Ўзбекистон давлат харидларида шаффофликни кучайтирмоқда, рақобатни кенгайтирмоқда ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватламоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги №259-сон фармони билан давлат харидлари тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар бошланмоқда. Ушбу ислоҳотлар бюджет маблағларидан фойдаланишда очиқликни кескин ошириш, адолатли рақобатни таъминлаш ва самарадорликни кучайтиришга йўналтирилган.
Қабул қилинган қарорлар
«Ўзбекистон – 2030» стратегияси мақсадлари билан узвий боғлиқ бўлиб, давлат харажатларини бошқаришда интизомли, иқтисодий жиҳатдан масъулиятли ва натижага йўналтирилган янги ёндашувга ўтишни акс эттиради.
Давлат харидлари ҳажми ва мавжуд муаммолар
2024 йилда Ўзбекистонда давлат харидларининг умумий ҳажми 248,6 трлн сўмни ташкил этган. Шундан:
- 133,4 трлн сўм — рақобатли харидлар,
- 115,2 трлн сўм — тўғридан-тўғри харидлар,
- шу жумладан 35 трлн сўм — монопол харидлар ҳиссасига тўғри келган.
Нархларни сунъий ошириш ҳолатлари 2023 йилда
369,9 млрд сўм, 2024 йилда эса
370,6 млрд сўмни ташкил этган. Айнан шу ҳолатлар давлат харидлари тизимида институционал ва технологик ислоҳотларни чуқурлаштириш заруратини кўрсатган
2030 йилгача белгиланган мақсадли кўрсаткичлар
Фармонга мувофиқ, 2030 йилга қадар қуйидаги натижаларга эришиш режалаштирилган:
- рақобатли харидлар улуши 2025 йилдаги 58%дан 80%га етказилади;
- бюджет маблағлари иқтисоди 14 трлн сўмдан 25 трлн сўмга оширилади;
- тадбиркорларнинг давлат харидларидаги иштироки 35%дан 70%га етказилади;
- маҳаллий маҳсулотлар улуши 68%дан 85%га кўтарилади;
- харидлар учун масъул ходимлар қамрови ва очиқлик даражаси 60%дан 98%га етказилади
Нархлар назорати ва рақамли механизмлар
2026 йил 1 мартдан бошлаб давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида ўртача бозор нархини сунъий интеллект асосида ҳисоблаб берувчи электрон модуль жорий этилади. Агар харид нархи ўртача бозор нархидан:
- 10%дан ортиқ юқори, ёки
- 20%дан ортиқ паст бўлса, бундай харидлар юқори хавфли тоифага киритилиб, давлат назорати органлари томонидан биринчи даражада текширилади.
Тўғридан-тўғри харидларни қисқартириш
2026 йил 1 январдан бошлаб:
- тўғридан-тўғри шартномалар орқали харид қилинадиган 52 турдаги товар, иш ва хизматлар рўйхати бекор қилинади;
- шундан 20 таси қонунчиликка мувофиқ тартибга солинади,
- 9 та позиция бутунлай чиқариб ташланади,
- 23 та позиция “таклиф сўрови” орқали харид қилинадиган турга ўтказилади
Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш
Ислоҳотлар доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда:
- маҳаллий электрон аукционлар жорий этилади;
- кооперация порталлари кенгайтирилади;
- маҳаллийлаштириш даражаси камида 30% этиб белгиланади;
- айрим ҳолларда 15–30 кун ичида олдиндан тўлов, аванс эса 30%гача рухсат этилади.
Назорат, аудит ва жавобгарлик
Давлат харидларида:
- омборларда товарларни сақлаш муддати 3 ойдан ошмаслиги шарт;
- ҳар 2 йилда камида бир марта форензик аудит ўтказилади;
- аудит натижалари 3 кун ичида “Давлат аудит” ахборот тизимига киритилади;
Шунингдек, давлат харидларида
ягона хавфлар таснифи, KPI асосида баҳолаш тизими ва ҳар йили
10 февралгача ҳисобот бериш тартиби жорий этилади.
Хулоса
Қабул қилинган чора-тадбирлар давлат харидлари соҳасида очиқ, рақобатли ва самарали тизимни шакллантиришга хизмат қилади. Бу эса ҳар бир бюджет сўмининг иқтисодий ўсишга, давлат хизматлари сифатига ва аҳоли фаровонлигини оширишга йўналтирилишини таъминлайди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими