдиради.

«Мурувват» ва «Саховат» интернат-уйларининг мақоми ва фаолият тартибини тартибга солувчи 118−119-моддалар ҳам амалга оширилган маъмурий ислоҳотларни ҳисобга олган ҳолда тузатишларни талаб қилади.

«Ҳурматли сенаторлар, қонунда ушбу масалалардан ташқари, яна бир қатор қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган нормалар мавжуд. Тайёрланган қарор лойиҳасида ушбу масалалар батафсил акс эттирилган. Юқоридагиларни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини рад этиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини маъқуллаб овоз беришингизни сўрайман», — дея хулоса қилди Абдулҳаким Эшмуратов.

Сенаторлар унинг таклифини қўллаб-қувватлади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.