Рапид бўйича ЖЧ. Жавоҳир Синдаров 7-ўринни эгаллади ва 16 минг еврони қўлга киритди

Рапид бўйича ЖЧ. Жавоҳир Синдаров 7-ўринни эгаллади ва 16 минг еврони қўлга киритди

Қатарнинг Доҳа шаҳрида шахматнинг рапид йўналишидаги жаҳон чемпионати якунига етди.

Бугун учинчи кун доирасида сўнгги 4 та тур ўйинлари ўтказилди. Иккинчи кундан сўнг 6-ўринни эгаллаб турган Нодирбек Абдусатторов бугун 4 та ўйиннинг 3 тасида дуранг ўйнаб, биттасида ютқазиб қўйди. Натижада ватандошимиз 8,5 очко билан 23-ўринни банд этди. Бунинг учун у 3000 евро мукофот пулига эга бўлди.

Ўзбекистонликлар орасида энг яхши натижани Жавоҳир Синдаров қайд этди. У бугун 2,5 очко тўплади. Унинг жами очколари 9 тани ташкил этди ва у 7-поғонани эгаллаб, 16 минг евро мукофот пулини қўлга киритди.

Муҳиддин Мадаминов ва Нодирбек Ёқуббоев 7,5 очко билан мос авишда 65 ва 72-ўринларни эгаллашди. Жаҳонгир Воҳидов, Шамсиддин Воҳидов ва Ҳумоюн Бегмуротов мусобақада 7,0 очко тўплаб, топ юзликка киришди.

Эркаклар мусобақасида Магнус Карлсен 10,5 очко билан чемпионликни ҳамда 70 минг еврони қўлга киритди. Иккинчи ўрин Владислав Артемиев (Россия)га насиб этган бўлса, ҳиндистонлик Аржун Эригаиси бронза медалига сазовор бўлди. Улар 50 минг ва 36 минг евро мукофот пулини эга бўлишди.

Қизлар ўртасидаги мусобақада Александра Горячкина (Россия) ва Жу Жинер (Хитой) 8,5 очко тўплагани боис, улар ўртасида ғолибни аниқлаш мақсадида тай-брек баҳси ўйналди. Унда россиялик спортчи бир ғалаба ва бир дуранг қайд этиб, чемпионликни қўлга киритди. Учинчи ўрин эса ҳиндистонлик Хумпи Каонеруга насиб этди.

Ўзбек қизлари орасида энг яхши натижа Афруза Ҳамдамовага тегишли бўлди. У 7 очко билан 22-поғонани эгаллади. Гулруҳбегим Тоҳиржонова 6,5 очко билан 31-ўринни, Умида Омонова эса 6,0 очко билан 60-поғонани банд этди.

Эртага шахматнинг блиц йўналишида ЖЧ баҳслари бошланади.

Манба: stadion.uz

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.