Трансляция ва хабарларсиз. Депутатлар 2025 йилда давлат харажатларини 41 трлн сўмга оширишни тасдиқлади

Трансляция ва хабарларсиз. Депутатлар 2025 йилда давлат харажатларини 41 трлн сўмга оширишни тасдиқлади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси декабрь ойи бошида 2025 йилга мўлжалланган давлат бюджети тўғрисидаги қонунга давлат харажатларини сезиларли даражада оширишни назарда тутувчи тузатишларни маъқуллагани ҳақида Gazeta хабар топди. Тузатишлар кўриб чиқилгани ва қабул қилингани ҳақидаги маълумотлар парламент қуйи палатасининг расмий манбаларида эълон қилинмаган, ушбу масала юзасидан мажлислар трансляцияси ҳам бўлмаган.

Таҳририят аниқлашича, ҳужжат 2026 йилга мўлжалланган давлат бюджети ва солиқ сиёсати тўғрисидаги қонун кўриб чиқилиб, қабул қилинган кунларда — 3 ва 5 декабрь кунлари муҳокама этилган.

Gazeta`нинг сўровларига жавобан Қонунчилик палатасида дастлаб тузатишлар ҳақидаги маълумотлар парламент сайтига жойлаштирилгани айтилди. Журналист бундай ахборот мавжуд эмаслигини қайд этгач, палатада масала тегишли қўмитада аниқлаштирилиши маълум қилинган.

2025 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонунга киритилаётган ўзгартиришлар қабул қилингани ҳақида 18 декабрь куни Сенатда улар кўриб чиқилаётган пайтда маълум қилинган. Белгиланган тартибга кўра, қонун лойиҳалари аввало Қонунчилик палатасида уч ўқишда кўриб чиқилади, шундан сўнг парламентнинг юқори палатаси — Сенатга юборилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги йил давомида бюджет харажатларини ошириш бўйича ташаббусларни парламент муҳокамасига чиқармаган, шунингдек, қўшимча харажатлар заруриятига оид асословчи материалларни депутатларга тақдим этмаган. Давлат бюджетига тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси йил охирида Қонунчилик палатасига киритилган.

Солиштириш учун: Қозоғистонда 2024 йил давомида ҳукумат бюджет параметрларини 10 марта аниқлаштирган ва ҳар сафар тузатишлар режалаштирилаётган харажатлар бўйича депутатларга изоҳлар тақдим этилган ҳолда парламентда кўриб чиқилган.

Gazeta 2024 йилда давлат бюджетига тузатишларни кўриб чиқиш Қонунчилик палатасида 9 дақиқа давом этгани ҳақида ёзганди (2023 йилда тахминан 20 дақиқа, 2022 йилда 30 дақиқа давом этган). Депутатлар (ўша пайтда янги чақириқ) ҳужжатни саволларсиз ва муҳокамаларсиз бирданига уч ўқишда қабул қилган. Ўтган йилларда баъзи парламент аъзолари саволлар берган.

2025 йил май ойида депутатлар Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимларига бўйсунмаслик учун белгиланган энг кам жаримани беш баробар ошириш билан боғлиқ тузатишларни ҳам трансляциясиз маъқуллади. Қуйи палатанинг YouTube саҳифасидаги айрим трансляциялар кейинчалик ўчириб ташланган.

41 трлн сўм миқдоридаги харажатлар


Трансляция ва хабарларсиз. Депутатлар 2025 йилда давлат харажатларини 41 трлн сўмга оширишни тасдиқлади
Эркин Гадоев. Фото: Сенат

2023 йилда давлат харажатлари йил якунларига кўра 24,5 трлн сўмга оширилган. 2024 йилда эса бу кўрсаткич 9,98 трлн сўмни ташкил этган.

Жорий йилда қўшимча харажатлар ҳажми 40,9 трлн сўмни (тахминан 3,4 млрд доллар) ташкил этди, дея маълум қилди Сенатнинг бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев.

Жаҳон иқтисодиёти ўсишининг секинлашуви, озиқ-овқат ва энергоресурслар нархларининг ўсиши, жаҳон молия бозорларида фоиз ставкаларининг кўтарилиши ташқи хатарларни кучайтириб, давлат бюджетига қўшимча юкламаларнинг ошишига сабаб бўлмоқда, деди у.

Сенатор таъкидлашича, жаҳон миқёсида кечаётган геосиёсий низолар ва иқтисодий беқарорликлар мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш давлат бюджетига қўшимча юкламаларнинг ошишига сабаб бўлмоқда ва «2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунига ўзгартиришлар киритишни талаб этмоқда.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, жорий йил якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиш суръати дастлаб белгиланган 6 фоиз ўрнига 7 фоиз бўлиши кутилмоқда.

Қайд этилишича, ЯИМнинг ўсиши давлат бюджети даромадларининг ҳам кўпайишига хизмат қилади. 2024 йилга нисбатан давлат бюджети даромадлари таркибида фойда солиғи 30 фоизга, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ 26 фоизга, қўшилган қиймат солиғи 25 фоизга ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 17 фоизга ошиши кутилмоқда.

Қонун билан республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари 40,9 трлн сўмга оширилиб, (тасдиқланган 281,6 трлн сўм) 322,5 трлн сўмни ташкил этмоқда.

Киритилган тузатишлар натижасида республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга (вазирлик ва идоралар) ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари аввал тасдиқланган 281,6 трлн сўмдан 322,5 трлн сўмгача оширилмоқда.

Қўшимча харажатлар қаерга йўналтирилади?


Эркин Гадоевнинг сўзларига кўра, қўшимча харажатларнинг салмоқли қисми аҳоли турмуш даражасини ошириш билан боғлиқ. Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар учун 5,8 трлн сўм назарда тутилган бўлиб, шундан 5,3 трлн сўм 2025 йил 1 июлдан пенсия ва нафақаларни 10 фоизга, 1 августдан эса бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендияларни 10 фоизга оширишни қоплашга йўналтирилади.

Унинг айтишича, бюджет параметрларида аввалроқ пенсия ва нафақалар миқдорини 1 сентябрдан, иш ҳақи миқдорини 1 октябрдан 7 фоизга ошириш кўзда тутилган эди.

Айрим соҳалар ходимларининг иш ҳақини ошириш учун қўшимча маблағлар ҳам назарда тутилган:

  • 79 млрд сўм — болалар мусиқа ва санъат мактаблари ходимларининг иш ҳақи оширилиши билан боғлиқ харажатларни қоплашга;
  • 298 млрд сўм — давлат маданият муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи оширилиши муносабати билан қўшимча харажатларга;
  • 76 млрд сўм — Миллий статистика қўмитаси ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ўзгарганлиги билан боғлиқ харажатларга.

Иссиқлик таъминоти тизимини ислоҳ қилиш доирасида ижтимоий соҳа муассасалари ва кўп квартирали уйларнинг энергия самарадорлигини ошириш учун 2,7 трлн сўм маблағ ажратиш назарда тутилмоқда.

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар доирасида аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилаш тадбирлари учун қўшимча 435 млрд сўм, соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларида қўл ювиш жойларини зарур санитария-гигиена воситалари билан таъминлаш учун қўшимча 311 млрд сўм жами 1,9 трлн сўм ажратилмоқда.

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларига, жумладан тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларини санитария-гигиена воситалари билан таъминлашга 1,9 трлн сўм ажратиш назарда тутилган. Шу жумладан:

  • 435 млрд сўм — аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилаш тадбирларига;
  • 311 млрд сўм — соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларида қўл ювиш жойларини зарур санитария-гигиена воситалари билан таъминлашга.

«Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида 2025 йил учун режалаштирилган 3,2 трлн сўмга қўшимча равишда яна 1,6 трлн сўм ажратилди.

Миллий футбол марказини ташкил этиш ва соҳани рақамлаштиришга 458 млрд сўм йўналтирилиши режалаштирилган.

Қишлоқ ва сув хўжалигида ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун жами 3,6 трлн сўм ажратиш кўзда тутилган. Жумладан, пахта-хомашёга субсидиялар, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва яйловларни тиклаш ишлари молиялаштирилади. Шундан:

  • 3 трлн сўм — кластерларга биржа савдолари орқали сотилган ҳар бир тонна пахта хомашёси учун бир миллион сўмдан субсидия ажратишга;
  • 308 млрд сўм — сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада қўллаб-қувватлашга;
  • 112 млрд сўм — яйловларни тиклаш ҳамда уларда суғориш иншоотларинибарпо этишга.

Бундан ташқари, марказлашган инвестиция лойиҳалари ва ҳудудлар инфратузилмаларини ривожлантириш харажатлари учун қўшимча 5,8 трлн сўм маблағ ажратиш назарда тутилмоқда. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ажратилган маблағларнинг чекланган (59,2 трлн сўм) миқдори 737 млрд сўмга оширилган ҳолда 59 трлн 901 млрд сўм, Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ажратилган маблағларнинг чекланган (1,8 трлн сўм) миқдори 222,6 млрд сўмга оширилиб, 2 трлн 21 млрд сўм миқдорида белгиланмоқда ёки 12,4 фоизга кўпаймоқда.

Шундан, мактабгача таълим ва умумтаълим мактабларини қуриш ва жиҳозлаш учун қўшимча 191,7 млрд сўм ажратилмоқда.

Давлат мақсадли жамғармаларига давлат бюджетидан ажратилаётган трансфертларни 4,1 трлн сўмга ва уларнинг харажатларини 7,7 трлн сўмга ошириш кўзда тутилмоқда.

Сенатда таъкидланишича, харажатлар ошишига қарамай, консолидациялашган бюджет тақчиллигининг чекланган миқдори ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз доирасида таъминланиши ҳисоб-китоб қилинган.

«Соядаги харажатлар»


Қўшимча харажатларнинг қарийб 26 трлн сўмга тенг йўналишлари айтилди, бироқ уларнинг бир қисми умумлаштирилган шаклда тақдим этилди.

Сенатор чиқишида қолган тахминан 15 трлн сўм (қарийб 1,24 млрд доллар) қандай тақсимланиши аниқлаштирилмади.

Сенаторлар саволларида харажатларнинг яна бир неча йўналишлари тилга олинди. Жумладан, жисмоний ва юридик шахсларга (давлат томонидан) етказилган мулкий зарарни қоплаш бўйича Республика мақсадли жамғармасига қўшимча 150 млрд сўм ажратилади — натижада жамғарма молиялаштирилиши 700 млрд сўмга етказилади.

Ахборот очиқлиги муаммоси


Ўзбекистонда парламентда қонун лойиҳаларини кўриб чиқишнинг барча босқичларида ҳужжатларнинг тўлиқ тўпламини эълон қилиш амалиёти ҳануз мавжуд эмас. Ташаббус киритилганидан сўнг, шунингдек, биринчи, иккинчи ва учинчи ўқишлар якунлари бўйича қонун лойиҳалари матнлари, қиёсий жадваллар, асословчи маълумотномалар, қўмита хулосалари ва бошқа қўшимча материаллар эълон қилинмайди.

Депутатлар айрим қонун лойиҳалари бўйича қўмита ва фракциялар йиғилишларида (ҳужжатлар ялпи мажлисга чиқарилишидан олдин шу ерда кўриб чиқилади) «қизғин муҳокамалар» бўлиб ўтаётганини маълум қилган, бироқ бу учрашувлар ёпиқ қолмоқда. Айрим ҳолларда алоҳида ҳужжатларни тегишли идораларга сўров юбориш орқали олиш мумкин, аммо парламентнинг расмий сайти орқали уларга кириш имконияти мавжуд эмас.

Таққослаш учун, Қозоғистон ва Қирғизистон парламентлари қонун лойиҳалари ва уларга илова ҳужжатларни кўриб чиқишнинг барча босқичларида эълон қилади. Уларнинг расмий сайтларида ташаббуслар матнлари, ўқиш учун материаллар, мажлислар стенограммалари, қўмиталардаги муҳокамаларнинг видеотрансляциялари, тақдимотлар, маърузалар, ҳукумат аъзоларининг депутат сўровларига жавоблари, шунингдек, қонун лойиҳалари ташаббускорлари ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилган.

ХВЖ харажатларни чеклашга чақирганди


Gazeta жаҳонда олтин нархининг ошиши Ўзбекистон бюджетига қўшимча даромад келтиргани, шу сабабли ҳукумат харажатларни прогноздан тезроқ оширгани ҳақида ёзганди. Тўққиз ой давомида давлат бутун йилга мўлжалланган харажатлар режасини 90,4 фоизга бажарган.

ХВЖ миссияси Ўзбекистонни олтиндан даромадлар ҳисобига давлат харажатлари ўсишини чеклашга чақирган эди, акс ҳолда, бу «шусиз ҳам юқори талабга эга» иқтисодиётнинг «қизиб кетишига» олиб келади. Жорий динамика ислоҳотлар ўтказиш, шунингдек, «хавфсизлик ёстиқчаси»ни шакллантириш учун қулай имконият яратади.

Январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон олтин экспортидаги тарихий максимумни янгилаб, 9,9 млрд долларлик олтин сотди. Сентябрь ойининг ўзида 1,5 млрд долларлик олтин экспорт қилинди. Экспорт таркибида олтиннинг улуши 37,1 фоизга етди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.