Айни пайтда Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Нью-Йоркнинг Бруклин туманида жойлашган Metropolitan Detention Center қамоқхонасида сақланмоқда. Уларга нисбатан федерал даражада гиёҳванд моддалар савдоси ҳамда АҚШ томонидан террорчи ташкилот сифатида белгиланган жиноий гуруҳлар билан ҳамкорлик қилганлик айбловлари қўйилмоқда. Мадуро ушбу айбловларни инкор этмоқда.
АҚШ президенти Доналд Трамп матбуот анжуманида Венесуэладаги ўтиш даврида мамлакат бошқаруви вақтинча АҚШ назорати остида бўлишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, асосий мақсадлардан бири нефть экспортини тиклаш ва иқтисодий барқарорликни таъминлашдан иборат.
Венесуэла Олий суди эса мамлакат вице-президенти Делси Родригесга вақтинчалик президент ваколатларини бажариш вазифасини юклатиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Николас Мадурони қўлга олиш операциясини АҚШ Қуруқлик қўшинларининг элита бўлинмаси ҳисобланган Delta Force амалга оширган. Мазкур операция бир неча ой давом этган ҳарбий тайёргарликлардан сўнг ўтказилган.
Сиёсий кузатувчилар Венесуэладаги ушбу кескин воқеалар мамлакатдаги ички сиёсий вазият ва минтақавий хавфсизликка жиддий таъсир кўрсатишини қайд этмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.